Минимал истеъмол харажатлари жаҳон стандартларига мос(ми)?

    Эълон қилинган камбағаллик чегараси Ўзбекистонда бошқа мамлакатларга қараганда бирмунча юқори.

    Жорий йил май ойининг охирида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан мамлакатимизда илк бор минимал истеъмол харажатлари қиймати эълон қилинди. Дастлабки ҳисоб-китоб натижаларига кўра, у 440 минг сўм, деб белгиланди.

    Ривожланган мамлакатларда аллақачон жорий этилган мазкур тизим бизда биринчи марта татбиқ этилаётгани боис, одамлар орасида турли фикрларга сабаб бўлгани табиий. Айримлар буни истеъмол савати ёки базавий ҳисоблаш миқдори билан боғлаган бўлса, бошқалар қабул қилинган минимал истеъмол харажатларини барча аҳоли қатлами учун бирдек амал қиладиган қиймат сифатида қабул қилди. Аммо, минимал истеъмол харажатларининг юқоридагилардан мутлақо айро бўлган ўз функционал вазифалари бўлгани ҳолда, бу, биринчи навбатда, камбағаллик чегараси ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш сиёсатини юритишда мақсадли гуруҳларни аниқлашдан иборат.

    — Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий мажлисга мурожаатномасида хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичини амалиётга жорий этиш топшириғини берган эди. Шу асосида дастлабки ҳисоб-китобларни аниқлашга киришилди, — дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов. — Ҳисоблаш ишларини бошлашдан аввал олдимизга қатор савол ва мақсадларни қўйдик. Бу вазифа давлатимиз раҳбари томонидан камбағалликни қисқартириш мамлакат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгилангани билан узвий боғлиқ эди. Шу боис, аввало, аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлаш учун қандайдир чегара борми ёки йўқ, деган саволга юзландик. Халқаро тажриба асосида самарадорликка эришиш мумкин бўлган баҳолаш методлари ўрганилди. Президентимиз таъкидлаганидек, камбағалликни қисқартиришга эришиш учун, биринчи галда, барқарор иқтисодий ўсиш суратига эришишимиз, бу аҳолининг барча қатлами, айниқса, кам таъминланган фуқароларга манфаат келтириши керак эди. Энг муҳимим, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда чегара, мезон зарур бўлди. Шу аснода ишлар бошлаб юборилди.

    Мақсад — камбағалликнинг миллий ўлчовини жорий этишдан иборат эди. Бу Ўзбекистондаги аҳолининг турмуш тарзига хос бўлган хусусиятларни акс эттирган ҳолда, унинг фаровонлик даражасини ўлчаш имконини беради. Белгиланган ўлчовнинг мунтазам мониторинг этиб борилиши эса камбағалликни камайтириш дастурларининг самарали ишлашини таъминлайди. Бундан ташқари, камбағаллик кўрсаткичи ижтимоий тўловлар миқдорини белгилашда ҳам маълум бир андоза сифатида хизмат қилади.

    Нима учун 440 минг сўм?

    Шундай қилиб, минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш дастури жамиятнинг энг заиф қатламлари эҳтиёжларига қаратилди. Узоқ таҳлиллардан сўнг соҳа вакиллари асосий вазифага киришди. Ишлар Жаҳон банки кўмаги ва ҳамкорлигида олиб борилди. Мутахассислар ўз олдига давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш учун мўлжал кўрсаткични жорий этиш, минимал истеъмол харажатларидан камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш каби вазифаларни қўйди. Бу камбағаликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзилилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритишга хизмат қилиши керак эди.

    2020 йилда амалга оширилган ўрганишлар жараёнида Жаҳон банки кўмагида тажриба сифатида республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида Давлат статистика қўмитаси ходимлари томонидан сўровномалар ўтказилди. Уйма-уй юрган ҳолда олиб борилган сўровномалар рўйхатига 80 дан ортиқ озиқ-овқат, 100 дан зиёд ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа хизмат турлари ва уларга бир ҳафта давомида қилинган харажатлар бўйича сўровлар киритилди. Олинган жавоблар ходимлар қўлидаги замонавий планшетлар орқали автоматик равишда базага киритиб борилди. Унга кўра, масалан, кимдир 2 килограмм картошкани 8 мингга сотиб олган бўлса, бошқа биров камроқ ва арзонроқ картошка истеъмол қилгани қайд этилди. Махсус дастур ҳар бир маҳсулотнниг калорияси, озуқавий қийматини ҳисоблаб борди. Умумий маълумотлар ҳисоб-китоб қилиниб, аҳоли маҳсулотларга сарфлайдиган харажатлари асосида 10 та гуруҳга бўлинди ва ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинди. Мутахассисларнинг айтишича, сўров ўтказиш жараёнлари тўлиқ ҳаққоний олиб борилган бўлиб, маълумотларнинг тўғрилиги Давлат статистика қўмитаси томонидан доимий равишда назорат қилиб борилди.

    — Халқаро тажриба асосида мақсадли гуруҳ учун аҳолининг 30 фоизи танлаб олинди, — дейди Илҳом Норқулов. — Бу гуруҳда энг асосий харажатлар озиқ-овқатга сарфланиб, унда камбағалликка мойиллик жуда кучли, деб баҳоланади. Шу гуруҳда 1 кишига 2200 килокалория учун кетадиган харажатлар хисобланганида, бунинг учун ойига камида 295 минг сўм зарурлиги аниқланди. Бу умумий харажатларнинг ўртача 67 фоизини ташкил этяпти. Жами харажатлар учун эса киши бошига 440 минг сўм керак бўлади. Бир нарсани унутмаслик керакки, бу барча аҳоли қатлами эмас, балки мақсадли гуруҳ, яъни камбағалликдаги ёки камбағалликка тушиш хавфи остидаги фуқаролар учун белгиланган қиймат. Бу ҳисоб-китоблар шунчаки қайд этилмаган. Унинг тагида катта изланишлар, бир нечта ташкилотларнинг ўрганишлари ётибди. Бундан ташқари, ушбу рақамлар Жаҳон банки мутахассислари билан биргаликда қайта-қайта ҳисобланган. Масалан, чекка ҳудудларда бир оилада 6 киши яшайдиган бўлса, 2 миллион 640 минг сўм минимал истеъмол харажати зарур бўлади. Одатда бундай оилада бир киши ишлайди. Демак, дам олиш кунлари билан ҳисоблаганда, бир кунда ўртача даромад 100 минг сўмни ташкил этиши керак. Аслида, бу ҳам кичик харажат эмас, реал воқеликка тўғри келади.

    Кўрсаткич халқаро миқёсда ҳам солиштириб кўрилди. Юртимизда ҳисобланган минимал истеъмол харажатларининг жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга нисбати (ЯИМ) 26,8 фоиз бўлиб, мазкур рақам ривожланаётган мамлакатларда асосан 4-20 фоизни ташкил этади. Таққослаш учун Россияда бу кўрсаткич 19 фоиз, Туркияда 17 фоиз, Қозоғистонда 11 фоиз. Демак, бизда нисбат юқори хисобланган. Буни Жаҳон банки экспорти Уилям Зейц ҳам алоҳида эътироф этди.

    — Эълон қилинган камбағаллик чегараси Ўзбекистонда даромад даражаси ўхшаш бошқа мамлакатларга қараганда бирмунча юқори, — дейди Зейц ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан. — Бу шуни англатадики, мазкур янги чегара юқоридаги бошқа давлатларга қараганда кўпроқ мақсадларни қамраб олади ва ҳукумат ўз олдига юқори вазифаларни қўймоқда. Қийматни аниқлаш жараёни ҳам пухта ва шаффоф амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Жаҳон банки таклифи асосида камбағалликни ўлчашнинг муқобил ёндашувлари ва ушбу муаммони ўрганишда халқаро давлатлар тажрибаси синчковлик билан кўриб чиқилганидан сўнг асосий эҳтиёжлар нархини аниқлаш методи, деб номланган, тасдикланган ва энг кўп ишлатиладиган ёндашув танланди. Бу метод ўртача даромадли давлатлар орасида кенг тарқалган бўлиб, Ўзбекистондаги уй хўжаликларининг ҳақиқий ҳаёт шароитларини ҳисобга олади. Бунинг учун махсус сўровнома ишлаб чиқилган. Ушбу ёндашув халқаро стандартлар, камбағаллик чегарасини аниқлаш усуллари ва меъёрларига амал қилади. Аммо шу билан бирга, унинг натижалари Ўзбекистоннинг ўзига хослиги ҳамда шароитларини ҳисобга олади. Камбағаллик чегарасининг тўғри даражада белгиланиши жуда муҳим ва бунда ҳукумат эътибори энг муҳтож одамларга қаратилади. Бироқ бу чегара турғун бўлмаслиги ҳамда ўзгарувчан шароитларга мос келиши лозим. У мамлакатдаги нархлар ва яшаш учун харажатлар билан бирга ўсиши керак. Шу боис, мамлакатда нархлар кўтарилиши билан камбағаллик чегарасини автоматик равишда ошириб борадиган формула тасдиқланди. Бу айниқса, ноаниқлик даврида бир қатор ижтимоий-иқтисодий муаммоларга дуч келинганда энг яхши амалиётдир. Ушбу ёндашув янги бўлгани боис, йил давомида унинг мақсад ва вазифаларига қанчалик мос келишини таҳлил қилиш тавсия этилади.

    Белгиланган 440 минг сўм минимал истеъмол харажати тест режимидаги миқдор бўлиб, у ҳар йили инфляция даражаси асосида ўзгариб боради. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутахассисларининг айтишича, минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш тажрибасини якунига етказиш мақсадида жорий йилда Давлат статистика қўмитаси Жаҳон банки билан бирга 10 мингта уй хўжаликларида сўровнома ўтказиш ишларини давом эттиряпти. Йил якунида мазкур сўровномалар натижаси асосида минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш методологиясини тасдиқлаш ҳамда унинг қайта ҳисобланган миқдорини эълон қилиш кўзда тутилган.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates