Микромолиявий ташкилотларнинг иқтисодиёт, жамият ва одамлар турмушидаги ўрни қандай?

    Айни пайтда республикамизда 193 та нобанк кредит ташкилоти мавжуд бўлса, уларнинг 100 таси микромолия ташкилоти, 92 таси ломбард ва биттаси ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотидир.

    Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг асосий шартларидан бири уларни молиявий ресурслар билан таъминлашдир.

    Шу боис, мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги тизимлари жорий қилинмоқда. Хусусан, ўтган йили Бизнесни ривожлантириш банки ва Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ташкил этилиб, 35 мингдан ортиқ тадбиркорга ўртача 100 миллион сўмдан — жами 3,5 триллион сўм микрокредит ажратилди. Бундан ташқари, “Бизнесга биринчи қадам” дастури бўйича тадбиркорликни энди бошлаётган 115 минг кишига 1 триллион сўм микроқарз тақдим этилди.

    Таҳлиллар тадбиркорликнинг, умуман, жамиятнинг асосий молиявий таъминотчиси тижорат банклари бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Бугунги кунда юртимизда 36 та тижорат банки фаолият юритмоқда. Янги банк ташкил этиш осон эмас. Чунки Марказий банк талаблари бўйича жорий йилдан эътиборан янги ташкил этиладиган банкларнинг минимал устав капитали 500 миллиард сўмдан кам бўлмаслиги керак. Бундай миқдордаги капитални шакл­лантириш мушкул. Шу боис, тадбиркорларни молиявий маблағ билан таъминлашда тижорат банкларининг имконияти етарли бўлмаяпти. Натижада микромолия бозорида нобанк ташкилотлар аҳамияти ошиб бормоқда.

    Айни пайтда республикамизда 193 та нобанк кредит ташкилоти мавжуд бўлса, уларнинг 100 таси микромолия ташкилоти, 92 таси ломбард ва биттаси ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотидир. Ўтган йил якунларига кўра, микромолия ташкилотлари томонидан берилган микромолиявий маблағлар, яъни кредит ва мик­ролизинглар миқдори 7 триллион 301,6 миллиард сўмга тенг бўлди. Ломбардлар орқали аҳолига берилган кредит миқдори 2024 йил 1 январда 279,5 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил бошига келиб, уларнинг кредитлари портфели 415 миллиард сўмни ташкил қилди.

    Тижорат банклари ва нобанк ташкилотлар бераётган молиявий маблағ миқдори ошса-да, тадбиркорлар ва аҳолининг ўсиб бораётган талабини тўлиқ қондира олмаяпти. Бундан ташқари, ушбу ташкилотлар орасидаги муносабатлар айро ҳолда, ўзаро боғлиқлик жуда кам. Шунинг учун тижорат банклари ва нобанк ташкилотлар ўртасидаги ­муносабатларни яқинлаштириш, алоқадорликни мустаҳкамлаш, микромолиялаштириш борасидаги амалий ишларни кенгайтириш давр талабига айланмоқда.

    Ўзбекистонда мазкур йўналишдаги ишлар бир неча ҳужжат асосида тартибга солинади. 2022 йилда қабул қилинган “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонун ҳамда Президентимизнинг 2023 йил 10 ноябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия ­хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шулар сирасига киради.

    Мазкур қонун ва қарор билан микромолия ташкилотлари ҳамда тижорат банклари ўртасида боғловчи бўғин яратиш, шунингдек, микромолия ташкилотлари учун қўшимча молиявий ресурслар, жумладан, депозит жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида банк хизматларини рухсат этилган шартлар асосида кўрсатиш ваколатига эга бўлган юридик шахс — мик­ромолия банки институти жорий қилинди. Микромолия ташкилотларини тижорат банкларига ёки тижорат банкларини микромолия ташкилотларига трансформация қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

    Хўш, микромолиялаштириш деганда нимани тушунамиз? Улар биз учун қанчалик зарур?

    Микромолиялаш умумий ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга микроқарзлар беришни англатади. Микромолиялашнинг банк кредитлашидан фарқи шуки, бериладиган маблағ миқдори кредитнинг минимал миқдоридан кам бўлади. Шунингдек, нобанк ташкилотлар кредит таваккалчилигининг катталиги ва шунга мос равишда фоиз ставкалари банк ставкаларидан сезиларли даражада юқорилиги билан ажралиб туради.

    Микромолиялаштириш ­иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим таркибий қисми сифатида ҳудудий жойлашуви, молиявий инфратузилманинг етарли даражада ривожланмагани ёки анъанавий банк хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланган аҳоли қатламлари ва корхоналарга молиявий хизматлар кўрсатишда қўл келади. Гарчи қайтариш фоизлари юқори бўлса-да, бу омиллар унинг оммалашувига сабаб бўлади.

    Таҳлилларга кўра, бутун дунёда 140 миллиондан ортиқ киши турли микромолиявий хизматлардан фойдаланади. Уларнинг умумий портфели эса 124 миллиард доллардан ошади.

    Умуман олганда, жаҳон тажрибаси шундан дарак берадики, микромолиялаш дастлаб ўзини ўзи иш билан таъминлашга боғлиқ бўлган камбағал одамларнинг ишлаб чиқариш имкониятларини очиш усули сифатида юзага чиққан. Бунда тўғридан тўғри давлат ёрдами молиявий мақсадлардан ­ташқари ижтимоий мақсадларга ҳам эга бўлган ташкилотлар орқали молиявий хизматлар ­кўрсатишнинг бозор механизмлари билан алмашади. Асосий ғоя жуда оддий: микромолиялаш мижозларнинг бошланғич бизнесини капитал билан таъминлаш орқали ўзгартиради. Бу қарз олувчиларнинг даромадини ошириб, камбағалликни бартараф этади.

    Микромолиялаш инновацияларни жорий этиш учун ҳам қўлланилиши мумкин. Бунда гуруҳли кредитлаш ва муддатли кредитлаш усулидан фойдаланилади.

    Ўзбекистонда жаҳон тажрибасига асосланган микромолиявий фаолият ­кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг муҳим воситасига айланиши мумкин. Чунки юртимиз банклари мик­ромолиялаштиришнинг ички манбаларига йўналтирилганлик талабларига мос келади. Бу эса ташқи иқтисодий таҳдидлар шароитида мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашувчи восита сифатида уларнинг ролини оширади. Шу билан бирга, кредит таваккалчилиги билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш, ҳудудий номутаносибликларни йўқотиб, кредит ташкилотларини барча маҳалла ва ҳудудларда шакллантириш имкони мавжуд.

    Бу борада халқаро миқёсда муваффақиятли йўлга қўйилган лойиҳалар бир қанча. Шулардан бири 1976 йилда Бангладешда профессор Муҳаммад Юнус ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Gramin” (Grameen Bank) лойиҳасидир. Аҳолининг кам таъминланган қатлами иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш усули сифатида бошланган микромолиялаш ғояси жуда оддий, яъни уларга тадбиркорлик орқали даромад қилиш имкониятини бериш эди. Бунинг учун одамларга тадбиркорлик мақсадлари учун атиги 25 доллар миқдорида микроқарз ва ўз бизнесини юритиш бўйича маслаҳатлар берилди. Яна бир жиҳати, биринчи кредитни ўз вақтида қайтарган мижозлар каттароқ миқдорда қарз олиш имкониятига эга бўларди.

    1983 йилга келиб, етарли тажриба тўп­ланди ва Grameen Bankни аҳолининг кам таъминланган қатламларига, асосан, аёлларга молиявий хизмат кўрсатишга ихтисослашган мустақил банкка айлантириш истиқболлари маълум бўлди. Банк мижозлари сони дастлаб 100 кишига ҳам етмаган бўлса, XXI аср бошига келиб, 45 мингдан ортиқ қарз олувчини ташкил этди. Ҳозир Grameen Bank 1267 та филиали орқали

    46 мингдан зиёд аҳоли пунктига хизмат кўрсатади. Қарз олувчилар сони 7 миллиондан ортиқ бўлиб, уларнинг 98 фоизи аёллардир. Берилган кредитларнинг ­умумий миқдори 5,1 миллиард доллардан ошади.

    Grameen Bankнинг кам таъминланганларни фаол ҳаётга жалб қилиш мақсадида молиявий қўллаб-қувватлаш ­лойиҳасининг муваффақияти бошқа мамлакатларда ­микромолиялаш хизматлари ривожланишига туртки берди.

    Бугунги кунда бу каби микромолиялаш дастурлари АҚШ, Франция, Германия, Буюк Британия, Канада, Швеция ва бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд. Айниқса, 2005 йилдан бошлаб Францияда кенг тарқалди. Мамлакатда унга аҳолининг мус­тақил тадбиркорлик фаолиятига молиявий ёрдам кўрсатилиб, ёлланма ишчиларни ўзини ўзи банд қилган аҳолига айлантиришнинг самарали усулларидан бири сифатида қаралмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ишсизлик даражаси пасайишига олиб келмоқда.

    Францияда микромолиялаш дастурлари Ижтимоий бирлик жамғармаси томонидан амалга оширилади. У ўз бизнесини қурмоқчи бўлган ишсиз фуқаролар учун кредит кафолатларини тақдим этади. Шунингдек, кам даромадли аҳолига 500-2000 евро миқдорида ижтимоий микроқарз беради.

    Иқтисодий ривожланган мамлакатларда микромолиялаш бозори, биринчи нав­батда, қуйидаги ижтимоий вазифаларни ҳал қилиш учун самарали восита сифатида қўлланилади:

    - ишсизлик даражасини пасайтириш;

    - ижодий ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш орқали фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ноқулай тоифаларини молиявий қўллаб-қувватлаш;

    - мигрантлар ва кўчиб келганларнинг жамиятга оғриқсиз интеграциясини таъминлаш.

    Демак, микромолиялаш аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлашдан тортиб, тадбиркорлик ташаббусини рағбатлантиришгача бўлган ижтимоий-иқтисодий вазифаларнинг бутун бир жамланмасини ҳал этишга ҳисса қўшади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, микромолиявий хизматлар бозори бугун ривожланаётган мамлакатларда ҳам, энг ривожланган мамлакатларда ҳам етарли даражада кенг тарқалган. Микромолиялаш дастурларидан фойдаланиш молия бозорида рақобатни оширади.

    Ҳар бир мамлакатда микромолия банклари ва микромолиялаштириш тизимининг ривожланиши мазкур давлатнинг иқтисодий ривожланиш даражаси ва миллий хусусиятлари билан белгиланади. Иқтисодиёти ривожланмаган давлатларда микромолиялашга одамларни иш билан таъминлашни қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликка қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида қаралса, ривож­ланган давлатларда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишнинг самарали иқтисодий воситаси дея билишади. Чунки у эндиликда кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, микромолиявий хизматлар бозори ўз функцияларини амалга оширган ҳолда ва иқтисодий жиҳатдан рентабелли фаолият тури сифатида ижтимоий йўналтирилган бизнесдир.

    Ўзбекистонда ривожланиши кутилаётган мазкур ташкилотлар самарали фао­лият юритиши учун барча бизнес ҳамжамияти вакиллари — банклар, кичик ва ўрта бизнес, маҳаллий ҳокимликлар, тегишли давлат органларидан фаоллик, ташаббускор бўлиш ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни янада кучайтириш талаб қилинади.

    Мақсуд РУСТАМОВ,

    иқтисодиёт фанлари доктори, профессор,

    Иброҳим ТОЙМУҲАМЕДОВ,

    иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates