баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Мигрень, кластер цефалгия, зўриқиш...

    Бош оғриғининг неча тури мавжуд? Неврологиянинг долзарб масалалари, асаб касалликларининг олдини олиш борасидаги саволларга тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ғофуров жавоб берди.

    — Кўпчилик бош оғриғидан шикоят қилади. Аммо бунинг сабаблари турлича бўлиб чиқади. Умуман бош оғриғи қандай касалликларнинг аломати бўлиши мумкин?

    — Бош оғриғининг 13 гуруҳга мансуб тури мавжуд. Уларнинг ичида энг кўп учрайдигани мигрень, кластер цефалгия ва зўриқиш туфайли келиб чиқадиган бош оғриғидир. Агар бемор бош оғриғидан шикоят қилса, бу ҳолат биринчи мартами ёки илгари ҳам бўлганми, шуни аниқлаш керак.

    Мисол учун, бош оғриғи ҳар сафар бир хил аломатлар билан ўтса, ва қисқа вақт оралиғида беш мартадан кўп қайталанса, бу мигрендан далолат бўлиши мумкин. Лекин кучли бош оғриғи бемор ҳаётида биринчи маротаба рўй берган бўлса, зудлик билан невролог кўригини ташкил қилиш зарур.

    Умуман, бош оғриғининг тез-тез қайталаниши бирор касаллик белгиси эканлиги эҳтимолдан холи эмас.

    Бундай беморларни умумий амалиёт шифокори ёки невролог кўригига жалб этиш, хасталик сабабини ўз вақтида аниқлаш керак. Эътиборлиси, мамлакатимиз тиббиётида бундай касалликларни ташхислаш ва самарали даволаш бўйича ҳамма имконият мавжуд. Туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят ва республика миқёсидаги, қолаверса, хусусий тиббиёт муассасаларида асаб хасталикларини аниқлаш борасида жаҳон тиббиётининг энг илғор технологиялари — компьютер томография, магнит резонанс томография, УТТ, допплерография, ЭEГ каби асбоб-ускуналаридан самарали фойдаланилмоқда.

    — Неврология тиббиётнинг энг мураккаб ва қизиқарли соҳаларидан бири, замонавий тиббиётда унинг қандай йўналишлари бор?

    — Неврология тиббиётнинг бошқа йўналишларига қараганда ниҳоятда кенг тармоқли экани билан ажралиб туради. Яъни, бу соҳа инсоннинг асаб тизими ва унинг фаолияти билан боғлиқ кўплаб касалликларни аниқлаб, даволашга ихтисослашган бир неча бўлимларга бўлинади.

    Масалан, мия қон-томир хасталикларини ўрганадиган ангионеврология соҳаси, эпилептология, вегетатив асаб тизими касалликларини аниқлаш ва даволашга йўналтирилган вегетология, шунингдек, нейрогенетика каби муҳим тармоқларга бўлинган. Бундан ташқари, ички касалликлар туфайли келиб чиқадиган асаб хасталикларини ўрганиш ва уни даволаш ҳам неврологиянинг муҳим таркибий қисмидир.

    Шуниси қувонарлики, жаҳон миқёсида неврология йўналишлари бўйича қандай ютуқлар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мамлакатимиз тиббиётига ҳам жорий этилган.

    Инсультнинг олдини олиш мақсадида эндоваскуляр технологиялар ёрдамида мия қон-томирининг торайган жойига катетер орқали кириб стент қўйиш амалиёти, бир қатор неврологик касалликларни консерватив, яъни дори-дармон билан даволаш бўйича қўлланилаётган янгича услублар шулар жумласидандир.

    Тиббиётимиздаги бундай муваффақиятлар халқимиз соғлиғини мустаҳкамлаш, аҳолининг умр кўриш кўрсаткичини узайтиришга замин яратаётгани билан қадрлидир.

    Мутахассис билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати суҳбат олиб борди.

    No date selected
    April 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates