Навоийда жойлашган Лангар маҳалласи вилоят марказидан 120 километр, Хатирчи тумани марказидан эса 60 километр масофада жойлашган тоғлар билан ўралган маҳалла ҳисобланади. Лангарда 8 та тоғ, кўл, булоқ, чўлдан иборат табиат манзаралари рўйхати шакллантирилган бўлиб, доимий равишда сайёҳлар ташрифи кузатилади.
Туризм маҳаллаларида 4 та ҳунарманд устахоналари ташкил этилган бўлиб, қўшимча равишда ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича мастер класс хизмати йўлга қўйилган. 20 та оилавий меҳмон уйлари ва 3 та дам олиш маскани фаолияти йўлга қўйилиб, 55 нафар аҳоли иш билан таъминланган. 3 та умумий овқатланиш шохобчалари, 10 та савдо нуқталари фаолият кўрсатмоқда. Тадбиркорлик субъектлари сони 30 тани ташкил этади.
Сайёҳлар учун миллий таомлар тайёрловчи 15 та гастрономик хонадонлар фаолияти ташкил этилган. Сайёҳлар оқимини ошириш, аҳоли даромад манбаини кўпайтириш мақсадида 3 кунлик “Лангар туризм халқаси” турпакети ҳам ишлаб чиқилган.
Шунингдек, туризм турларини ривожлантириш мақсадида 1 та ов туризми объекти ташкил этилган.
Қувонарлиси, куни кеча маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қулайлик яратиш, қишлоқнинг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 2025 йилда 6 та кемпинг, узунлиги 800 метрлик зиплине, 200 метрлик тюбинг, замонавий ресторан ва селфи зона ишга туширилди. Ушбу тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов ва кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар иштирок этишди.
Бу эса ҳудудга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сонининг ортиши, туризм хизматлари кенгайиши, ҳудуддаги аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадини ошишига хизмат қилмоқда.














