Мураккаб иншоотнинг беминнат хизмати

    Айни пайтда уч миллион киши истиқомат қилаётган пойтахтимизда аҳоли сони ҳар йили 100 минг нафарга ортиб бормоқда.

    Тошкентга бир кунда 1,4 миллион киши келиб-кетади. Шунга мос равишда улар фойдаланадиган автомобиллар, хизмат кўрсатаётган транспортлар сони ҳам кўпаймоқда.

    Шу боис, бугунги кунда наинки пойтахтимизда, балки унга туташ ҳудудларда йўл-транспорт иншоотларини қуриш долзарб вазифага айланган. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳолининг узоғини яқин қилиш ҳамда тирбандликнинг олдини олишдир. Бу ишларга “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси жамоаси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Хусусан, трестнинг “13-кўприкқурилиш отряди” жамоаси томонидан Зангиота туманидаги Назарбек шаҳарчаси ҳудудидан ўтган темир йўл ва автомобиль йўллари кесишмасида барпо этилаётган замонавий йўл ўтказгич фойдаланишга топширилгач, минглаб юртдошларимизга катта қулайлик яратилади, уларнинг қимматли вақти тежалади. Ушбу кўчада транспорт воситаларининг ўтказувчанлиги ҳам кескин ошади.

    Сўнгги йилларда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Назарбек шаҳарчасида ҳам аҳоли сони сезиларли даражада ортди. Бугунги кунда унинг ҳудудидаги тўққизта маҳаллада 33 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шаҳарчада ва Зангиота туманида яшовчи аҳоли, қўшни қозоғистонлик қардошлар Тошкент шаҳрига асосан 4Р253 автомобиль йўли орқали бориб келишади. Транспорт сонининг ортиши, айниқса, ушбу ҳудуддан ўтувчи темирйўл ва автомобиль йўли кесишмасининг вақти-вақти билан ёпилиб туриши ва узундан узоқ тирбандликлар келиб чиқиши сабабли пойтахтимиз ҳамда унга туташ манзилга қатнов тобора қийинлашиб бормоқда.

    Бунинг биринчи сабаби – поездларнинг кундалик ҳаракати, тепловозларнинг манёврлари туфайли “Назарбек” темир йўл станцияси ҳудудидан ўтган автомобиль йўли муайян муддатга ёпиб қўйилиши ҳисобланади. Бундай ҳолатларнинг эрталаб ва кечқурунга тўғри келиши сабабли Тошкент шаҳрига бораётган ва ундан қайтаётган аҳоли автотранспортларидан иборат катта тирбандлик ҳосил бўлади.

    Ушбу ҳудудда яшовчи юртдошларимиздан тушган кўплаб мурожаатлар инобатга олинган ҳолда, Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “2021–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги фармойишига асосан, “4Р253 “Тошкент шаҳри — Туркистон ш/х — Қозоғистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг 3 километридаги темир йўл устидан йўл ўтказгич қуриш” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси буюртмачи сифатида белгиланди. Лойиҳа эса “Йўл – лойиҳа бюроси” масъулияти чекланган жамияти томонидан тайёрланди. Бош пудратчи этиб “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси таркибидаги 13-кўприкқурилиш отряди танланди.

    Мазкур лойиҳа анча мураккаб ечимга эга. Унга биноан, энг аввало, темир йўл ва автомобиль йўли кесишмасида умумий узунлиги 398 метр, кенглиги 22 метр, кўприк ости баландлиги 7 метр бўлган тоннель шаклидаги йўл ўтказгич, унинг устидан эса узунлиги 21,8 метр, кенглиги 18,5 метрли уч изли темир йўл кўпригини қуриш, улар кесишмасида яна узунлиги 28 метр, эни 12,5 метрдан иборат автомобиль йўли ўтказгичини барпо этиш режалаштирилган эди. Бунинг учун иншоотга туташ бўлган 23 та уй-жой, тадбиркорлик субъекти биноларини кўчириш зарур эди.

    — Даставвал тажрибали мутахассисларимиз билан лойиҳанинг ҳар бир жиҳатини пухта ўрганиб, замонавий техникаларда тупроқ ишларини бажардик, — дейди “13-кўприкқурилиш отряди” мутахассиси Бекзод Шералиев. — Шундан сўнг мустаҳкам темир-бетон пойдеворлар босқичма-босқич тайёрланди ва лойиҳа бўйича ётқизилди. Узунлиги 21,80 метрлик икки йўлакли темир йўл кўприги қуриб битказилиши билан поездлар ҳаракати йўлга қўйилди. Эътиборлиси, зарурат туғилганда, 3-темир йўл йўлагини қуриш учун ҳам муҳандислик шароитлари яратилди.

    Бундан ташқари, ер ости, яъни, автомобиллар ҳаракатланадиган қисмида ноқулай об-ҳаво шароитида, хусусан, меъёридан ортиқ ёмғирли кунларда сув тўпланиб, транспорт воситалари ҳаракатланишини қийинлаштирадиган ҳолатлар содир бўлишининг олдини олиш мақсадида сувни чиқариб ташловчи насос станцияси қурилди. Ёмғир суви йўл остига ўрнатилган 28 тонналик махсус захирада йиғилади ва улар насослар ёрдамида чиқариб ташланади.

    Тўғри, аҳоли яшаш жойлари ва тадбиркорлик субъектлари бинолари, қурилиш ҳудудидан ўтган коммуникация тармоқларини кўчириш анча вақт талаб қилди. Бу масалалар Тошкент вилояти ҳокимлигининг яқиндан кўрсатган амалий ёрдами ва геодезист мутахассислар билан ҳамкорликда ҳал этилди.

    Лойиҳа доирасида объектда жами 7,6 минг кубометр бетон, 104 минг кубометр тупроқ ва 3,4 минг тонна асфальт ётқизиш ишлари олиб борилди. Автомобиль ва темир йўл ўтказгичларида 42 та темир-бетон оралиқ қурилма, тоннель шаклидаги йўл ўтказгичда 521 та тиргак девор монтаж қилинди, 90 та ёритиш устуни ҳамда 648 метр ҳимоя тўсиқлари ўрнатилди.

    Эндиликда иншоотни қуриш даврида маҳаллий аҳолининг айланма йўллар орқали юриши, вақт ва маблағ йўқотишларига сабаб бўлган қийинчиликлар ҳам ортда қоляпти. Унинг фойдаланишга топширилиши маҳаллий аҳоли ва ушбу йўлдан ўтиб қайтаётганларнинг қимматли вақтини тежаш, автомобиллар тирбандлигининг олдини олиши баробарида, атроф-муҳит экологияси яхшиланишига ҳам хизмат қилади. Ҳисоб-китобларга қараганда, бир кеча-кундузда ўртача 10 мингта автотранспорт воситасининг узлуксиз қатнови таъминланади.

    Рустам ҲАЙДАРОВ,

    журналист

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates