2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ 2024 йил 1 апрелдан бошлаб кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун онлайн ариза бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади.
Кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади (21.10.2021 й. 654-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 апрелга қадар кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш ҳамда маълумотнома тақдим этиш бўйича электрон шаклда давлат хизматини кўрсатишни ЯИДХИ орқали жорий этиш топширилди.
1 апрелдан бошлаб оиланинг даромадлари кам таъминланганлик мезонига мувофиқлигини аниқлашда минимал истеъмол харажатларининг янги миқдори Статистика агентлиги маълумотларига асосан болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун тақдим этилган аризаларга қўлланилади.
Кам таъминланган оилаларни аниқлаш мезонларига киритилаётган ўзгартиришлар 2023 йил 15 ноябрдан сўнг тақдим этилган аризаларга нисбатан жорий этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2023 йил 16 ноябрдан кучга кирди, деб хабар беради “Norma”.