Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги, «Ватандошлар» жамоат фонди вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси 5-12 февраль кунлари амалий ташриф билан Корея Республикасида бўлди, дея хабар беради Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати.
Сафардан кўзланган асосий мақсад:
- Жанубий Кореядаги юртимиз фуқароларимизнинг яшаш ва меҳнат шароитларини ўрганиш, қийин аҳволга тушиб қолганларга амалий ёрдам кўрсатиш;
- Шунингдек, Корея Республикасининг ЭКСИМБАНК ваколатхонаси томонидан Қорақалпоғистонда «Хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва ўрганилган кўникмаларни амалда синаш маркази»ни ташкил этиш лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб боришдан иборат бўлди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Гендер тенглиги ва оила ишлари вазирлиги, Корея Аёлларни ривожлантириш институти, Хотин-қизлар ва оилага кўмаклашиш жамғармаси, Мигрант аёллар маслаҳат марказлари, Сокмёнг Аёллар илмий тадқиқот институти, Ҳюндаи илмий-тадқиқот институти раҳбарияти билан учрашиб, уларнинг фаолияти билан танишди.
Корея томони Ўзбекистонда хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, гендер тенглигини илгари суриш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.
"Делегация вакиллари шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини йўқотиб, оғир аҳволга тушиб қолган ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган фуқаролар билан сайёр қабуллар ўтказилиб, улардаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди.
Жумладан, 11 нафар фуқароларга авиа чипталар олиб берилди ва фуқаролик паспортини йўқотиб қўйганларга «Ватанга қайтиш сертификатлари» расмийлаштириб берилиб, юртимизга қайтарилди,— дейилади қўмита хабарида.