Ёғ миқдори кўп маҳсулотлар истеъмолига асосланган атиги уч кунлик парҳез вазн ортиши ёки бошқа метаболик ўзгаришларсиз когнитив бузилишларга олиб келади, дея хабар беради ScienceDaily.
Огайо штати университети олимлари ёғли парҳезнинг организмга қандай таъсир қилишини ўрганишди. Улар ёш ва каттароқ каламушлар гуруҳларини таркиби 60 фоиз ёғ бўлган маҳсулотлар билан озиқлантиришди – бундай миқдор тахминан тез тайёрланадиган бургердаги ёғ миқдорига тенг. Ҳайвонлар уч кун ёки уч ой давомида ана шундай маҳсулотлар билан озиқланди.
Кутилганидек, уч ойдан сўнг барча каламушларда метаболик муаммолар, ичак яллиғланиши ва микрофлора таркибидаги ўзгаришлар пайдо бўлди. Бироқ, энг кутилмаган ҳолат кекса ҳайвонларнинг миясида содир бўлди. Тажрибанинг учинчи кунида уларнинг хотираси ва когнитив функциялари ёмонлаша бошлади.
Мия таҳлили шуни кўрсатдики, ёғли овқатлар яллиғланишни келтириб чиқаради ва нерв ҳужайраларининг фаолиятини бузади. Хотира бир вақтнинг ўзида иккита соҳада таъсирга учради: гиппокампда ва амигдалада. Ёш каламушлар бундай муаммоларга дуч келишмади – уларнинг организми яллиғланишни яхшироқ енгиб ўта олди.
Тадқиқот натижалари қариган сари тўғри овқатланиш муҳимлигини кўрсатади. Энди олимлар ёғли овқатларнинг мияга зарарини махсус дори воситалари ёки парҳез ёрдамида камайтириш имкониятини ўрганишни режалаштирмоқда, деб хабар беради lenta.ru.