Миллий фильмлар томошабинни қанчалик жалб эта оляпти?

    Ҳозир миллий ватанпарварлик руҳида яратилган фильмлар сон ва сифат жиҳатидан талаб даражасидами? Бу фильмлар халқимиз қалбидан қанчалик жой оляпти?

    Бугунги кун кино санъати ёшларни тинчликни сақлаш, эл корига камарбаста бўлиш, ватанни севишга ундай оляптими? Шу мавзуларда сара асарлар яратилишига нималар тўсқинлик қилмоқда? Биз ушбу саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилдик.

    Санъат миллат, элат ёки тил танламайди. У томошабинни ўзига мафтун эта олиш, ортидан эргаштириш хусусиятига эга куч. Халқни руҳлантириш, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, озодлик ва ҳурлик учун курашиш каби ғоялар сингдирилган фильмлар ҳамма даврлар учун бирдек аҳамиятли, қадрли.

    Ўзбек киноижодкорлари ҳам юрт тинчлиги, ватан озодлиги, турмуш фаровонлиги, осуда ҳаёт йўлида курашган ва курашаётган мард ўғил-қизларимизнинг жасорати ҳақида кинокартиналар яратмоқда. Аммо бу мавзуларда ҳар қанча фильм суратга олсак, аслида кам. Ҳозир миллий ватанпарварлик руҳида яратилган фильмлар сон ва сифат жиҳатидан талаб даражасидами? Бу фильмлар халқимиз қалбидан қанчалик жой оляпти? Бугунги кун кино санъати ёшларни тинчликни сақлаш, эл корига камарбаста бўлиш, ватанни севишга ундай оляптими? Шу мавзуларда сара асарлар яратилишига нималар тўсқинлик қилмоқда? Биз ушбу саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилдик.

    Бахтиёр ЁҚУБОВ,

    санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент:

    — Ватанпарварлик жуда муқаддас, ўта нозик, инсон қалбининг туб-тубида сақланадиган ғоят яширин туйғудир. Бу ҳис инсонда қачондан пайдо бўлишини ҳеч ким билмайди ва айтиб бера олмайди. Балки у қондан ўтар, балки тарбия маҳсулидир. Қандай шаклланмасин, ҳар бир инсондаги ватанпарварлик унинг ўзи яшаб турган жамият қадриятлари асосида вужудга келади. Инсондаги ватанпарварликни шакллантирадиган омиллардан бири эса, шубҳасиз, санъатдир. Санъат турлари ичида энг таъсирчан ва оммавийси бўлган кинонинг бу борадаги ўрни беқиёс. Албатта, кино одамни тўғридан-тўғри тарбияламайди. Балки ҳаётий воқеалар, таъсирчан воситалар орқали уни ўйлашга, таъсирланишга, қалбининг ўзгариши, тозаланиб боришига йўл очади. Айнан мана шу ҳолатда ҳақиқий санъатнинг кучи кўринади.

    Бадиий фильмларда ватанпарварликка тўғридан-тўғри, очиқ ва қуруқ тарғибот бўлиши мумкин эмас. Муайян мавзу ва образли ечимларнинг тагмаъноси, хулосаси ватанпарварликни сингдирмоғи лозим бўлади. Биз буни ўзбек киноси дурдоналари бўлмиш “Сен етим эмассан” (режиссёри Ш.Аббосов) фильмида меҳр орқали, “41-йил олмалари” (режиссёри Р.Ботиров) фильмида отахонлар жасорати мисолида, “Суюнчи” (режиссёри М.Абзалов) фильмида миллатнинг қадриятларини асрашга уринган буви тимсолида кўришимиз, англашимиз мумкин. Ҳар бир давр ва жамият ўз санъатини яратади. Бу ўша даврнинг ижтимоий муаммолари, ахлоқий қарашлари, инсонларнинг ҳаётий маслак ва қадриятлари, халқнинг орзу-истаклари ва жамиятнинг мақсад-интилишларидан келиб чиқади. Шу сабабли ўзбек киноси тарихида турли даврларда турлича мавзулар устуворлик қилди. Ватанпарварлик ғояси кўтарилган фильмлар одатда юртни бир мақсад йўлида бирлаштириш зарур бўлганда-гина керак бўлди. Хусусан, бу борадаги катта кўтарилиш Иккинчи жаҳон уруши йилларида ва шу мавзуга бағишланган фильмларда яққол акс этди.

    Ўтган асрнинг 90-йиллларидан яқин тўрт-беш йилгача ижтимоий муаммолар, кишилар тафаккуридаги згаришлар, миллий ўзликни англаш, моддият инсонлар учун асосий қадриятга айланаётгани ҳақидаги фильмлар устуворлик қилди. Ватанпарварлик мавзулари фақатгина терроризмга қарши курашга қаратилган фильмларда акс этди. Аслида эса ватанпарварликни бирданига пайдо қилиб, бирор ҳодиса__билангина боғлаб шакллантириш тўғри бўлмайди. Ватанпарварлик йиллар, ойлар, кунлар ва ҳатто соатлар сайин шаклланиб борадиган жараёндир. Шу сабаб кинематографияда тизимли равишда, турли мавзуларда олинажак фильмлар замирида барчаси бевосита ватанпарварликка боғланиши, кинонинг ижтимоий вазифаси пировардида, кишиларимиз, халқимиз, жамиятимизда ватанпарварликни ўстиришга қаратилиши лозим. Албатта, кейинги йилларда бу борада бир қанча ишлар қилинди. Хусусан, Иккинчи жаҳон урушига бағишланган фильмлар кўпайди ва бу картиналарни томоша қилган халқимизда ўз миллатидан ғурурланиш, ватанни асраб-авайлашга рағбат уйғонганини ишонч билан айтиш мумкин.

    Шунингдек, ўзбек халқининг буюк фарзандлари ҳақидаги “Саид билан Саида”, “Муҳаббат баҳори”, “Абдулла Орипов” фильмлари ҳам ёш авлодни тарихни билишга, адабиётни ўрганишга, фикрлашга, улуғ миллатнинг вакили эканини англашига кучли турткилардан бўлди. “Меҳр” операцияси туфайли Суриядаги ўзбекистонлик аёллар ва болаларнинг олиб келиниши ифодаланган “Тутқунлик”, “Аёл қисмати” каби фильмлар ҳар бир инсон учун ватанидан яхшироқ жой бўлмаслигини, Ўзбекистон учун ҳар биримиз керак эканимизни кўрсатиб қўйди.

    Айтиш керакки, тарихий ва замонавий мавзуларда яна кўплаб фильмлар режалаштирилмоқда ва уларнинг ҳам мазмун-моҳиятида ватанпарварлик ғояси асосий ўринни эгаллайди.

    Бироқ бу ишларнинг етарлича таъсири бўлиши учун олинаётган фильмларимизда юксак бадиият, жанрлардаги ранг-баранглик, қаҳрамон ички оламини очиб беришга, кучли психологик моментлар, ўткир конфликт етмаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш ўринли. Бунга сабаб, албатта, ишнинг тизимли эмаслиги, чуқур ғоявий моҳиятдан кўра, юзаки сюжет қуриш билан чекланиш, хориж фильмларидан кўр-кўрона кўчириш, фильмнинг сценарий вариантидаёқ етук мутахассислар ўртасида муҳокама қилинмаслиги, муайян саналар ёки муддатларга улгуриб битказишга уриниш кабилар экани яққол кўзга ташланмоқда.

    Ўйлаймизки, юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, очиқлик сиёсати, кўплаб мавзуларни ёритишга йўл очилгани, Ўзбекистонни дунёга тараннум этишга бўлган интилиш натижасида яқин йилларда ватанпарварлик ғояларини тарғиб қиладиган бадиий мукаммал, ғоявий юксак, таъсирчан ва унутилмас кинокартиналар вужудга келади. Албатта, аввал таъкидлаганимиздек, бу бир-икки кунда мева берадиган ҳодиса бўлмай, узлуксиз меҳнат ва интилишларни талаб қиладиган жараёндир...

    Иқбол МИРЗО ,

    Ўзбекистон халқ шоири:

    — Бизда муайян давр барча соҳада депсиниш даври бўлди. Шунинг касрига ҳамма соҳалар ривожланмасдан, бир жойда қотиб қолди. Жумладан, кино санъати ҳам.

    Шунингдек, бугун дунё мультипликацион санъати жуда ривожланиб кетди. Анимацион фильмлар ҳатто бадиий фильмлардан кўра, аниқроқ, тиниқроқ чиқяпти.

    Бизда “бозор” деган тушунчанинг ортида олди-қочди кўрсатувлар, фақат томошабин йиғса бўлди, деган иддао кино санъати соҳасида ҳам авжига чиқди. Ҳарбий ватанпарварлик мавзусида суратга олинаётган фильмларнинг томошабин қалбидан ўрин ололмаслиги, ҳаётий эмаслиги — буларнинг ҳаммаси “буюртмани, топшириқни бажардингми — бажардинг” тарзида қилинаётгани кўриниб турибди. Ҳолбуки, фильм сценарийсини савияли қилиб ёзадиган ижодкорлар кўп орамизда. Зўр ёзувчи ва сценарийнавислар бор. Афсуски, бугунги кунда кинони режиссёрнинг ўзи ҳал қиляпти. Сценарийни ҳам ўзининг қаричи билан ўлчайди. Шу тариқа сохта, савияси паст, томошабинни бездирадиган кинолар юзага келяпти.

    Ёш режиссёрлар етишиб чиқяпти. Режиссёрларимиз бирданига шон-шуҳрат, пулнинг орқасидан кетмай, халқимизнинг ичига кириб, халқимизга ёқадиган фильмлар яратишига ишонгим келади.

    Бир пайтлар ўзбек фильмлари рус тилида яратилиб, кейин ўзбек тилига дубляж қилинган. Ўшанда ҳам миллий ватанпарварлик руҳи уфуриб турган. Масалан, “Маҳаллада дув-дув гап” фильмини олайлик. Фильмдаги халқимизга хос самимият, ўзбеконалик сценарий муаллифи Абдулла Қаҳҳор билан боғлиқ. “Пешонангда шафтолининг данагини чақади”, деган иборани қаранг. Қочирим ёки аскияларнинг ҳаммаси Абдулла Қаҳҳор таҳриридан ўтган. Шунинг учун у кино яшаб турибди. Яна бир фильм — “Шум бола”. Масалан, мен “Шум бола”ни қачон кўрсам ҳам маза қиламан. Тўғри, китобнинг мазмунини сиёсий жиҳатларга буришган. Лекин асосида катта бир ёзувчининг, шоирнинг “Шум бола” қиссаси тургани сабаб ҳам мазкур кинокартина зўр чиққан.

    Миллий ватанпарварлик деганда, албатта, ҳарбийлар кўз олдимизга келиши керак эмас. Барча инсоний фазилатлар, халқнинг тутумлари ҳам миллий ватанпарварликни ифодалаши мумкин. Хоҳлаган мавзуда ватанпарварлик киносини яратса бўлади. Умуман олганда, ўзини ҳурмат қилган давлатларнинг ҳар қандай киноси, кўрсатуви, қўшиғи миллий манфаатга хизмат қилади. Бизда бу борада оқсашлар борлигини инкор эта олмаймиз. Бунинг ечими қаерда, деган ҳақли савол туғилади. Ҳақиқий сценарийнавислар, профессионал ёзувчиларни кинога жалб қилиш керак. Улар билан ҳисоблашадиган режиссёрларни бириктириш керак. Миллий ватанпарварлик руҳида кино яратмоқчи эканмиз, миллатнинг феъл-атвори, тилини яхши биладиган ёзувчи ва режиссёрни рағбатлантириш зарур. Айни мана шу киноларнинг тарғиботи ҳам кенг кўламда юритилиши лозим.

    Биз мактабда болани 11 йил ватанпарварлик руҳида ўқитсак-да, бир марта кўрган кўрсатув ёки бемаъни фильм бутун қилинган меҳнатни йўқ қилиши мумкин. Шунингдек, пуч, нопрофессионал кинолар маънавиятимизга нисбатан қўпорувчилик, деб ҳисоблайман. Чунки ўша савияси паст кинони кўрган ёшларда ватанпарварлик мавзусига киноя пайдо бўлади, энсаси қотади, жиддий мавзу эмас экан, деб қарай бошлайди. Бу эса биз учун катта маънавий зарардир.

    Омина АЗИЗОВА,

    санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори:

    — Бугун ҳам ўзбек киноижодкорлари томонидан ватанга садоқат, тинчлик нинг қадри ҳақида қатор фильмлар суратга олинмоқда. Буни инкор этиш керак эмас. Ўтган беш йил кесимида экранга чиққан айрим бадиий фильмларни эслаб ўтсак: Акбар Бектурдиевнинг “Тинчлик ортида”, “Ўзбек қизи”, Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати”, Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Илҳақ”, Акром Шоҳназаровнинг “101-рейс”, Рашид Маликовнинг “Тутқунлик”, Рустам Саъдиевнинг “Барон-2: Соғинч”, Ҳасан Алижоновнинг “Ҳаёт афсунлари”, Абдувоҳид Ғаниевнинг “Элпарвар”, Ҳилол Насимовнинг “Ватан остонаси”, Зулфиқор Мусоқовнинг “Берлин — Оққўрғон”, “Ҳайрат” каби бадиий фильмлари, Али Ҳамроевнинг “Халқ жасорати”, Комил Шарафиевнинг “Матонат” каби ҳужжатли фильмлари ватанпарварлик, тинчлик, фаровон ҳаёт тараннумига бағишланган.

    Ватанпарварлик мавзусига бағишланган “Ўзбек қизи”, “Илҳақ”, “Аёл қисмати” каби фильмларимиз хориж киноижодкорлари томонидан ҳам эътироф этилиб, халқаро кинофестивалларда гран-прини қўлга киритди.

    Акбар Бектурдиевнинг “Ўзбек қизи” фильмида тараннум этилган озодлик, ватанпарварлик ғоялари совуқ уруш фонида маҳорат билан тасвирланган. Зебо Ғаниева ҳақидаги фильм яратилиши ва уни 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида премьера қилиниши эътирофли ҳодиса. Сабаби, Зебо Ғаниевани — Иккинчи жаҳон уруши йилларида моҳир разведкачи ва афсонавий мерган сифатида ном қозонган ўзбек қизини бугунги ёшларнинг аксари билмайди. Нозик жуссали, хушрўй Зебо Ғаниева фильмда умумлашма образ бўлиб, бу қаҳрамон мисолида урушга жалб этилган ўзбек қизларининг тимсоли гавдаланган.

    Хусусан, Зебо Ғаниева, Муқаддам Ашрафова, Раҳима Алимова каби кўплаб ўзбек қизлари ўз яқинларини ҳимоя қилиш ниятида урушга борган ва жасорат кўрсатган.

    “Ўзбек қизи” фильми мана шундай кучли ва иродали ўзбек қизлари ҳақида.

    Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Илҳақ” бадиий фильми эса Иккинчи жаҳон рушида беш фарзандини урушга юбориб, уларнинг бирортасини қайта кўрмаган, матонатли ва сабрли ўзбек аёли тимсолини ифодалайди.

    Уруш фожиалари, йўқотишлар экранга кўчирилар экан, бунга ҳиссиёт билан ёндашмай илож йўқ. Негаки, уруш қалбларни ларза солибгина қолмай, ҳар қандай кўзни, юракни, албатта, йиғлатади. Чунки уруш қолдирган яралар ҳали битиб кетмаган. Унинг чандиқлари ҳанузгача юракларимизга азоб беради. Уруш ҳақидаги манбаларни янада чуқурроқ ўрганиш, унинг фожиаларини янги фильмларда акс эттириш лозим. Шу маънода фильмлардаги таъсирчан эпизодлар томошабинга урушнинг мудҳиш ва даҳшатли оқибатларини сўзлаб, бугунги тинч ва ҳур ҳаётимизнинг қадрини эслатади. Ватан инсон учун қадри баланд, тафти иссиқ, тоғдек суянч эканини яна бир бор эслатувчи бу фильмларни ёшлар кўриши керак.

    Айниқса, бугунги нанотехнологиялар, медиа асрида тобора кучайиб бораётган ғоялар уруши даврида бу фильмларга эҳтиёж янада ортмоқда. Ўзингни ватанга қанчалар яқин ҳис этсанг, уни шу қадар жонли вужуд каби аниқроқ ва севиброқ тасаввур қиласан, дейди Александр Блок. Ёшларни ёт ва бузғунчи ғоялардан асраш, техникага қулликдан қутқариш учун ҳамма бирдек ҳаракат қилмоқда.

    Хусусан, киноижодкорлар ҳам бу йўлда собитқадам.

    Бугун Кинематография агентлиги томонидан Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия билан ҳамкорликда ҳужжатли фильмлар, сериаллар суратга олиш ишлари давом этмоқда. “Беларусфильм” билан ҳамкорликда Иккинчи жаҳон уруши йилларида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчиси Мамадали Топволдиевнинг жасорати ҳақида ҳикоя қилувчи “Казбек” бадиий фильми суратга олинмоқда. Бундан ташқари, шу кунларда “Уч қаҳрамон” бадиий фильмининг ҳам тақдимоти кутилмоқда.

    Абдулатиф ҲАЙДАРОВ,

    “Astir animation studio” раҳбари, режиссёр-аниматор:

    — Нега миллий ватанпарварлик руҳидаги анимацион фильмлар кам? Минг хил сабаб кўрсатилиши мумкин. Мутахассислар йўқ, дейилади аксарият ҳолларда. Балки эътибор йўқдир? Кимга керак ўзи мультфильм? Тарих, миллий ватанпарварлик ҳақидаги мультфильмлар қанчалик фойда келтиради? Бу саволлар очиқлигича қолмоқда.

    Анимацион фильмлар яратилиши масаласига ижтимоий йўналиш, фарзандларимизнинг онгини ҳимоя қилишга йўналтирувчи восита, деб қараш керак. Бунинг учун маблағ ажратилиши зарур. Очиғини айтиш керак, айни пайтда анимацион фильмларга театр, кино ва бошқа санъат турларидан сўнггина номига эътибор қаратилади. Кино, тадбирбозлик, фестиваллардан ортган пулга “Майли, бирорта мультфильм ишлаб қўйинг”, дейилади.

    Эътибор шундай бўлгач, акс таъсир ҳақида нима дейиш мумкин?

    Савия ва сифати баланд анимацион фильмлар яратадиган мутахассислар йўқ, деган рўкачга ҳам кўп дуч келамиз. Иш қидириб юрган мутахассислар қанча? “Мана имконият, шу мавзудаги мультфильм ярат” дейилса, жонини жабборга бериб ишлайдиган ижодкорларни биламан.

    Мен хусусий студия раҳбариман. Миллий ватанпарварлик руҳидаги “Тўмарис” анимацион фильмимиз муваффақиятли чиқди. Шунга ўхшаш мультфильмларни ҳеч қийналмай яратишимиз, қанча зарур бўлса, шунча буюртма олишимиз мумкин. Аммо талаб йўқ. Нима учун мактабгача ёшдаги болалар асосан, чет эл мультфильмларини томоша қилмоқда? Чунки унда ватанпарварлик ва бошқа жиҳатлар ёрқин ранглар, персонажлар ва воқеликларда ёритиб берилган. Жимжима, гўзал ва осон ҳаётни кўрган ва шунга интилган боладан ватанпарвар чиқадими?

    Болалар фильмлари устида катта ижодий гуруҳ ишлаши лозим. Психолог нуқтаи назари жуда муҳим. Бугун болаларга қайси ранг ва нима ёқишини, улар қалбига қандай йўл топиш кераклигини у яхши билади. Катталарча фикрлаб, “адабиётда, тарихда бунақа бўлган”, деган иддаолар самара бермайди.

    Ҳаммаси соҳага бўлган муносабатдан келиб чиқяпти. Мультфильмнинг бола тарбиясига жуда катта таъсири бор, лекин бу ҳақда ўйланмаяпти.

    Нигора ҲАЙДАРОВА,

    Миллий рассомлик ва дизайн институти доценти:

    — Миллий ватанпарварлик руҳидаги анимацион фильмларимиз жуда кам. Сабаби эса шу мавзудаги сценарийлар, умуман, адабий асарлар етарли эмаслиги билан боғлиқ. Айнан болалар адабиётидаги материаллардан келиб чиқадиган бўлсак, уларнинг ҳаммаси ҳам мультипликацион фильм спецификасига тўғри келавермайди. Сценарий топилган тақдирда ҳам бугунги кунда айнан миллий образ, персонажлар яратадиган рассомларимиз, замон талабига жавоб берадиган, яъни миллий-замонавий образларда персонажлар яратадиган ижодкорларимиз камлиги муаммо бўлиб турибди.

    Дунё анимациясида ҳар битта босқичнинг ўз мутахассиси бўлади. Яхши фильм чиқариш учун кучли, зўр ижодий гуруҳ — сценарийнавис, рассом, айнан болалар драматургияси, болалар фильмини тушунадиган режиссёр, аниматорлар гуруҳи, композиторлар керак. Студияларимизда ижодкорлар йўқ эмас, бор. Улар фақат асарни яратишда техник жиҳатини тушуна оладиган маҳоратга эга. Аслида, персонажлар дизайни, локациялар, умуман, фильмдаги маконда мавжуд архитектура ва бошқа майда деталларгача рассом томонидан яратилиши шарт.

    Шароит, мутахассис, ижодий муҳит — мана шулар ҳаммаси битта нуқтада жамланганда биз ўйлаган бадиий ва мультипликацион фильмлар яратилиши мумкин. Яна бир жиҳат. Ижодкор муайян мавзуда асар яратар экан, турли бадиий ёндашув, фантазиясини ўзи хоҳлаган образда етказиб беришда унга кўп нарсалар тўсқинлик қилиши мумкин. Ижодий гуруҳ, айниқса, ижодий муҳит бўлмаса, бундан ташқари, цензура бўлса, қийин. Мисол учун, “Ўзбеккино” ёки кинематография бадиий кенгаши аъзолари орасида анимацион фильмлар бўйича мутахассис деярли йўқ.

    Соҳага тааллуқли бўлмаган ҳайъат аъзолари асар спецификасини тушунмаган ҳолда, фақат дидактик томонларига эътибор бериши мумкин. Бу эса замонавий ёшлар эътиборини жалб қила олмайдиган картиналар яратилишига сабаб бўлади. Ҳозирги талаб шунчалик кучлики, замонавий технологиялар даврида оддий тасвир билан болалар кўнглига йўл топиб бўлмайди.

    Дунёқараши кенг, фикрлаши теран бўлган миллий образлар, персонажлар яратиш замон талабига айланган.

    Хусусий анимацион студияларимиз фаолият юритяпти. Улар томонидан ишланган айрим анимацион фильмларни ёмон, деб бўлмайди. Бу фильмларда адабий асарга асосланган яхши сценарий олиб чиқилган. Лекин ана шу фильмларни бугун болаларимиз қандай қабул қиляпти? Кузатишларимга кўра, фильмларда айрим персонажлар бир оз қўрқинчлироқ кўринишда намойиш этилган. Болаларимиз учун энг ёмон саҳна, энг ёмон персонаж, энг ёмон салбий образ ҳам ёқимли тасвирланиши керак. Томошабинлар фикрини ўрганганимизда “Нима учун бизда ўзбек мультипикацион қаҳрамонлари қўрқинчли?” деган савол бўлди. Бу рассомнинг маҳоратига боғлиқ. Персонажларни анимациянинг принципларини инобатга олган ҳолда яратиш керак бўлади.

    Забаржад БОБОЖОНОВА,

    Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси:

    — Аввало, ватанпарварлик тушунчаси аслида қандай бўлади, ватанпарварлик туйғуси нимадан иборат, деган саволга тўхталсак. Стандарт шаклдаги баландпарвоз гаплар, ташвиқот руҳидаги асарлар ватанпарварликми? Ёки асар номини Ватан сўзи билан боғлаш шартми?

    Ватанпарварлик туйғуси, кези келса, нозик деталларда, образли тасвирларда шундай ифодаланадики, анъанавий шовқинлар, баланд овозлардаги ҳайқириқлардан таъсирлироқ чиқади. Бунинг учун мана шу асарлар ватанпарварлик руҳида олинган картина, деган таъкидга ҳожат ҳам йўқ.

    Жаҳон кинематографиясида муваффақиятга эришган барча фильмларда ватанпарварликнинг нозик ифодаларини топишингиз мумкин. “Фавқулодда қўнғироқ” фильмидан қизиқ бир мисол келтирсам: хавфли жиноятчи омонидан ўғирлаб кетилган қизни полиция ходимлари ҳеч топа олмайди.

    Шунда телефон орқали ёзиб олинган овоз фонида бир маромда тақиллаб турган қандайдир жисм товуши қаҳрамон эътиборини тортади. Воқеа жойида эса полиция ходими устунга илинган Америка байроғи ва шамолда чайқалиб тиргакка урилаётган темир тортқич ана шундай товуш чиқараётганини аниқлайди ва қизни қутқаради. Мутлақо ватанпарварлик мавзуси кўзланмаган, ўткир сюжетли, кассабоп фильм. Лекин деталь танлашда ижодкорларнинг миллий ғурурини илғаш қийин эмас.

    Ўзбек киносида ҳам шу мавзуда “Ўзбек қизи”, “Матонат”, “Аёл қисмати”, “101-рейс”, “Офицер 55” каби кўплаб фильмлар суратга олиняпти. Аммо буюртма асосида зўрма-зўракилик кўпайиб кетгандай туюлади баъзида. Фикримча, ижодкор ўзидаги бу туйғуни акс эттиришда ташвиқот характерини тўғридан-тўғри ифодаламай, санъаткорона ёндашув орқали тасвирлаши ҳам мумкин. Чунки бадиий адабиётда, санъат асарларида публицистик мавзулар кўндаланг қўйилмайди.

    Шу ўринда Шокир Холиқовнинг “Якшанба” фильмида ҳам мен ватанпарварликни гўзал деталларда ҳис қилдим. Ленгстон Ҳьюзнинг “Ватан” ҳикоясида бирор жойда ватан сўзи тилга олинмайди.

    Ўзингиз ҳис қилмаган жумлалар, сўзларни атама сифатида қўллаш билан томошабинга ҳам, ўқувчига ҳам ҳеч нарса беролмайсиз. Ватанни мадҳ этиш учун атайин қайсидир воқеликка ёки мавзуга алоҳида урғу бериш, таъкидлаш шарт эмас. Ижтимоий масала қўйилган ҳар қандай асарда унинг эпкинларини топиш мумкин.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат МАДИЕВА ёзиб олди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates