Тиббиётда робот технологиялар ёрдамида мураккаб амалиётлар муваффақиятли бажарилмоқда

    Фикр 22 декабр 2025 175

    Илгари робот ёрдамида бажариладиган жарроҳлик амалиёти ҳақида эшитганимизда фантастик қурилма кўз олдимизга келарди.

    Энди эса бу янгилик бўлмай қолди. Робот технологиялар бугун юртимиз тиббиётига ҳам жадал кириб келмоқда. Робот тизимлар жарроҳларга тананинг энг нозик жойларида ҳам юқори аниқликда ҳаракат қилиш имконини беради. Шифокорнинг қўли титрамайди, робот ҳар бир ҳаракатнинг силлиқлиги ва аниқлигини таъминлайди. Анъанавий амалиётлардан фарқли ўлароқ, операция жараёнида катта кесмаларга ҳожат қолмайди. Танадаги кичик кесмалар орқали беморда амалиёт ўтказилади. Кам инвазив усулдан сўнг бемор операциядан кейин қаттиқ оғриқни ҳис қилмайди. Чандиқлар катта бўлмайди ва организм тезроқ тикланади.

    Робот жарроҳликдан фойдаланиш тўғри­сидаги қарор касаллик турига ва беморнинг умумий соғлиғига боғлиқ. Бу усул одатда мураккаброқ ва етиб бориш қийин бўлган жойларда операцияга эҳтиёж сезилганда қўлланилади. Мисол учун, юрак ва ўпка хас­таликлари, ошқозонни шунтлаш, урология, гинекология, онкология ва бошқа касаллик­ларда фойдаланиш мумкин.

    Республика ихтисослаштирилган уроло­гия илмий-амалий тиббиёт марказида ши­фокорларга яқин кўмакчи бўлган “REVO-I” русумли ноёб робот-хирург Жанубий Корея­нинг “Meere” компаниясида ишлаб чиқарил­ган бўлиб, унинг имкониятлари жуда кенг. Мазкур қурилма ёрдамида бажариладиган амалиётлар бемор ҳаёти учун муҳим бўлган бошқа аъзоларга таъсир қилмаслиги, мини­мал қон йўқотиш билан кечиши ва опера­циядан кейинги реабилитация жараёни қисқа экани билан аҳамиятли.

    — Ўтган йилнинг ўзида Туркиядаги кли­никаларга Ўзбекистондан кўплаб фуқаро мурожаат қилган, — дейди тиббиёт фанла­ри доктори Муҳамедзариф Баҳодирхонов. — АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Ҳиндистон­га йўл олаётган беморлар сони ҳам салмоқли. Натижада асорати кам жарроҳлик амалиётла­ри учун катта маблағ сарфланади. Ана шу кам инвазив, мураккаб жарроҳлик амалиётлари юртимизда ҳам роботлар ёрдамида муваф­фақиятли бажарилмоқда. Шу кунгача робот кўмагида 500 дан ортиқ операция қилингани ва натижалар ижобийлиги мамлакатимиз тиб­биёти жаҳон стандартларига яқинлашаётгани­дан далолатдир.

    Жарроҳлик амалиётида робот ассистент­нинг афзалликлари кўп. Масалан, опера­ция юқори аниқликда бажарилади. Жараён хавфсизлиги таъминланади. Шифокорда инсон танасининг мураккаб қисмлари ҳамда касалликнинг оғир даражаларида ҳам эркин ишлаш имкони пайдо бўлади. Албатта, юқо­ри малакали, тажрибали хирург назоратида, робот кўмагида бажарилган амалиётдан сўнг бемор тезда оёққа туради. Асорат сезилмай­ди. Шифокорнинг эса операция пайтида хато қилиш эҳтимоли кам бўлади. Чунки робот барча буйруқларни мукаммал бажаради.

    — Хорижда ўтказиладиган урологик опе­рацияларга 50 минг долларгача сарфланиши мумкин, — дейди Муҳамедзариф Баҳодир­хонов. — Мамлакатимизда робот кўмагида ўтказиладиган операцияга 15-20 карра кам маблағ сарфланади. Аминманки, юртимизда бу соҳа жадал ривожланади ва энг мураккаб касалликларни даволашда юқори натижага эришилади.

    Яқинда Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт мар­казида Ўзбекистонда биринчи марта робот- ассистент ёрдамида юқори технологияли операция қилинди. Марказий нерв тизими касалликларини даволашда янги имконият­ларни очиб берган ушбу амалиёт муваффа­қиятли якунланди.

    — Жорий йилнинг биринчи ярмида жами 1,2 мингга яқин операция ўтказдик, — дей­ди Республика ихтисослаштирилган нейро­хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ғайрат Кариев. — Шундан қа­рийб 770 таси юқори технологик жарроҳлик амалиётидир. Шундай ноёб амалиётлардан бири илк бор 6 ойлик чақалоқда бажарилди. Жажжи бемор икки ойлигидан бошлаб дои­мий тутқаноқ хуружидан азият чекиб келган. Бу ҳол такрорланавергач, сўнгги пайтларда ҳушини йўқотган. Тиббий амалиётда ўта му­раккаб ва хавфли операция муваффақиятли ўтказилди. Тутқаноқ хуружлари тўхтади. Ча­қалоқ соғлом ҳаётга қайтди.

    Таъкидланишича, робот-ассистент им­кониятлари юксак аниқлик талаб қиладиган амалиётларни, хусусан, паркинсон касалли­гида миянинг чуқур тузилмаларига махсус электродларни аниқ жойлаштириш каби му­раккаб операцияларни ҳам бажариш имко­нини беради. Робот-ассистентни амалиётга жорий этиш миллий нейрохирургия ривожи­да муҳим қадам бўлиб, аҳолига замонавий ва юқори технологияли тиббий хизматларни янада яқинлаштиради.

    — Албатта, робот ўзи мустақил операция қилмайди, у шифокорга ассистент, ёрдамчи ҳисобланади, — дейди нейрохирург шифо­кор Хуршидбек Шавкатбеков. — У опера­ция жараёнида навигация ёрдамида миянинг қайси қисмида эканимиз ёки қайси қисмига кирмоқчилигимизни кўрсата олади. Яна бир вазифаси керакли нуқтани юқори аниқликда топиб беришидир. Мисол учун, миянинг бир қисмида ўсмадан биопсия олиб гистология­га топширмоқчи бўлсак, робот ўша нуқтага қанча чуқурликка киришимиз кераклигини кўрсатиб беради ва йўналтиради. Бош юзаси­да уч миллиметрли кесмадан кириб, ўсмадан қисм олишимиз мумкин. Олдингидай катта кесма, суякни арралашга ҳожат қолмайди. Минимал инвазив йўли билан бемор мияси­га электродлар ўрнатиш мумкин. Паркинсон, эпилепсия касалликларида ДБС, эпилепсия касаллигида стерео-ЭЭГ (СЭЭГ) электродла­ри ўрнатилади. Бунинг учун робот ёрдамида харита тузиб оламиз. Бу операциянинг му­ваффақиятли ўтиши ва муолажа самарадор­лигини таъминлайди.

    Марказда робот ёрдамида бир ойда 15-20 беморга юқори технологик ёрдам кўрсати­лади. Онкологик беморларда робот стерео­биопсияда кенг қўлланилса, паркинсон ва дистония касаллигига ДБС электродларини ўрнатишда қўл келмоқда. Яқинда маҳаллий мутахассислар иштирокида бош мияда темир тўпланиши — PKAN (Pantothenate Kinase- Associated Neurodegeneration) пантотенат киназа билан боғлиқ нейродегенерация таш­хиси қўйилган беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

    — PKAN бош мияда темирнинг ортиқча тўпланиши натижасида нерв ҳужайралари шикастланиши билан кечадиган ирсий, кам учрайдиган нейродегенратив касалликдир, — дейди нейрохирургия бўлими мудири Шоҳруҳ Зиёваддинов. — Касаллик PANK2 генидаги ўзгариш туфайли ривожланади ва асаб ҳужай­раларида метаболик мувозанат бузилиши мия­да темир тўпланишига олиб келади. Мияда темир ортиқча тўпланганда асаб ҳужайралари фаолияти издан чиқади, натижада ҳаракатлар мувофиқлашуви бузилади, мушаклар торти­лиши (дистония), нутқ секинлашуви, юриш­да муаммолар, баъзан руҳий ўзгаришлар юз беради.

    Ҳозирча бу касалликни тўлиқ даволаб бўлмайди. Бироқ замонавий тиббий ёнда­шувлар, жумладан, робот ёрдамида чуқур мия стимуляцияси каби нейрохирургик усул­лар қўлланилиши туфайли беморларнинг ҳаёт сифати яхшиланмоқда.

    Юртимиз соғлиқни сақлаш соҳасини ри­вожлантириш, замонавий технологияларни амалиётга кенг жорий этиш, бу орқали аҳо­лига кўрсатилаётган тиббий хизматлар си­фатини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни бугун касалликларни эрта аниқлаш, диагностика ва даволаш иш­ларида янги имкониятлар ишга солинаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Жарроҳлик амалиётларида робот технологиялар кенг қўлланилаётгани айрим мураккаб касал­ликларни муваффақиятли даволаш орқали аҳолининг ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates