Мутахассислар Jeju Air самолётининг битта қора қутисидан маълумотларни ажратиб олишди

    Мутахассислар 29 декабрь куни Муан аэропортида ҳалокатга учраган Jeju Air самолётининг овоз ёзиш мосламасидан маълумотларни ажратиб олиб, овозли файлларга айлантиришмоқда.

    Бу ҳақда Жанубий Корея транспорт вазирлиги фуқаро авиацияси департаменти директори Чжу Чжон Ван брифингда маълум қилди, дея хабар беради repot.az ТАССга таяниб.

    “Кабинадаги учувчиларнинг суҳбатини ёзиб олиш мосламасидан маълумотларни олиш якунланди. Бугун уларни овоз файлларга айлантириш ишлари бошланди”, деди у. Жанубий Корея расмийсининг қўшимча қилишича, иш имкон қадар тезроқ амалга оширилади.

    Иккинчи қора қути – парвоз маълумотларини ёзиб олиш қурилмаси ташқи томондан зарар кўрди. Бу шифрни очиш учун зарур бўлган вақтни оширади. Жанубий кореялик мутахассисларнинг фикрича, парвоз маълумотлари ёзиб олиш мосламаси маълумотларини очишга бир ойча вақт кетади. Агар иккала қурилма ҳам шикастланмаганида шифрни очиш тахминан бир ҳафта давом этган бўларди.

    Агар жанубий кореялик мутахассислар қора қутиларни очишда қийналса, қора қутилар Миллий транспорт хавфсизлиги кенгашидаги америкалик ҳамкасбларига топширилиши мумкин. Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши ва Boeing компаниясидан тахминан 10 кишидан иборат Америка делегацияси Муан шаҳрига етиб келди. Рёнхап агентлигининг таъкидлашича, улар жанубий кореялик ҳамкасблари билан биринчи навбатда бетон пойдеворга радиоантенналар ўрнатилган ер қопламаси кўринишидаги мажмуани ўрганишди.

    Жанубий Корея расмийлари Жанубий Кореядаги Муан аэропортида юз берган авиаҳалокатда 179 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу мамлакатдаги энг йирик авиаҳалокатга айланди, деб хабар беради report.az.