Шунингдек, МСК вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари халқаро кузатувчи сифатида МДҲ Ижроия Қўмитаси ва Парламентлараро Ассамблеяси ҳамда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг сайловларни кузатиш миссиялари таркибида иштирок этяпти.
Ўзбекистон МСК делегациясининг ташриф дастури доирасида жорий йил 23 февралда МСК Раиси З. Низамходжаевнинг Беларусь МСК Раиси И. Карпенко билан учрашуви бўлиб ўтди.
И. Карпенко Ўзбекистон МСК делегацияси аъзоларини 2024 йил 25 февралда бўлиб ўтадиган ягона овоз бериш кунидаги сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни билан боғлиқ асосий тадбирлар билан таништириб ўтди.
Беларусда ягона овоз бериш кунида 8-чақириқ Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Вакиллар палатасининг 110 нафар депутати ва 12 514 нафар 29-чақириқ маҳаллий Кенгаш депутатлари сайланади. Мамлакатда 5 411 та овоз бериш участкалари шакллантирилган. Депутатларга ўтказиладиган сайловлар тўғридан тўғри бўлиб, депутатлар фуқаролар томонидан бевосита сайланадилар. Вакиллар палатаси депутати ва маҳаллий Кенгаш депутатининг ваколат муддати – 5 йил.
Ягона овоз бериш кунида депутатлар сайловини ташкил этиш учун мамлакат бўйлаб жами 9 459 нафар аъзодан иборат 1 394 та ҳудудий ва округ комиссиялари шакллантирилган.
Учрашув қатнашчиларига сайлов кампаниясининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминлаш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида маълумот берилди. Ягона овоз бериш кунида сайлов жараёнларини ёритиш мақсадида 24 февралда МСКнинг Ахборот матбуот маркази ишга туширилади.
И. Карпенко таъкидлаганидек, сайловлардаги халқаро кузатув Беларус МСК томонидан сайлов соҳасидаги эксперт ва профессионалларнинг ўзаро мулоқот қилиш шакли деб билади. Ҳудудий ва округ комиссиялари томонидан 45,5 минг нафар миллий кузатувчилар, Беларусь МСК томонидан эса 294 нафар халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилган.
Ўзбекистон МСК Раиси З. Низамходжаев Беларусь МСК Раиси И. Карпенкога сайловларни мониторинг қилишда иштирок этишга таклиф қилгани учун ўз миннатдорлигини билдирди ва сайловларни муваффақиятли ўтишига ишонч билдирди.
З. Низамходжаев сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари юқори даражада бўлганлиги ўз навбатида катта қониқиш уйғотганлигини таъкидлади. У МСК фаолияти очиқлигини ва халқаро кузатувчилар ишида ҳамкорлик кўрсатаётганини ижобий баҳолади.
Делегация аъзолари Минск шаҳридаги қатор сайлов участкаларига ташриф буюрди, деб хабар беради Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.