Қуёш тафтига тўйиниб пишган мева ва сабзавотларимизга жаҳон бозорида талаб юқори. Сўнгги йилларда соҳани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам жаҳон бозорига чиқиш имконини яратади. Бироқ ҳали ҳал этиш лозим бўлган масалалар ҳам йўқ эмас.
Шу ўринда айтиш керакки, мева-сабзавотчилик тармоғини барқарор ривожлантириш учун тўғридан-тўғри хорижий капитал иштирокидаги қўшма корхоналарни кўпайтириш зарур. Бунинг натижасида янги муқим ишчи ўринлари яратилади. Жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқиш, қайта ишлаш қувватлари янада кенгаяди.
Шу билан бирга маҳаллий экспортчилардан мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорга олиб чиқишга юқори кафолат берадиган хорижий компаниялар билан мақбул шериклик моделини танлаш зарур.
Экспортни ривожлантиришга билвосита ёки бевосита тўсиқ бўлиб турган бир қатор муаммоларни ҳал этиш лозим, яъни: (http://21asr.uz/post/meva-sabzavot-eksportida-qanday-tosiqlar-bor).
Мева-сабзавот экспортини рағбатлантириш. Бунинг учун, аввало, мавжуд муаммоларни (сақлаш, қайта ишлаш, логистика ва бошқалар) бартараф этиш керак. Ҳозирги вақтда деҳқон, фермерларнинг қўлида кўп миқдордаги маҳсулот қолиб кетмоқда. Маҳсулотни хорижий истеъмолчига етказиб бериш (сотиш) тизими тўлиқ шаклланмаган. Чет давлатлар билан ўзаро товар айирбошлашга оид келишувларга эришиш, уларнинг талабига жавоб берадиган мева-сабзавот экспортини рағбатлантириш, “яшил йўлак”ларни янада кенгайтириш, имтиёзли кредит ва преференциялар берилиши лозим.
Пишиқчиликда нархи жуда арзон бўлиб кетадиган ва сақлаш имконияти катта сарф-харажат талаб қиладиган маҳсулотлар учун қайта ишлаш корхоналарини кўпайтириш, замонавий қайта жиҳозлаш, қайта ишланган маҳсулотни чет эллардаги савдо уйлари, консалтинг компаниялари орқали экспорт шартномалари тузилиши ва етказиб берилишига кўмаклашиш ҳам айни муддао. Бунинг учун мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан Хитой, Покистон, Россия, Қозоғистон, Туркия каби давлатларда давлат-хусусий шерикчилик асосида савдо уйларини очиш талаб этилади. Шунингдек, қайта ишлаш, сақлаш корхоналари ва фермерлар ўртасида шартномалар тузиш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозим.
Чет эллик харидорнинг талабига жавоб берадиган сабзавот уруғлари, дарахт кўчати етиштириш ва унинг сифатини кафолатловчи тизим яратиш. Экспортбоп мева-сабзавотларни экиш ва парваришлаш бўйича ҳудудларга мос ҳолда олимлар ва агрономлар томонидан технологик карталарнинг ишлаб чиқилиши, сифатли уруғ билан таъминланишни йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ.
Бу ўринда экспортбоп кўчат навлари ва уруғлар етказиб берувчи хўжаликларни ҳар бир туманда кўпайтириш ва уларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш (имтиёзли кредит, бино масаласи, инфратузилма шароити ва б.) даркор. Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар тўғрисидаги маълумот акс этувчи веб-сайт ва каналлар яратилиши ҳамда уни доимий фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадга мувофиқ.
Сертификатлаш тизимини такомиллаштириш. Тадбиркор, фермерларимиз хорижга маҳсулотларини сотишда, импортёр давлатлар томонидан маҳсулотга қўйилаётган сифат, сертификатлаш, фитосанитария, қадоқлашга оид ва бошқа сифат талабларини ўрганишлари ҳамда амалиётга жорий этишлари лозим. Бу масалада мутасадди идоралар элчихона, экспортни ривожлантириш ташкилотлари, божхона идоралари аниқ маълумот берилишини таъминлаши, тегишли ахборот кўмаги кўрсатиши лозим. Мева-сабзавот маҳсулотларини халқаро сифат стандартлари бўйича сертификатлаш лабораториялари тармоғини туманлар даражасида ташкил этиш соҳа ривожига туртки бўлади.
Мева-сабзавот маҳсулотини экспортга етказишда замонавий инфратузилмани ривожлантириш, йўл харажатини қисқартириш. Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга эмас, шунинг учун тез айнийдиган мева-сабзавотларини хорижий истеъмолчига етказиб бериш ҳамон долзарб масала бўлиб қолмоқда. Буни ҳал этиш транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш, хусусан, автомобиль, темир йўл, ҳаво-юк транспорти тармоғини ривожлантиришга бориб тақалади.
Бугун ушбу тизимлардан фойдаланиш экспортчиларимизга жуда қимматга тушмоқда. Мутасадди давлат идоралари экспорт юкларини қўшни давлатлардан темир йўл, автомобиль йўллари орқали имтиёзли нархларда ўтказиш бўйича музокараларга эҳтиёж сезади. “Uzbekistan Airways” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари товарларимизни экспорт қилиш бўйича замонавий логистика йўналишларини яратишлари зарур.
Айни пайтда автомобиль халқаро юк ташувлари тизимини жаҳон бозорида рақобатбардошлигига эришиш, мева-сабзавот ташувчи автоуловлар паркини кенгайтириш, “Евро 5” стандартига жавоб берадиган замонавий совутгичли, изотермик фуралар сони ва сифатини кескин кўпайтириш чора-тадбирларини кўриш лозим.
Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот порталини тўлиқ фаолият юритишини таъминлаш. Экспортга йўналтирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг турлари, ҳажмлари, суммаси ва етиштириш ҳудудлари кесими тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, экспорт жараёнининг барча босқичларини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи бундай порталнинг ишга туширилиши ҳам экспортчилар учун бирмунча қулайлик яратади. Ташқи бозорларни ўрганиш бўйича маркетинг тадқиқотларини олиб борувчи консалтинг хизматларини ривожлантириш ва уларнинг материалларини интернет-сайт ва каналларда эълон қилиш ҳам бу масалани ҳал этишга қисман бўлсада ижобий ҳисса қўшади.
Маҳсулот тайёрлаш ва экспортни молиялаш соҳасидаги масалаларни ҳал этиш.Хорижий ҳамкорлар одатда маҳсулотни йирик миқдорда улгуржи асосда сотиб олиш учун буюртма қилади. Ўрта ҳолдаги фермер ёки тадбиркор 200-300 тонналик маҳсулотни бир ўзи етиштириши қийин. Шу туфайли экспорт контракти бўйича буюртмани бажариш учун кўплаб деҳқонлар, томорқа ер эгалари ва деҳқон бозорларидан маҳсулотни йиғишга ҳаракат қилади. Бу эса товар кондиция – сифати, нави ва ҳоказоларнинг турли хиллигига олиб келади ва тегишли тарзда ҳар доим ҳам харидор хоҳлаган сифат, ўлчамдаги товар тайёрлашга имкон бермайди.
Ушбу масалани ижобий ҳал этиш учун биринчи навбатда хорижий ҳамкорлар талабига мувофиқ экспортбоп тарзда каллибровкага келтирилган кўп миқдорда мева-сабзавот йиғиш ва уни қайта ишлаш имкониятига эга махсус жиҳозланган мева-сабзавот терминаллари сонини кўпайтириш юзасидан чора-тадбирлар кўриш талаб этилади. Мева-сабзавот терминалларини жиҳозлаш учун четдан техника ва технологиялар олиб келаётган тадбиркорларга божхона имтиёзлари янада кенгроқ қўлланиши ва молиявий кўмак берилиши айни муддао.
Ушбу терминаллар экспорт юки ортиш учун мўлжалланган транспорт партиялари (контейнерлар, юк ташишга мўлжалланган (совутгичли) автомобил фуралари, вагонлар туркуми) га эга логистик марказлар билан бирга фаолият юритиши мақсадга мувофиқ. Масалан мош харид қилмоқчи бўлган хитойлик ҳамкорлар биринчи навбатда ўзбекистонлик сотувчидан мева-сабзавот, шу жумладан, мошни йиғиш ва қайта ишлаш (каллибровка қилиш, қопларга қадоқлаш) имкониятига эга терминал бор-йўқлиги билан қизиқиши табиий. Чунки у ҳам харидор сифатида буюртмаси ўз вақтида ва сифатли бажарилишидан манфаатдор.
Маҳсулот имижини яратиш. Юртимиздан чет элга сифатсиз маҳсулот жўнатган ва рекламация олган ташкилот, фермерлар рўйхати (реестри) яратилиши жоиз, токи бошқа чет эллик харидорлар алданиб қолиши ёки сифатсиз маҳсулот харид қилишига йўл қўйилмаслиги лозим.
Асосий савдо шерикларимиз бўлган давлатларнинг карантин, фитосанитария, сертификатлаштириш хизматлари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришиш. Бу ушбу давлатларга маҳсулот етказиб берилгач, божхона ва сертификатлаш идораларида вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, тегишли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш имконини беради.
Мева-сабзавот маҳсулотини импорт қилувчи давлатларнинг агроном олимлари, маркетологлари, фермерларини юртимизга ёки бизникиларни хорижга юбориб, ўқув машғулотлари, тренинглар ташкил қилиш. Бундай тажриба алмашиш чет элнинг илғор интенсив технологияларини юртимизда кенг жорий этиш ва уларнинг бозор талабларига мос келадиган маҳсулот ишлаб чиқаришга хизмат килади. Масалан Хитой йилига камида 20 миллион тоннадан ортиқ мош импорт қилади. Бу борада Ўзбекистоннинг улуши жуда кам.
Мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимини ривожлантириш. Бу борадаги қишлоқ хўжалик бирлашмаларини шакллантириш маҳсулотларнинг улгуржи бозорини яратишга хизмат қилиб, мева-сабзавотни етиштириш, қайта ишлаш ва экспортга чиқаришгача бўлган масалаларнинг ечилишига хизмат қилади”.
Таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, бугунги кунда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда асосий муаммо унинг тор йўналтирилганлиги (асосан Россия, Қозоғистон) ва диверсификацияланмаганлиги билан чекланган. Бу ҳолат, фикримизча, қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда, яъни:
Биринчидан, асосий импорт қилувчи мамлакатларда иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви ва мева-сабзавотларга бўлган талабнинг камайиши бутун саноат учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Иккинчидан, импорт қилувчи мамлакатларнинг монопсония кучи, харидор маҳсулотларга нарх белгилаб берадиган вазиятни келтириб чиқариши мумкин.
Учинчидан, ривожланган мамлакатлар бозорларига (Европа Иттифоқи, Япония, Корея, Хитой, Хиндистон) ўз стандартларига жавоб берадиган юқори сифатли маҳсулотлар етказиб берилса, айрим давлатларга қараганда катта харид қобилиятига эга бўлиб, экспорт ҳажми кескин ошади. Бундан ташқари, табиий органик мева ва сабзавотларга жаҳон миқёсида талаб ортиб бормоқда.
Мева-сабзавотчилик соҳасини ривожлантириш нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки унинг атрофида янги тармоқларни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, муқим иш ўринларини яратиш, валюта тушуми, аҳолининг турмуш даражасини янада оширишни таъминлайди.
Собир Ҳасанов,
“ТИҚХММИ” МТУ
мустақил изланувчиси









