Мопед ва скутерлар ҳам энди транспорт воситаси

    Жорий йилнинг 1 март санасидан бошлаб мопед ва скутерлар ҳам транспорт воситалари қаторига қўшилади ва уларни бошқарувчи ҳайдовчилардан “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади.

    Шу кунларда юртимиз бўйлаб мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда уларга алоҳида фарқловчи давлат рақам белгиларини бериш ишлари олиб бориляпти. Гап шундаки, жорий йилнинг 1 март санасидан бошлаб мопед ва скутерлар ҳам транспорт воситалари қаторига қўшилади ва аввалгидек велосипед йўлакларида эмас, балки автомобил йўлларида ҳаракатланади. Айни шу вақтдан бошлаб ушбу турдаги транспорт воситаларини бошқарувчи ҳайдовчилардан “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади.

    Мазкур талаб ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, одамларнинг айрим эътирозларини ҳам келтириб чиқармоқда. Кўпчилик буларнинг бари ортиқча харажат эканини ёзаётган бўлса, бошқа тармоқ фойдаланувчилари ўз ҳудудида “А” тоифа ҳайдовчилигига ўқитадиган автомактаблар йўқлигини айтяпти.

    Автомобиллар ҳайдовчилари эса бу айни керакли қарор бўлди, деган фикрда. Боиси, кейинги вақтларда йўлларда мопед ва скутерлар кўпайиб қолгани, уларнинг айрим ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидалари қўпол тарзда бузилаётгани сир эмас. Аммо ушбу мототранспорт воситалари давлат рақам белгисига эга бўлмагани боис, уларни камералар қайд этмайди ва жарима тўлашдан “қутилиб” қолади. Бундан кўпинча автотранспорт воситалари эгалари зарар кўради.

    Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мопед ва скутерлар худди бошқа транспорт воситалари сингари йўлларда ҳаракатланар экан, демак, йўл ҳаракати қоидаларини бошқа ҳайдовчилар каби билиши ва риоя этиши керак. Шу боис, 1 март санасидан бошлаб мопед ва скутерларни давлат рақам белгиси билан бошқариш мажбурийлиги белгиланди. Бунинг ҳуқуқий асослари ва зарурий талаблари ҳам кўрсатилган.

    — Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 июлдаги тегишли қарори билан автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қанча ўзгартиришлар киритилиб, электромотоцикл, мопед ва скутерлар учун алоҳида фарқловчи давлат рақам белгилари жорий этилган, — деди Республика Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати ахборот хизмати бошлиғи Зойир Йўлдошев. — Мазкур қарор билан фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида 2025 йил 28 февралга қадар амал қиладиган вақтинчалик низом ҳам тасдиқланган. Унга кўра, двигателининг иш ҳажми 25 сантиметр куб ва ундан ортиқ, лекин 50 сантиметр кубдан ошмайдиган, шунингдек, электр двигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, бироқ 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситалари (мопед ва скутер) учун алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилди. Шунингдек, ушбу турдаги транспорт воситасини бошқаришда, албатта, ҳайдовчининг бошида шлем, эгнида хавфсизлик нимчаси бўлиши талаб қилинади. Қолаверса, ҳайдовчидан миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг “А” тоифаси сўралади. Ушбу транспорт воситаларини ижарага олиш ёки беришда, ишончнома орқали бошқарганда ҳам давлат рақами белгилари бўлиши зарур. Акс ҳолда, ҳайдовчига нисбатан жарима солинади.

    Умуман, бу қарор, аввало, халқ манфаати, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинганини тушунишимиз керак. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олган фуқаро йўл қоидаларини билади ва уларга амал қилади. Мопед ва сутерларни давлат рўйхатидан ўтказиб, давлат рақам белгиларини бериш ҳам хавфсизликни таъминлаш чоралари билан боғлиқ. Хусусан, ушбу турдаги транспорт воситаларининг техник созлигини текшириш, улар билан боғлиқ ўғрилик жиноятларининг олдини олиш ва ҳоказо ҳолатлар ҳисобга олинган. Юқоридаги низомнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар — шу йилнинг 1 март санасигача мопед ва скутерлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Бу давр ушбу транспорт воситалари эгалари учун имконият бўлиб, ҳозирда битта тушунтириш хати ёки ариза билан амалга оширилади. Белгиланган муддатдан кейин эса умумий тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш йўлга қўйилиб, мопед ва скутерлардан ҳам худди бошқа транспорт воситалари сингари хисоб варақаси сўралади.

    Давлат рақам белгисини олиш тартиби қандай?

    Мопед ёки скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтихон олиш бўлинмалари томонидан олиб борилади. Жараёнлар ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб юборилган. Жорий йил бошидан талабгорлар сони янада ошди. Шу йилнинг 10 январь санасида Сурхондарё вилояти йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармаси рўйхатдан ўтказиш бўлимида ҳам вилоятдаги бир нечта мопедга давлат рақамлари топширилди. Белгиланган муддат тугамасидан олдин одамлар ўзларига тегишли мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиб, давлат рақам белгиларини олишга интиляпти. Бу муддат сўнгига бориб навбатлар кескин ортишининг олдини олади.

    Аммо ҳалигача бу амалиётнинг тартиби ҳақида аниқ тушунчага эга бўлмаганлар ҳам бор. Мутасаддиларнинг тушунтиришича, мопед ва скутер эгалари давлат рақам белгисини олиш учун Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтихон олиш бўлимларига мурожаат қилади. У ерда масъул ходимлар томонидан мопед ёки скутер ташқи кўрикдан ўтказилиб, агрегат рақамлари ўрганилади ва рақамлар махсус тизимга киритилади. Мурожаатчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ходимга тақдим этгач, ортиқча сўроқ-саволларсиз белгиланган тартибда тушунтириш хати бланкаларини тўлдиради. Тегишли тартибда давлат божини тўлагач, рўйхатга олиш ишлари амалга оширилади.

    Айни пайтда мопед ёки скутерни давлат рўйхатидан ўтказиш тўлови базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари — 562 500 сўмни ташкил қилади. Давлат рақамини олиш тўлови ҳам худди шунча миқдорда — 562 500 сўм. Транспорт воситаси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи — ҳозирги кунда 262 минг 500 сўм тўланади. Сервис хизматлари учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи — 37 500 сўм олинади. Шундай қилиб, мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат рақам белгиларини олиш учун жами 1 миллион 425 минг сўм давлат тўлови амалга оширилади.

    “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун қайта ўқиш шартми?

    Аввалги йўл ҳаракати қоидаларида скутер атамаси мавжуд бўлмаган ва мопеднинг изоҳида битта бўлиб келтирилган. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартиришларда эса скутер атамаси мопед атамасидан ажратиб олинди ва алоҳида изоҳига эга бўлди. Шундай қилиб, мопед — бу ички ёнув двигателига эга бўлган, 2, 3 ёки 4 ғилдиракли тарнспорт воситаси бўлса, скутер электр двигателига эга бўлган 2, 3 ёки 4 ғилдиракли транспорт воситаси ҳисобланади.

    Шу кунгача мопед ва скутерлар велосипед йўлакларидан ҳаракатланиши керак бўлган. Автомобил йўлларида эса уларнинг бошқа тасмаларга ўтиши ҳамда қайрилиб олишида чекловлар мавжуд эди. Эндиликда, мопед ва скутерлар ҳам транспорт воситалари қаторида автомобил ҳайдовчилари ҳаракатланаётган қатнов қисмидан бошқа тасмаларга ўтиб ҳаракатланиши мумкин. Ушбу имконият ва қулайлик қўшимча талабларни ҳам юклайди. Яъни, юқорида таъкидланганидек, ушбу турдаги транспорт воситаларини бошқарувчи ҳайдовчилар “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишлари мажбурий этиб белгиланди.

    Ушбу талаб аҳоли орасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти. Асосий муаммо Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда салкам бир йил давомида “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқитадиган автомактабларнинг бўлмагани, охирги бир ойдагина уларнинг бир нечтаси иш бошлагани билан боғлиқ. Қолаверса, мопед ва скутер ҳайдовчиларининг кўпи ижтимоий қийналган инсонлар бўлиб, ушбу нисбатан арзон транспорт воситасидан тирикчилик манбаи сифатида фойдаланади. Шу боис, одамлар орасида қисқа муддат ичида “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мумкинми, унинг харажатлари транспорт воситасининг ўзидан ҳам қимматга тушмайдими, бу талаб шароити оғир инсонларни қийнаб қўймайдими, деган эътирозли саволлар кўпайган.

    — “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун барча ҳайдовчилар автомактабда ўқиши талаб этилмайди, — деди Республика Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати ахборот хизмати бошлиғи Зойир Йўлдошев. — Яъни, умуман ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фуқаролар мопед ва скутерни бошқариш учун автомактабда тегишли тартибда ўқиши керак. “Б” ва “С” турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган инсонлар эса “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун қайта ўқишлари шарт эмас. Улар имтихон марказларига бориб, тегишли тартибда имтихон топшириш орқали “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишлари мумкин. Автомактабларда бундай тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш бир муддат тўхтаб қолгани ўринли эътироз. Гап шундаки, автомактабларнинг ҳаммаси хусусий сектор бўлгани боис, талабдан келиб чиқиб лицензия олади ва талабга қараб ҳайдовчиларни тайёрлайди. “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси учун ўқитиш курсларининг ташкил этилмагани ҳам ана шу талаб билан боғлиқ бўлган. Айни пайтда Тошкент шаҳрида 160 та автомактаб фаолият олиб бораётган бўлса, шундан 10 тасида “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бериляпти.

    Шундай қилиб, қарор талаблари қатъий. Талабгорлар белгиланган муддатга қадар улгуришлари керак. Чунки, 2025 йилнинг 1 март санасидан бошлаб давлат рўйхатидан ўтмаган, давлат рақам белгиси ва “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган мопед ва скутерлар ҳайдовчиларига нисбатан белгиланган тартибда йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ жазо чоралари кўлланилади. Транспорт воситаси ҳаракатдан тўхтатилиб, жарима майдонига қўйилиши мумкин.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 14.01.25 й, 9-сонида чоп этилди)


    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates