Маълумки, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, судья ва суд ходимлари учун муносиб иш шароитларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу нуқтаи назардан Мўйноқ туманида яъни Нукусдан 220 километр узоқликда жойлашган жиноят ишлари бўйича Мўйноқ туман суди биносида 3 миллиард сўм маблағ эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Соҳа ходимлари ва фуқаролар учун барча зарур шароитлар яратилди.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган бинода судлар учун белгиланган тартибда маъмурий хоналар, суд заллари, фуқароларни қабул қилиш учун “Суд қабулхонаси”, прокурор хонаси, архив, шунингдек, ходимлар учун хам шароитлар яратилган. Бинода видеоконференцалоқа режимига уланиш учун имкониятлар мавжуд. Бу эса масофадан туриб суд ишларини юритиш ва фуқароларнинг онлайн иштирокини таъминлаш имконини беради.
Бинода ўрнатилган инфокиоск орқали фуқаролар даъво аризаларни киритиш, суд ҳукмларидан нусха олиш ва шу каби бошқа имкониятлардан мустақил фойдаланиши, белгиланган суд мажлисларининг ўтказилиш вақтидан хабардор бўлиши мумкин. Яна бир муҳим жиҳати, суд қабулхонаси ташкил этилиб, у зарур замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш учун барча шароитлар яратилган.
Айтиш жоизки, 2023 — 2025 йилларда Қорақалпоғистондаги мавжуд 15 суд биносини реконструкция қилиш ҳамда 2 суд биносини янгидан қуриш режалаштирилган.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири