Наманганда 109 нафар аёлга нисбатан жиноят ишлари кўрилиб, уларнинг 91 нафарига жазо тайинлаш бўйича ҳукм чиқарилган

    Бу ҳақда вилоят судида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди. Айтиш лозимки, кейинги пайтларда мамлакатимизда суд ишлари шаффофлигини таъминлаш мақсадида судьяларнинг ўз фаолияти юзасидан жамоатчиликка ахборот бериш амалиёти тўлиқ йўлга қўйилди.

    Наманганда журналист ва блогерлар билан ташкил этилган учрашувда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, одил судловни амалга ошириш борасида вилоят ва вилоят маъмурий судлари томонидан 2021 йил биринчи чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.

    Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган даврида жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, туман (шаҳар) судлари томонидан жами 1.053 нафар шахсга нисбатан 825 та жиноят иши кўрилиб, 774 нафар шахсга нисбатан 565 та ҳукм чиқариш, 275 нафар шахсга нисбатан 256 та жиноят иши бўйича ҳаракатдан тугатиш, 4 нафар шахсга нисбатан 4 та жиноят иши бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўллаш билан якунланган.

    Ҳукм чиқарилган ишларнинг аксарияти қасддан баданга тан жароҳат етказиш, ўғрилик, фирибгарлик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, штамплар, ҳужжатлар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, безорилик жиноятларини ташкил этган.

    Ўз навбатида инсонпарварлик тамойилига асосланган ҳолда 6 нафар шахс оқланиб, 55 нафар шахс суд залида қамоқдан озод этилгани,ЖКнинг 57-моддаси қўлланган ҳолда, жиноят содир этган 288 нафар ёки 27,4 фоиз шахсга енгилроқ жазо тайинланиб, 17 нафар ёки 1,3 фоиз шахс шартли ҳукм қилингани ҳам айтиб ўтилди. Шу билан биргаликда 468 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 7 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган. 272 нафар шахс эса тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

    Маълумки азалдан жамиятимизда аёлларга бўлган ҳурмат ва эътибор ўзгача бўлиб келган. Ҳозирги кунда эса бу масала устувор вазифалар қаторида. Хусусан, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга доимий равишда моддий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келинаётир. Шунга қарамасдан Наманганда ҳам аёллар ўртасида жиноятчилик ҳолатлари кузатилаётгани дилни хира қилади. Буни, масалан, йилнинг ўтган даврида 109 нафар аёлга нисбатан жиноят ишлари кўрилиб, уларнинг 91 нафарига жазо тайинлаш ҳукми чиқарилганида кўриш мумкин. Нозик жинс вакиллари томонидан фирибгарлик, ўғирлик, ҳатто, ўлим билан боғлиқ жиноятларга қўл урилаётгани мўътабар аёлларимиз шаънига иснод бўлиб тушмоқда.

    Бу ўз навбатида аҳоли мазкур қатлами орасида профилактика ишларини кучайтириш, айни масалага хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаолларини кенг жалб этиш, жиноятга мойил аёллар онгига қонунларга ҳурмат руҳини, жиноят учун жазо муқаррарлиги принципини сингдиришни тақозо этади.

    Ота-она назоратидан четда қолган, носоғлом муҳитда ўсаётган ёки боқувчисини йўқотган вояга етмаганлар ўртасида баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, безорилик, ўғрилик, талончилик каби жиноятлар содир этиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳам ташвишли.

    Анжуман иштирокчиларига кўриб тамомланган жиноят ишларини судланувчиларнинг иш жойи, яъни, соҳа кесимида ўрганилганда, энг кўпи масъулияти чекланган ва акциядорлик жамиятлари,хусусий тадбиркор, фермер хўжалиги раҳбарлари ва ходимлари, таълим тизими ходимлари, тиббиёт вакиллари, шунингдек ўқувчи, талабалар, банк ходимларини ташкил этганлиги ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.

    Журналист ва блогерлар анжуман сўнггида ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates