Радиопрепарат — миллий ядро тиббиётининг таянчи

    2025 йил 17 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ядро тиббиёти соҳасидаги илмий ва амалий ютуқларни намоён этувчи амалий пресс-тур ташкил этилди.

    Тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти таркибида фаолият юритувчи “Радиопрепарат” давлат муассасасида бўлиб ўтди.

    Пресс-турдан кўзланган асосий мақсад ядро тиббиёти ва радиофармацевтика соҳасида жорий этилаётган замонавий технологиялар, радиоизотоп ва радиофармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг тўлиқ илмий-ишлаб чиқариш цикли ҳамда илм-фан ва амалиёт ўртасидаги узвий ҳамкорлик натижаларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат бўлди.

    Тадбир иштирокчилари муассасада радиоактив изотоплар, радиофармацевтик препаратлар, диагностика учун мўлжалланган фаол ва фаол бўлмаган тўпламлар ҳамда иммунофермент тест-тизимларни ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Барча ишлаб чиқариш жараёнлари GMP, ISO ва IAEA халқаро стандартлари асосида йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.

    Пресс-тур давомида “Радиопрепарат” давлат муассасасининг миллий ядро тиббиёти инфратузилмасида тутган ўрни, соғлиқни сақлаш тизимини маҳаллий, юқори технологияли радиофармацевтик маҳсулотлар билан таъминлашдаги стратегик аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

    Муассаса томонидан ишлаб чиқарилаётган радиопрепаратлар онкологик, эндокрин, юрак-қон томир ҳамда бошқа оғир касалликларни ташхислаш ва даволашда қўлланилади. Айниқса, рак касалликларида радионуклид терапияси кенг самара бераётгани таъкидланди.

    Мутахассислар таъкидлашича, радиопрепаратлар кўп ҳолларда анъанавий дори воситалари самара бермаган беморларда қўлланилиб, оғриқни 6 ойдан 1 йилгача муддатга камайтириш ёки тўлиқ бартараф этиш имконини беради. Бу эса беморларнинг ҳаёт сифати сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилади.

    Бугунги кунда “Радиопрепарат” давлат муассасаси маҳсулотларининг 90 фоизи хорижий бозорларга экспорт қилинмоқда. Россия, Хитой, Туркия, Япония, Германия, Венгрия ҳамда Европа ва Осиёнинг қатор мамлакатлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

    Фақат 2025 йилнинг ўзида 30 дан ортиқ экспорт шартномалари амалга оширилди. Бу кўрсаткич муассаса маҳсулотларига бўлган халқаро ишонч, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган радиофармацевтик технологияларнинг рақобатбардошлигини яққол тасдиқлайди.

    Радионуклид субстанциялари ва тайёр радиофармацевтик препаратлар етакчи илмий марказлар, тиббиёт муассасалари ва фармацевтика компанияларига тўғридан-тўғри етказиб берилмоқда.

    Пресс-тур давомида журналистлар қуйидаги ишлаб чиқариш ҳудудлари фаолияти билан танишдилар:

    • Радиоактив изотоплар ва радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш бинолари,
    • Фаол бўлмаган (ноактив) диагностик тўпламлар ишлаб чиқариш ҳудуди,
    • Иммунофермент анализ (ИФА) учун тест-наборлар тайёрлаш цехи.

    Бу ерда ОИВ инфекцияси, В ва С вирусли гепатитлар, захм ва бошқа касалликларни аниқлаш учун мўлжалланган замонавий тест-тизимлар ишлаб чиқарилади.

    — Бугунги кунда “Радиопрепарат” давлат муассасасида ишлаб чиқарилаётган барча радиофармацевтик маҳсулотлар халқаро GMP, ISO ва IAEA стандартлари талабларига тўлиқ мувофиқ равишда назоратдан ўтказилмоқда. Сифат назорати жараёнлари ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичида амалга оширилиб, маҳсулотларнинг хавфсизлиги, самарадорлиги ва барқарорлиги кафолатланади. Маҳаллий ишлаб чиқарилган радиопрепаратлар нафақат миллий соғлиқни сақлаш тизимини юқори технологияли дори воситалари билан таъминлашга, балки халқаро бозорда Ўзбекистоннинг рақобатбардош илмий салоҳиятини намоён этишга хизмат қилмоқда деди – Сифат назорати бўлими бошлиғи Зафар Усаров.

    Тадбир доирасида мутахассислар ва журналистлар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилиб, ядро тиббиёти соҳасида илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

    Мазкур амалий пресс-тур Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, юқори технологияли тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш йўлида муҳим қадам бўлди.

    “Радиопрепарат” давлат муассасаси бугун нафақат миллий соғлиқни сақлаш тизимининг ишончли таянчи, балки Ўзбекистоннинг ядро тиббиёти соҳасидаги халқаро имижини шакллантираётган етакчи илмий-ишлаб чиқариш маркази сифатида фаолият юритмоқда.

    Зулхумор АКБАРОВА

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates