Миллий таянч тамойиллар статистика сифатини таъминлашда қандай ўрин тутади?

    Фикр 21 август 2023 730

    Бозордаги ҳар қандай маҳсулотнинг харидоргирлиги бевосита унинг сифатига боғлиқ. Ўз навбатида, ишлаб чиқарувчи ҳам бозордаги талабни инобатга олган ҳолда, ўз маҳсулотининг доим харидорбоп бўлишига ҳаракат қилади.

    Бунинг учун маҳсулот сифатини ошириб боришнинг илғор усулларини излайди, халқаро талаб ва мезонларни ўрганади ҳамда уларни ўз ишлаб чиқаришига жорий этиш чораларини кўриб боради.

    Ҳар қандай соҳада бўлгани каби статистикада ҳам сифатни таъминлаш белгиланган маълум мезон ва қоидаларга риоя этишни, барча босқич ва жараёнларни аниқ режалаштириш ва тизимли амалга оширишни, зарур молиявий, технологик ва бошқа ресурсларни жалб этишни, мавжуд тизим ва воситаларни мунтазам янгилаб, такомиллаштириб боришни тақозо этади. Тизим фаолиятини ташкил этишнинг самарадорлиги эса соҳага халқаро даражада тавсия этилган илғор моделлар ва тизимларни кенг жорий этилиши билан чамбарчас боғлиқ.

    Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда статистика соҳасини янги босқичга кўтариш ва тубдан ислоҳ қилиш, мазкур миллий тизимга замонавий ва илғор технологияларни кенг жорий қилиш орқали расмий статистиканинг сифати ва унга бўлган ишончни янада ошириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги томонидан сифатни бошқаришнинг халқаро даражада эътироф этилган илғор тизимларини босқичма-босқич татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

    Сўнгги икки йилда БМТ Европа иқтисодий комиссияси томонидан статистика идоралари фаолиятига қўлланилиши тавсия этилган Статистик маълумотларнинг (GSIM), Статистик маълумотларни ишлаб чиқиш жараёнларининг (GSBPM) ҳамда Статистика идоралари фаолиятини бошқаришнинг (GAMSO) намунавий моделлари талабларини жорий этиш борасида зарур тадбирлар амалга оширилди.

    Шу ўринда ушбу илғор моделлар ва уларнинг моҳияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак:

    GSIM модели – фойдаланувчиларга тарқатиладиган статистика маълумотларини шакллантириш қоида ва талабларини белгилаб беради.

    GSBPM модели – статистика маълумотларини ишлаб чиқариш босқичлари ва жараёнларини тартибга солади.

    GAMSO модели – статистика идораси томонидан амалга ошириладиган умумий фаолиятни белгилаб беради ва тизимлаштиради.

    Ушбу халқаро моделларни миллий статистика тизимига жорий этишни таъминлаш мақсадида Статистика агентлиги томонидан GSBPM ва GAMSO моделлари асосида миллий тизимлар ишлаб чиқилди, уларни амалиётга жорий этиш бўйича услубий ҳужжатлар яратилди.

    Ҳозирги кунда мавжуд ресурслар ва ички имкониятлардан самарали фойдаланилган ҳолда, ушбу моделларни юртимизда босқичма-босқич жорий этиш бўйича зарур ташкилий чоралар кўрилмоқда.

    ХАЛҚАРО МОДЕЛЛАР ҚАНДАЙ МАНФААТ КЕЛТИРАДИ?

    Ҳар бир давлат ўз миллий статистикасини ташкил этишда унга бўлган талаблар, амал қилиниши лозим бўлган принциплар, тартиб-таомйиллар
    ва бошқа жиҳатларни миллий қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солади ҳамда амалга оширади.

    Расмий статистика соҳасида халқаро даражада қабул қилинган меъёрлар, талаб ва тавсиялар эса мамлакатда статистика фаолиятини ташкил этиш ишларини тартибга солиш, тизимлаштириш, мақбуллаштириш ва албатта, расмий статистика сифатини баҳолаш имконини беради.

    Сифатни бошқариш бўйича халқаро талаб ва тавсияларга мувофиқ, ҳар қандай мамлакат статистика идорасининг самарали фаолият кўрсатаётгани, ишлаб чиқариш жараёнларининг белгиланган талабларга жавоб бериши ҳамда тайёрланаётган маълумотларнинг сифатлилигини таъминлаш ишлари баҳолаб борилиши лозим. Чунончи, сифатни бошқариш ва баҳолаш тизими миллий статистика фаолиятининг ажралмас қисми бўлиб, ўз навбатида, бу соҳада сифат сиёсати ва уни баҳолаш дастурини амалга оширишни талаб этади.

    Мазкур талабларни бажариш, хусусан, сифатни бошқариш тизимининг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида бу борада миллий таянч принципларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун
    БМТ Статистика комиссияси томонидан 2019 йилда қабул қилинган “Расмий статистикада сифатни таъминлашнинг миллий таянч принциплари (NQAF) бўйича қўлланма” асосий манба ҳисобланади.

    Ҳозирги кунда дунёдаги 60 дан ортиқ давлат томонидан амалиётга жорий этилган БМТнинг Сифатни таъминлашнинг миллий таянч принциплари расмий статистика сифати ва унга нисбатан ишончни таъминлашга ёрдам берувчи бошқаришнинг изчил ва уйғун тизимини таклиф этади.

    Ушбу қўлланма маълумотлар манбалари, уларни етказиб берувчилар ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичлари бўйича кўрсаткичлар сифатини таъминлаш юзасидан мезон ва тавсияларни ўз ичига қамраб олган бўлиб, сифатни таъминлашнинг миллий таянч принципларини жорий этишда мамлакатларга амалий ёрдам берувчи муҳим восита ҳисобланади. Ҳолбуки, NQAF қўлланмаси нафақат статистика органлари, балки мамлакат миллий статистика тизимига кирувчи барча ишлаб чиқарувчилар томонидан шакллантириладиган ва тарқатиладиган расмий статистика сифатини таъминлашга кўмаклашади.

    NQAF талаблари асосида фаолият юритишнинг қандай афзалликлари бор?

    Биринчидан, NQAF моделини борича қабул қилиш, унга қўшимча қилиш ёки унинг асосида ўз принципларини ишлаб чиқиш мумкин.

    Иккинчидан, соҳада тизимли мониторинг юритиш, узлуксиз равишда хатар ва муаммоларни аниқлаш ҳамда ўз вақтида тузатиш чораларини кўриш имконини берувчи механизмлар мавжуд.

    Учинчидан, миллий ва халқаро даражада сифат соҳасида муаммо
    ва имкониятлар бўйича мулоқот қилиш учун умумий тамойилларга эга.

    Тўртинчидан, миллий статистика тизими доирасида сифатни таъминлашни жорий этиш ва уни қўллаб-қувватлаш учун асослар яратилган.

    Шунингдек, NQAFнинг жорий этилиши, миллий статистика тизими ичида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ва сифатни ўлчаш тартиб-таомилларининг шаффофлигини яхшилайди ҳамда миллий статистика тизимини мувофиқлаштирувчи орган ва бошқа расмий статистикани ишлаб чиқарувчиларга нисбатан ишончни оширади.

    Умуман олганда, NQAF тузилмаси 4 та даража ва ҳар бирида риоя этилиши зарур бўлган жами 19 та принцип, уларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун 87 та талаблар ҳамда мазкур қоидаларни бажариш учун кўриладиган чораларни тавсифловчи жами 364 та сифат элементларидан иборат.

    БМТнинг Сифатни таъминлашнинг миллий таянч принциплари (NQAF) тузилмаси

    NQAFнинг дастлабки А даражаси Статистика тизимини бошқариш ҳисобланади.

    Маълумки, миллий статистика тизими расмий статистикани ишлаб чиқадиган ва тарқатадиган ҳамда қоидага кўра, миллий статистика органи томонидан бошқариладиган статистика органлари ва мувофиқлаштириладиган расмий статистикани бошқа ишлаб чиқувчилардан иборат.

    Шунга кўра, Статистика тизимини бошқариш даражаси доирасида соҳани мувофиқлаштириш ва барча муҳим томонлар билан ҳамкорликни бошқариш орқали сифатни таъминлаш ва расмий статистикани самарали ишлаб чиқариш учун дастлабки пойдевор вазифасини ўтайди.

    Бу жиҳат миллий статистика тизимини мувофиқлаштириш, статистик стандартларни бошқариш каби принципларга риоя этишни талаб этади. Шунинг учун миллий статистика тизимини мувофиқлаштириш принципи, қонунчилик ҳужжатлари билан миллий статистика тизимига кирувчи ташкилотлар ва уларнинг мажбуриятлари, мувофиқлаштирувчи орган ҳамда унинг ваколатлари белгилаб қўйилишини, расмий статистикани ишлаб чиқиш ва ривожлантириш учун миллий дастурларнинг мавжуд бўлишини кўзда тутади.

    Статистика тизимини бошқаришнинг юқорида баён этилган принципларини таъминлаш учун жами 14 та талаб ва 67 та сифат элементларига амал қилиниши лозим.

    NQAFнинг В даражаси институционал муҳитни бошқариш саналади. Бу йўналиш статистиканинг сифатини таъминлаш асосларидан биридир. Шу муносабат билан институционал муҳитни бошқаришда риоя этилиши зарур бўлган принциплар сирасига касбий мустақиллик, беғаразлик ва холислик, шаффофлик, статистика ахборотлари бирламчи манбаларининг махфийлиги, сифатни таъминлаш мажбурияти ҳамда зарур ресурсларнинг мавжудлигини таъминлаш киради.

    Энг муҳими, касбий мустақиллик ва номақбул таъсирлардан холи бўлиш расмий статистикага бўлган ишончни таъминлайди. Бундан ташқари, статистика органларида етарли даражада инсон, молиявий, технологик ва бошқа ресурслар мавжуд бўлиши лозим. Ушбу ресурслар статистика органларининг расмий статистикани ишлаб чиқариш ва тарқатиш билан боғлиқ эҳтиёжларини қондириш учун етарли бўлиши керак.

    NQAF тузилмасида сифатни таъминлаш бўйича катта аҳамиятга эга бўлган институционал муҳитни бошқариш даражасига тегишли юқорида таърифи келтирилган олтита принципни таъминлаш учун жами 29 та талаб ва 95 та сифат элементларига амал қилиниши лозим.

    NQAF тузилмасидаги кейинги даража бу статистик жараёнларни бошқаришдир.

    Расмий статистикани ишлаб чиқиш ва тарқатиш учун статистика органлари фойдаланадиган жараёнлар доирасида халқаро стандартлар, қўлланмалар ва илғор амалиётларга тўлиқ риоя этилиши, бунда инновациялар доимий равишда жорий этиб борилиши лозим. Чунки, статистика органлари яхши бошқариладиган ва самарали муассаса сифатида ном қозонганда статистикага нисбатан ишонч янада ортиб боради.

    Хусусан, статистика маълумотларини ишлаб чиқаришда статистика органлари халқаро миқёсда тавсия этилган стандартлар, қўлланмалар
    ва илғор тажрибаларга асосланган ҳолда қабул қилинган самарали методологиялардан фойдаланишлари керак. Шунингдек, статистика органлари мавжуд ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланилишини назорат қилиб боришлари талаб этилади. Бунда, зарур ҳолларда, улар кўзланган мақсадларга қай даражада эришилганини тушунтириб бера олишлари, ушбу натижаларга асоссиз харажатларга йўл қўйилмасдан эришилганини ва улар статистиканинг мақсадларига мос келишини асослаб бера олишлари лозим.

    Сифатнинг яхшиланиши статистик тартиб-таомилларнинг оқилона
    ва самарали эканига бевосита боғлиқ. Шу боис, бундай муносиб тартиб-таомиллар статистика маълумотларини ишлаб чиқаришнинг барча босқич ва жараёнларида кўзда тутилган бўлиши керак.

    NQAFнинг сўнгги тўртинчи даражаси — статистика маҳсулотларини бошқариш ҳисобланади.

    Маълумки, тизим кенг омманинг, шу жумладан, мамлакат ҳукумати, илмий-тадқиқот муассасалари, бизнес, жамоатчилик ва халқаро ҳамжамиятнинг сифатли расмий статистика маълумотларига бўлган эҳтиёжларини таъминлайди. Шунга кўра, статистика маҳсулотларининг сифати шундай даража билан ўлчанадики, унда статистика маълумотлари қўллашга яроқли, аниқ ва ишончли, пухта ва ўз вақтида бажариладиган, фойдаланувчилар учун қулай ва тушунарли, географик ҳудудлар ва даврлар бўйича ўзаро боғлиқ ҳамда қиёсий бўлиши лозим. Булар статистика маҳсулотларини бошқаришда амал қилиниши лозим бўлган принциплардир.

    Статистика органлари маълумотларини эълон қилишдаги кечикишларни минимал даражада камайтиришлари керак. Чунончи, маълумотларнинг ўз вақтидалиги, уларнинг қанчалик тез (ҳисобот санасидан кейин ёки ҳисобот даври тугаганидан сўнг) фойдаланувчилар эътиборига етказилганини билдиради. Маълумотларнинг пухталиги эса уларнинг ваъда қилинган, аввалдан режалаштирилган ёки белгиланган санада эълон қилинганини англатади.

    Яна бир амал қилиниши лозим бўлган принцип, бу маълумотларнинг фойдаланувчилар учун қулай ва тушунарли бўлишидир. Шу билан бирга, бирламчи статистика маълумотларининг махфийлигини таъминлаган ҳолда, фойдаланувчиларга улардан илмий-тадқиқот мақсадлари учун фойдаланиш имконини яратиш ҳам кўзда тутилиши керак.

    Статистика маҳсулотларини бошқариш даражасида риоя этиш лозим бўлган олтита принципни таъминлаш учун NQAF тавсияларига кўра 24 та талаб ва 103 та сифат элементларини бажариш талаб этилади.

    СИФАТНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ БОШҚА ОМИЛЛАРИ

    БМТнинг Сифатни таъминлашнинг миллий таянч принциплари статистика соҳасининг барча йўналишларини ўз ичига қамраб олган бўлиб, унда келтирилган талаблар ва сифат элементларининг кўлами кенг, кўп босқичли ва мураккабдир. Бу эса ушбу талабларни бажариш учун барча даражаларда катта салоҳият, вақт ва зарур ресурслар жалб этилишини талаб этади.

    Маълумки, Статистика агентлигининг асосий миссияси — фойдаланувчиларнинг юқори сифатли расмий статистика маълумотларига бўлган эҳтиёжларини максимал даражада қондириш мақсадида соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш ҳисобланади. Шуни эътиборга олган ҳолда, ҳозирги кунда агентлик томонидан БМТнинг Сифатни таъминлашнинг миллий таянч принциплари ва бу борада илғор хорижий тажрибаларни чуқур ўрганиш ҳамда NQAF талабларини тизимли жорий этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.

    Жумладан, NQAF талабларида ҳам қайд этилган ва миллий статистика тизимига сифатни бошқаришнинг халқаро даражада эътироф этилган
    GSIM, GSBPM ва GAMSO каби илғор тизимлари мамлакатимизда жорий этилаётгани кўзланган мақсадларга босқичма-босқич эришиш учун муҳим омил бўлмоқда. Зеро, ушбу илғор тизимларда белгилаб қўйилган талаблар жорий этилиши келгусида соҳада сифатни таъминлаш ишларини баҳолашда ижобий натижаларга эришилишини таъминлайди.

    Шунингдек, жорий йилда Статистика агентлигининг сифат соҳасидаги сиёсати қабул қилинди. Унга кўра, тизимда сифатни бошқариш ва баҳолаш тизимларини, уни таъминлашнинг миллий асосий принципларини жорий этиш ва самарадорликни янада ошириш белгиланган.

    Статистика агентлиги томонидан келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган навбатдаги тадбирлар мамлакатимизда сифатни таъминлашнинг миллий таянч принципларини таъминлаш бўйича сифатни бошқариш қўлланмасини ишлаб чиқиш, тизимда статистика жараёнлари ва сифатни бошқариш бўйича (GSBPM ва NQAF талаблари асосида) стандартлар, уларга амал қилиш ҳолати ва халқаро андозаларга мослиги юзасидан ўрганишларни ташкил этишга қаратилган.

    Бу талабларнинг жорий этилиши миллий статистика тизимига қандай самара келтиради?

    Биринчидан, соҳа фаолияти самарали ташкил этилади ва мувофиқлаштириб борилади. Иккинчидан, очиқлик ва шаффофлик таъминланади. Учинчидан, фойдаланувчиларга ишончли, холис, долзарб ва сифатли маълумотлар етказиб берилади. Тўртинчидан, сифатни бошқариш ва баҳолаш тизими йўлга қўйилади.

    Эришилган натижалар эса пировардида миллий статистика соҳаси фаолиятининг халқаро сифатни бошқариш тизимларига мос келишини таъминлайди ҳамда хорижий ва миллий фойдаланувчиларнинг расмий статистика маълумотларига бўлган ишончини оширади.

    Анвар ТЎЛАГАНОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

    Статистика агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates