Турли мамлакатларнинг кишилари тонгни “Энди нима бўлади?” деган хавотир билан қарши олаётгани рост. “Дунё ўзгариб кетди, биз билган дунё қолмади!” дейишмоқда одамлар.
Ватанимизда тинчлик ва осойишталикни барқарор сақлаб туриш, ривожланиш ва тараққиётга эришиш ҳар қачонгидан ҳам мураккаб эканини бугун барчамиз яхши англаб турибмиз.
Шундай бир вазиятда юртимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамини тинчлик ва барқарор ўсиш билан, бир-биримизга ёр бўлиб, ҳақиқий ўзбекона маърифат ва ғурур билан қарши олаётганимизга шукр қиламиз.
— “Қирқ йилда эл ўзгарар” дейишади. Бу мақол бугунга мос келмай қолдими дейман? Ахир эл уч-тўрт йилдаёқ ўзгариб кетди.
— Ҳа, ҳаёт тезлашди, бир неча йил ичида турмушимиз тубдан ўзгарди. Янгиланишларнинг саноғига етиш қийин. Юртда улкан жараёнлар содир бўлмоқда, аср қурилишлари давом этмоқда. Инсон қадр-қиммати шарафланмоқда. Ҳаётга муносабат ўзгариб бормоқда. Кечагина одамлар хорижга чиқишни хаёлига ҳам келтиролмасди. Бугун оиласи ёки дўстлар билан биргалашиб саёҳат қилаётганлар, тижорат ёки таҳсил мақсадида бораётганлар минглаб топилади. Олдин болаларимизга “Кўп китоб ўқийверма, миянг суюлиб кетади, яхшиси мол-ҳолга қара” дер эдик, бугун “Чалғимасдан китоб ўқисанг бўлмайдими?” деб танбеҳ беряпмиз.
— Шуни айтинг. Кечагина боламиз олий таълим даргоҳининг эшигига яқин боролмасди, бугун юзлаб университетлар хизматда. Қолаверса, дунёнинг исталган мамлакатида таҳсил олишга йўл очиқ.
Муҳандис дўстимизнинг сўзларига қаранг:
— Дунёнинг тараққий топган мамлакатларникидан қолишмайдиган тараққиёт дастурларига старт берилди, қонунчилик мосланди ва келажакни кафолатлаб берди, фанимиз илғор технологияларни ва ютуқларини ўрганишга ҳамда трансфер қилишга киришди. Биргина менинг соҳамда юзлаб ёшлар дунёнинг энг илғор ўлкаларидаги технологияларни ўрганиб қайтмоқда. Кечагина ўртача мураккабликдаги техникаларни ишлатиш ва созлаш учун четдан мутахассис чақиришга мажбур бўлардик, бугун бундай ускуналарни ўз фарзандларимиз бемалол бошқаряпти.
Шундай фикрларни ахборот технологиялари муҳандиси давом эттиради:
— Янгиланишлар барча соҳаларда ва уларни ақл қамраб ололмайди. Мамлакатдаги рақамлаштириш жараёнини айтайлик. Мисол учун, авваллари биргина маълумотномани олишга ўртача икки соат вақт кетган бўлса, мамлакат аҳолисининг шунча вақтини ҳисоблаб кўринг. Бу асрларга тенг бўлади. Бугун ўнлаб турдаги давлат хизматларига компьютердан ёки қўл телефонидан бир лаҳзада эришиш мумкин. “Бир миллион дастурчи” ташаббуси натижасида юртимизда замонавий дастурчилар қатлами шаклланди. Аммо бу ёшларимиз шунчаки дастурий таъминот ва иловаларни буюртмачига етказиб беришяпти десангиз адашасиз. Буюртма асосида ишлаш — уларнинг кундалик эҳтиёжлари учунгина холос. Ёшлар орасидан турли замонавий ускуна, технология ва қурилмаларнинг ишлаш ва бошқариш дастурини ярата оладиганлар етишиб чиқди. Бугун ёшларимиз замонавий дастурлаш, робототехника, парвоз қурилмалари ишини режалаштириш ва бошқариш дастурларини яратмоқда. Ал-Хоразмий таъбири билан айтганда, “нолдан бир яратилди”, ҳали бу мингга етганида нималар юзага чиқишини тасаввур қилиб кўринг!
Олий таълим соҳаси тубдан ўзгарди. Таълимнинг янги усуллари жорий қилинди, амалий ва аниқ фанларга йўналтирилган таълим муассасалари зарур замонавий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Янги дарслар ва дарсликлар жорий қилинди. Шу ўринда ёш Абу Али ибн Синонинг отаси Самарқанддан Абу Абдуллоҳ Нотилий деган машҳур олимни Бухорога чорлагани, ўғлимга таълим беринг деб илтимос қилгани эсга келади. Бугун дунёнинг энг илғор мамлакатларининг кўзга кўринган олимлари, Нобель мукофоти лауреатлари юртимиз таълим даргоҳларида сабоқ бермоқда. Дуал ва индивидуал таълим тизими шаклланди, таълим трансформацияси юз берди. Айни кунларда бутун республиканинг олий таълим даргоҳларида ёшларни ҳар томонлама етук мутахассис этиб тарбиялаш борасидаги хайрли ташаббуслардан бири бўлмиш “Долзарб тўқсон кун” лойиҳаси тадбирлари давом этмоқда. Ундан кўзланган мақсад — маънавий баркамоллик, ватанпарварлик туйғуларини камол топтириш билан бирга, ҳар бир талабада бир неча соҳа кўникмасини ҳосил қилиш, ҳар бир ёш бир касб эгаси бўлишини таъминлашдан иборат.
Бундай эътирофларни нафақат физик, математик, кимёгар, биолог каби мамлакат тараққиёти учун жуда керакли касбларнинг эгаларидан, балки иқтисодчи, сиёсатчи, ҳуқуқшунослардан ҳам эшитамиз. Ушбу соҳаларнинг кишилари жараёнларни чуқур таҳлил қилиб, янгиланишлар стратегияси доирасида кўзланган марраларга эришишнинг ўз соҳасига тааллуқли жиҳатларини тўла таърифлаб беришига шубҳа йўқ. У ҳолда, оддий кишилар-чи?
Қисқа даврда хусусий бизнес ва ишлаб чиқариш билан шуғулланаётганлар сони бир неча баравар ортди. “Шундай бир шароит яратилдики, орзу ҳам қилолмас эдик, — дейди тадбиркор дўстимиз. — Келинг, ортга эмас, олдинга кўз тикайлик. Бозор олдин бир хил эди. Эндиликда унинг ўнлаб турлари пайдо бўлганига ўзимиз ҳам шошиб қолдик. Пештахталаримизни истеъмол молларининг юзлаб тури тўлдирди, интернет ва онлайн савдо майдончалари кундалик эҳтиёжга айланди. Жамиятда турли янги бозор турларининг ривожланиши сотувчи ва харидор орасидаги ишончнигина эмас, савдо-сотиқнинг кафолатланганини, яъни бу борадаги қонунлар ишлаётганини билдиради. Хусусий ишлаб чиқаришда катта ўзгариш юз берди: мисол учун, тошдан ип ёки ҳаводан сув олиш мумкинлиги кимнинг хаёлига келибди?
Жуда кўп кишилар тез орада юртимизда катта юксалиш содир бўлишини айтмоқда. Дунё карвон йўллари мувозанатининг ўзгаришини, янги халқаро йўлаклар очилаётганини кўряпсизми? Янги карвон йўллари очилиши билан бирга, қитъалараро тижорат карвонлари Ўзбекистондан ўтиши аниқ. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолмайди, аксинча, юртимиз уларни оҳанрабодай ўзига жалб қилиб, Осиё билан Европани боғлайдиган жуда муҳим интеграторга айланади, ундан янги билим, технология, маблағ дарёлари ўтади. Оққан дарёдан ҳар қанақасига фойда бор, бу жараённинг илмини билганлар эса мисли кўрилмаган натижаларга эга чиқади.
Академик устозларимиздан бири шундай дейди: “Улуғ мутафаккир Муҳаммад ал-Хоразмий ҳинд саноғидаги бўшлиқни “нол” деб номлаган ва унга муқобил араб рақамини жорий қилган эди. Бу — бўшлиқдан моддият пайдо қилиш деган маънони англатади. Бугун жамиятимизнинг турли соҳаларида “бир”ни кўриб турибмиз, мақсад эса ана шу “бир”дан “минг”ни яратиш. Кейинги марра эса мингдан миллионни яратиш ҳақида бўлади.
— Шундай, айтилган юксалишга қонунларимиз ва жамиятимизни тайёрлаб бориш учун жон куйдириляпти, — бу ҳуқуқшуноснинг сўзлари. — Бунинг учун кишиларимизнинг тушунчалари, одат ва кўникмалари даврга мос равишда ўзгариши зарур эканлиги аён бўлиб қолмоқда.
Дарҳақиқат, деярли қирқ миллион аҳолига эга мамлакат кишилари тушунчаларининг ўзгаришига гувоҳ бўлиб турибмиз. Одамларимиз янгиликларга интила бошлашди. Оддий мисол: барпо этилаётган янги шаҳарлар ва боғ-бўстонлар билан бирга, аҳоли қураётган уйларнинг шаклу шамойили, меъморий ечимлари ҳам ўзгарди. Олдинги анъанавий иморатлар ўрнида энди бир неча қаватли, барча қулайликларга эга бинолар тикланяпти. Ҳатто рангларигача ўзгариб, қувноқроқ, порлоқ ранглар қўллана бошланди. Бундай иморатларнинг биринчи қаватидан тижорий шохобчалар жой олди, ҳаёт тақозосига кўра одамларимиз бир иншоотни иккига, учга, тўртга айлантиришди.
Кечагина минглаб ота-оналарнинг нияти оддийгина, ўша даврга хос эди: болаларни бир амаллаб катта қилиб, уйли-жойли қилсак, тўйлар кўрсак, омад кулиб боқса-ю бирон кичикроқ автоулов насиб қилиб қолса ажабмас. Бугун булар орзу-ҳавасдан воқеликка айланди. Шу сабабли “болаларни бир амаллаб катта қилиш” эмас, келажакда етук инсон бўлиб яшаши учун билим ва малака беришга интилиш илғорга чиқди. Ота-оналарга келсак, бугун энг чекка ҳудудларда ҳам кишиларнинг ўзлари турли-туман хизмат ва ишлаб чиқариш шохобчаларини қуришди. Интернет бу борада ўта қулай ёрдамчи бўлиб чиқди, ҳозир олис ҳудудларда ҳам электрон хизматлар ишлаб турибди. Келажак дастуримиз эса бу билан қаноатланмайди: ҳамма гап кишиларимизнинг бунёдкорлик қобилиятида қолмоқда. Тадбиркорларимиз ўзлари яшаб турган ҳудуд шароитидан келиб чиқиб, аҳолига зарур қулайликларни тақдим қилишлари кун тартибига келди. Хизмат соҳаси шиддат билан ривожланди. Бу соҳа тўйингач, кишилар янги турларини излаб топишга ва янгиликларни жорий қилишга мажбур бўлишлари тайин.
Жамиятимиздаги яна бир муҳим ўзгариш — бугун ҳар ким ўзини ташвишга солаётган масала ва муаммолар ҳақида бемалол фикр айтиш ҳуқуқига эга бўлди. Яъни мамлакатда кўп йиллардан буён мавжуд бўлмаган сўз эркинлиги рўёбга чиқди. Бугун юртимизнинг энг чекка ҳудудидаги киши ҳам ўз фикрини чекловларсиз, очиқ билдира олади. Шу тариқа, давлат бошқаруви тизимига халқ бошқарув тизими кириб келганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Фикрга, муносабатга очиқлик юксалиш, янги ғоялар сари бошлайди. Чунки бундай шахслар дунёга тийрак нигоҳ ила қарайди.
Бундан бир қанча йил илгари “Бирдан мингни яратиш” тамойили қамраб оладиган жараёнлар илғор технология ва фан янгиликларини юртимизда жорий қилишдан иборат эканлиги таъкидланган эди. Булар келажак соҳалари бўлмиш муҳандислик, ахборот технологиялари, робототехника, молекуляр фанларнинг илғор ютуқлари ҳисобига юз берди. Бундай катта кўламли жараённи содир қилиш учун кўп йиллик аниқ режа керак бўлса, у режани амалга ошириш учун кучли сиёсий ирода, матонат ва шижоат, чуқур мулоҳаза ва албатта, барчага ўрнак бўлгулик фидойилик зарурлигини ҳамма тушуниб етган, албатта.
“Ўзбекистон рекордларга имзо қўймоқда” — жаҳон ахборот нашрларида шундай сарлавҳалар кўпроқ ўрин ола бошлади. Бу юксалиш даражаларини англатади: агар мустақиллик туфайли ватанимиз афсонавий Қақнус сингари кулдан бош кўтариб чиққан бўлса, эндиликда жаҳон унинг парвозини кузатмоқда.
“Мингдан миллион-чи?” дейдиганлар ҳам бор. Миллион — бу Учинчи Ренессанснинг айни ўзидир.
— Ренессансларни фидойилар барпо қилади, — дейди тарихчи олим. — Эҳтиёжлар мақсадга қараб ўзгаради-ку? Мақсад улуғ бўлса, маиший икир-чикирларни ортга суради.
— Унда орзу-ҳавас нима бўлади? — дейди кимдир. — Бола-чақани уйлаб-жойлаш, мундайроқ бирон машина олиш, эл-юртга тўй бериш... Буларга эришиш учун тинмай уриниб тиришиш керак эмасми?
Шунда умрини эл-юрт хизматига бағишлаган улуғларимиздан бирининг сўзлари эсга келади: “Фақат юксак мақсадга эришишни ва ғалаба қозонишни кўзлаш керак. Кичикроқ нарсаларни мақсад қилсангиз, уларга эришсангиз ҳам, ғалаба насиб қилмаслиги мумкин. Ғалаба шундай нарсаки, сизга ўзингиз кўзлаган барча неъматларни олиб келади”.
Яна бир жиҳат: орзу-ҳавас дейилганида, халқимизнинг “Кенгга кенг дунё, торга тор дунё”, деган ҳикмати ёдга келади. Жаҳон мамлакатлари юртимиздаги туб янгиланиш ва юксалишларга шоҳид бўлди. Айни шу кенг кўламли азим жараёнлар жаҳонга ўзбекона юксак ахлоқ, лутф ва анъаналар билан бўйлашиш ўрнаги бўлиб дунё диққатини тортди. Ўзаро ҳурмат ва эҳтиромга асосланган қўшничилик муносабатлари деймизми, олам ёшларини инсоният асрий заковатининг маҳсули бўлмиш умуминсоний анъаналар руҳида тарбиялаш ва шундай ғоялар атрофида бирлаштириш ташаббуслари ёки олам аҳлини эзгуликка чорловчи маданият, санъат намойишлари деймизми, энг юксак халқаро минбарларда она тилимизнинг янграши деймизми — барчаси Ватан довруғини юксалтириш ва равнақ топтириш учун қилинаётган фидойилик намунаси ўлароқ эътироф этилди.
Юксак ахлоқ, номус, ватанпарварлик, ҳалоллик ва тўғрилик халқимизнинг эзгу анъаналари бўлса, яна бир фазилати бунёдкорликдир. Барча қўлидан келганича ўзидан кейингиларга гуллаб-яшнаган бўстон қолдиришга интилади. Бу анъана халқимизда асрлар бўйи давом этиб келмоқда. Чунончи, султон Ҳусайн Ҳирот шаҳрида “Боғи Жаҳон Оро”ни таъмирлатганида, улуғ бобомиз Алишер Навоий “Сабъаи сайёр” достонида унга бағишлаб ажойиб мадҳия битгани кўпчиликка маълум. У-ку биргина боғ экан, бугун янги Ўзбекистон бўйлаб юзлаб боғлар барпо этилмоқда. Бу сўзнинг мажозий маъноси ҳам бор: у назм санъати тилида юрт фаровонлигини, баракот ва ҳузур-ҳаловатни англатади.
Олис-яқин ҳудудларимиздаги миллионлаб инсонлар халқаро майдондаги кўп йўналишли масалаларга юртимиз манфаати ва халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш, аввалдан тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиб, мамлакатни тамомила янги старт майдончасига олиб чиқиш, янги жараёнлар мобайнида юзага келаётган муаммоларнинг тезкор ечимини топиш, уларни зудлик билан бартараф этиш, керак бўлганида тузатишлар киритиш ва тараққиёт йўналишини оғишмай бошқариб бориш, миллий анъаналаримизга қатъий риоя қилган ҳолда ечим топиш учун қанча куч, шижоат, ғайрат кераклигини тушуниб, юксалиш йўлида барча бир тану бир жон бўлиб, баҳамжиҳат қўллаб-қувватлаш кераклигини чуқур идрок қилиб туришганига шубҳа йўқ.
Кўзланган марралар кўз қамаштирувчидир. Кечагина бутун бошли бир вилоятнинг йиллик инвестиция марраси ярим миллион долларга етиб-етмаган бўлса, бугун туман миқёсидаги биргина тадбиркорнинг айланма маблағи бундан каррасига зиёд. Вилоятларимиз ўзаро беллашиб, дунё мамлакатлари билан тўғридан тўғри эркин иқтисодий алоқаларни йўлга қўйган. Эндиликда жаҳоннинг кўпгина бозорларида мамлакат номи билан бирга муайян маҳсулотни экспорт қилаётган ҳудуд номи ҳам баравар янграб, брендга айланмоқда.
Замонавий технологиялар борасида ҳам юртимиз янги яратиш босқичига тайёрланаётгани қувонарли. Хомашё етиштириб бериш даврлари аллақачон ортда қолди, мажозан айтганда, у кўприклар энди бузиб ташланди. Ўрнида янги, келажак сари интилган кўприклар барпо бўлди. Баракотли Ўзбекистон тупроқларида етиштирилган маҳсулотлар эндиликда хомашё эмас, тайёр бренд маҳсулоти сифатида тақдим этила бошланди.
Узлуксиз давом этувчи бу ривожланиш жараёнининг келгусидаги натижалари қандай бўлиши ҳам аниқ белгилаб берилди. Тоғ-кон, геология, маъданшуносликдан тортиб, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалигигача бўлган соҳаларда катта янгиланишлар юз берди, уларда замонавий технологияларни қўллаш ва “ақлли” ёндашувлар туфайли барака қозониш жараёни кўз ўнгимизда содир бўлди. Шу билан бирга, бу марралар сари малакали ва билимли ёшларни олдиндан тайёрлаб боришдай улкан вазифа ҳам уддаланди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, дунёнинг энг илғор ишлаб чиқариш тизимлари Ўзбекистонда бунёд бўлишига шубҳа йўқ. Гап эса ана шундай илғор корхоналарни бошқара оладиган салоҳиятли бошқарув ходимлари ва мутахассисларни тарбиялаб етиштиришда қолмоқда. Яъни йиллар мобайнида “ишчи кучи етиштирувчи” мамлакат бўлиб келган юртимиз эндиликда “ақл кучи етиштирувчи” мамлакатга айланаётир. Шу билан бирга, асрий анъаналаримиз бўлмиш одоб ва ахлоқнинг, ўлмас маданиятларнинг, сеҳрли санъат ва адабиётнинг, инсонийлик тараннумининг тимсоли бўлиб янгидан қад кўтариб чиқди.
Шунингдек, фикр ва тушунчалар ўзгариши ҳам содир бўлди. Ҳозир шаҳар ва қишлоқларимизда кечаю кундуз ҳаёт тинмайди. Барча нимадир яратиш, бирни икки қилиш каби бунёдкорлик юмушлари билан машғул.
Фахр ва ҳайрат билан кузатаётганимиз бу кўламли жараёнлар оддийгина қилиб “старт нуқтаси” деб баҳоланмоқда. Мингдан миллионни яратишдай улкан маррани кўзлаган мақсадларимизнинг қанчалар ҳаётий ва ҳаётбахш эканини мамлакатда содир бўлаётган турли-туман янгиланиш жараёнлари ва олис- яқин мамлакатлар мутахассисларининг эътирофлари исботлаб турибди. Шу билан бирга, аввал кўрилмаган бундай қамровли жараёнлар янги муаммоларни ҳам пайдо қилмоқда, бироқ она юртимиз кучли ирода, вазиятни тезкорлик билан оқилона баҳолаш ва энг мақбул қарорлар қабул қилиш фазилати ила кўзланган улуғ марраларга сабот ва шижоат ила, қатъиян оғишмай илгарилаб боришига шубҳа йўқ.
Дунё турланиб-тусланувчан, юртимиз эса ягона! Шундай баракотли ўлкада, шундай халқ орасида дунёга келтиргани учун Яратганга мингдан-минг шукр қилсак арзийди. Улуғларимизнинг ниятлари ҳар доим эзгу бўлиб келган: юрт тинч, эл фаровон бўлсин, кўпнинг дуосини олган сира кам бўлмасин деб дуо қилишган.
Тарих мобайнида юртини юксалтирган, халқининг фаровонлиги учун заҳмат чеккан кишиларнинг номи доимо ҳурмат билан тилга олинади. Элга яхшилик қил, кўпнинг дуосини ол — барча бу ишларнинг негизида шундай эзгу ният бор. Ёниқ юрак билан туну кун юрт равнақи учун жон куйдирган фидойилар номи тоабад шараф ва эъзозга бурканади, албатта.
Исажон СУЛТОН,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси









