“Муҳаббат баҳори” фильми ким ҳақида ҳикоя қилади?

    “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “New sight media” ижодий студияси томонидан шоир, драматург, давлат ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон ва шоира Зулфияхоним ҳаёти ва ижодига бағишланган “Муҳаббат баҳори” бадиий фильми суратга олинди.

    Фильмда Зулфияхоним образини гавдалантирган ёш актриса Шаҳноза Ҳожимуродова ўз қаҳрамони ҳақида шундай дейди:

    – Кинода севимли шоирамиз Зулфияхоним образини яратиш зиммамга жуда катта масъулият юклади. Мазкур киноасарда Зулфияхонимнинг нафақат ижоди, балки унинг инсонийлик қирралари, аёллик бахти, турмуш ўртоғи, атоқли Ҳамид Олимжонга бўлган вафо ва садоқати акс эттирилган. Режиссёр Иброҳим Расулов кастинг жараёнларида 200 га яқин номзодлар орасидан мени танлаб олганларидан хурсанд бўлдим.

    “Муҳаббат баҳори” фильми съёмка жараёнларининг бир қисми шоира яшаган хонадонда бўлиб ўтди. У ерда менга Зулфияхонимнинг ўз қўллари билан турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжон учун ёзган мактубларини ўқиш бахти насиб этди. Томошабинларга яна бир сирни очадиган бўлсам, образимни яратиш жараёнида шоиранинг тақинчоқлари ва либосларидан фойдаландим. Бу менинг қалбимга ўша давр руҳиятини сингдирди. Кинокартина устида иш бошлангандан буён вафо тимсоли ила ҳар дам хотирланадиган Зулфияхоним шахсияти ва ҳиссиётлари билан яшадим. Бу мен учун бир умрга энг қадрли образ бўлиб қолади!”

    “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ахборот хизмати