Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этилди

    Мамлакатимизда 24 апрел 2021 827

    Мамлакатимизнинг изчил тараққиёти Наманган вилоятида ҳам улкан ўзгаришларга замин яратди. Шаҳар-у туманларда бир қатор бунёдкорлик ишлари ва истиқболли инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Хусусан, вилоятда 2020 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 4,8 фоиз, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 15,8 фоизга ўсган. Бунда вилоятда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.

    Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташриф буюрган эди.

    Ташриф давомида мазкур вилоятнинг салоҳиятини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилган қатор янги ғоялар илгари сурилди, масъулларга тегишли амалий кўрсатмалар ва вазифалар берилди.

    Бугун муҳокама этилаётган Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш ташаббуси ҳам ана шу ташриф маҳсули бўлиб, ушбу масаланинг ижобий ҳал этилиши ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб тасдиқланадиган маҳаллий дастурларни тўлиқ рўёбга чиқаришнинг муҳим омилларидан бўлади.

    Наманган шаҳри 1926 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унинг аҳолиси 640,1 минг нафарни, умумий ер майдони 18 минг гектарни ташкил қилмоқда.

    Қайд этиш лозимки, 2019 йилда вилоятнинг Чортоқ ва Наманган туманларидан 57 минг нафар аҳоли истиқомат қилувчи 6,3 минг гектар ер майдонлари Наманган шаҳри таркибига қўшилиши натижасида ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг шаҳар марказига қатновида турли муаммолар юзага келди.

    Ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари шаҳар марказидан 15-20 км узоқликда жойлашганлиги, саноат корхоналарининг камлиги сабабли фуқароларни иш билан таъминлашда муаммолар юзага келаётганлиги аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

    Бундан ташқари, 7 та маҳалла ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаган, ички йўллар эса бугунги кунда таъмирталаб ҳолатда.

    2020 йилда Наманган шаҳри таркибида 4,9 минг гектар ер майдони ҳамда 151 минг нафар аҳолини ўз ичига олувчи Давлатобод тумани ташкил этилди.

    Натижада, Давлатобод туманида бугунги кунда урбанизация жараёни жадаллашиб, янги инфратузилма объектлари барпо этилмоқда ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига хизмат қилмоқда.

    Шу сабабли ҳам Наманган шаҳри ҳудудининг 8,2 минг гектар ер майдони ҳамда 155,6 минг нафар аҳолисига эга яна бир Янги Наманган туманини ташкил этиш ва бу орқали фуқароларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш чораларини кўриш таклифи илгари сурилмоқда.

    Муҳокама қилинаётган Сенат Қарори лойиҳасига кўра Янгидан ташкил этиладиган туман ҳудудига 24 та маҳалла фуқаролари йиғини, 21 та умумтаълим мактаби, 40 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та тиббиёт муассасаси ва 12 та касалхона ўтказилмоқда.

    Янги Наманган туманининг саноат ва ишлаб чиқаришдаги ролини ошириш мақсадида истиқболда 16 та саноат корхоналари ва 4 та кичик саноат зоналари фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

    Бунинг натижасида саноат корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмларининг шаҳар саноатидаги умумий улуши 1 трлн сўмга етказилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилади.

    Янги Наманган туманининг ташкил қилиниши туманда замонавий инфратузилма объектлари барпо этилиши ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига ва энг асосийси аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда хизмат қилади.

    Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси

    Олий Мажлиси Сенатининг

    Ахборот хизмати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates