Ижтимоий тармоқларда вояга етмаган шахслар банк карталарини очиш ва тўлов ташкилотлари мобил иловаларига бириктириш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келаётгани ҳақида мурожаатлар кўпайган.
Марказий банк бошқарувининг қарорига мувофиқ, яқинда “Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га ўзгаришлар киритилиб, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларга ҳисобварақларни мустақил равишда очиш ҳуқуқи берилган.
Банк карталаридан фойдаланишда хавфсизликни кучайтириш мақсадида мобиль иловани янгидан рўйхатдан ўтиш, паролни тиклаш ёки бошқа қурилмадан киришда Face-ID орқали биометрик тасдиқлаш талаби жорий этилган.
Шу муносабат билан Марказий банк банклар ва тўлов ташкилотларига хавфларни бошқариш сиёсати асосида 14–18 ёшлилар учун электрон тўлов имкониятларини таъминлаш, бир вақтнинг ўзида юқори хавфли амалиётлар учун қўшимча идентификация талабларини сақлаб қолиш юзасидан кўрсатма юборди.
Қисқа вақт ичида вояга етмаганлар банклар ва тўлов ташкилотлари мобил иловалари орқали ўз карталаридан тўлиқ фойдаланишлари мумкин бўлади.








