Назарий билимлар амалиётда мустаҳкамланади

    Ўзбекистон ёшлар мамлакати сифатида дунё ҳамжамиятига юз очди.

    Ёшларга муносиб таълим-тарбия бериш, иқтидор ва имкониятларини рўёбга чиқариш, муносиб меҳнат шароитлари яратиш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар кўлами тобора тараққий этиб келмоқда.

    2024 йил — “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланишида ҳам келажагимиз бўлган ёшлар сиёсати устуворлигини кўрамиз. Ислоҳотлар бир йил билангина чекланиб қолмай, тизимли давом этмоқда. Ёшларни илм олишлари, танлаган соҳаларини мукаммал даражада билишлари учун шароитлар яратилмоқда. Уларнинг ҳар жиҳатдан билимли, маҳоратли бўлишларида олий таълим муассасалари зиммасига катта масъулият юкланади.

    Биргина, тиббиёт соҳасига тўхталадиган бўлсак, унда албатта замон билан ҳамнафас бўлиш талаб этилади. Замонавий тиббиёт кундан кунга ривожланиб, янги технологиялар жорий этиб келинмоқда. Улардан фойдаланиш, амалиётга татбиқ этиш, хорижий тилларни мукаммал ўрганиш, IТ технологиялардан хабардор бўлиш заруратини пайдо қилди. Эндиликда нафақат тиббий таълим бериш, балки замонавий компьютер технологиялари, хорижий тилларни ўргатишни ҳам талаб қилмоқда.

    Жорий йилнинг 5 февраль куни Президентимиз раислигида 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифаларга бағишланган видеоселекторда ёшларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

    Бу бежиз эмас. Асосий мақсад, талабалар қобилиятларини юзага чиқариш ва ривожлантиришга кенг имкониятлар яратиб бериш. Битирувчиларни иш билан таъминлашда коллеж-техникум ва олийгоҳлар иш берувчилар билан узвий боғлайдиган тизим яратилиши алоҳида таъкидланди. Бу битирувчиларни ўзлари танлаган касб-ҳунар бўйича муносиб иш ўринлари топишларида ўзига хос имкониятлар беради.

    Видеоселекторда тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари учун яна бир муҳим янгилик эълон қилинди. Янги ўқув йилидан бошлаб, тиббиёт олийгоҳлари битирувчи курс талабалари учун кўп тармоқли шифохоналарда иш ҳақи тўланадиган интернатура йўлга қўйилиши. Мазкур янгилик талабаларимизни назария билан амалиётни уйғун ҳолда олиб бориш баробарида даромад топишларига имконият яратади. Ҳозирги кунда институтимизда бакалавриат босқичида 1610 нафар битирувчилар таҳсил олмоқда. Уларнинг келажакда ўзларига муносиб иш ўринлари топишларида устоз-мураббийлар ҳар жиҳатдан кўмаклашмоқда. Масъуллар иш берувчи муассасалар билан узвий ҳамкорлик қилиб, мавжуд бўш иш ўринлари юзасидан талаба ёшлар билан ўртоқлашмоқда.

    Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш, касалликни эрта аниқлаш ва даво чораларини кўриш шифокорлар учун ҳамиша долзарб масала бўлиб келган. Давлатимиз раҳбари бу соҳада соғлиқни сақлаш йўналишида қилиниши керак бўлган устувор йўналишларни белгилаб берди. Хусусан, бирламчи тиббиёт хизматни аҳоли талабига мослаштириш ишларини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Тиббиёт бригадаларини шифокорлар билан тўлдириш, тўлиқ штат бирлигида ишлайдиган ҳамшираларни кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Соҳада малакали мутахассислар сафини кўпайтириш, мавжуд иш ўринлари вакансияларини онлайн платформага жойлаштириб, мутахассисларни иш билан таъминлаш бўйича шаффоф тизим яратиш вазифаси берилди.

    “Касални даволагандан кўра, уни олдини олган яхши”, деган ибора бор. Бу ҳаёт ҳақиқати бугун ҳар жиҳатдан муҳим. Гарчи соғлом бўлсада тиббий кўрикдан ўтиб туриш ҳамманинг ёдига келмайди, эътибор қаратмайди. Шундай вазиятда биз шифокорлар тиббий кўрикнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида тушунчалар бериб, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказиб келяпмиз. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда кўнгилли талабаларимиз бизга кўмакдош. Олийгоҳимизда таҳсил олаётган ёшлар волонтёр сифатида шаҳар ва туманларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи билан боғлиқ ишларда ҳар жиҳатдан фаол. Шу кунга қадар, чекка қишлоқ ва маҳаллаларда 50 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.

    Шунингдек, 23 та марказ, 12 та тиббиёт олийгоҳи, 2 та шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш марказларининг ҳар бирига замонавий менежерларни ишга олиб, халқаро аккредитациядан ўтказиш топширилди. Бу ишлар орқали шифокор ва ҳамшираларни янгича ўқитиш, даволаш сифатини ошириш, дори ёзишни камайтириш, энг муҳими – ривожланган клиникалар муҳитини олиб кириш муҳимлигига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, бирламчи бўғим рақамлашмагани боис, шифокор вақтининг учдан икки қисми ҳисобот тўлдиришга кетаётганлиги сабабли мутасаддиларга “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ва “Электрон тиббий карта” тизимларини жорий этиш вазифаси юклатилди. Кафолатланган пакетга кирган дориларни электрон рецепт асосида беришни йўлга қўйиш топширилди. Бу шифокорларнинг вақтини тежаш, иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

    Оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Хориждан мутахассисларни олиб келиб, энг аввало, она ва гўдак ўлими юқори 20 та туман ва шаҳардаги тиббиёт ходимларини ўқитиш топширилди.

    Бундан ташқари, Юртбошимиз 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига қилган ташрифлари давомида саноат ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, уй-жой, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, фаровонлигини ошириш билан боғлиқ кўплаб масалаларга эътибор қартиб ўтгани ҳам соҳада малакали кадрлар тайёрлашга бўлган эътиборни оширди.

    Хитой ва Венгрия фармацевтика компаниялари Андижонга келиб, ишлаб чиқаришни ташкил қилишга катта қизиқиш билдиришаётгани эътироф этилди. Бу мамлакатларнинг йирик компаниялари билан келишувга эришиб, мураккаб таркибли дори ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш чораларини кўриш топширилди. Таълимни ишлаб чиқариш билан боғлаб, фармацевтика кластерини ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.

    Андижонга ҳар йили 10 минг хорижий сайёҳ арзон ва сифатли тиббий ёрдам олиш учун келади. Шу муносабат билан кардио-эндо ва микрохирургия йўналишида тиббий хизмат экспортини икки баробар ошириш мумкинлиги таъкидланди. Вилоятда даволаш ва диагностика хизматлари оқилона жойлашмагани кўрсатиб ўтилди. Биргина Андижон шаҳрида 1,5 километр радиусда 8 та шифохона жойлашган бўлиб, уларни кластер усулида бирлаштириб, аҳолига янада қулай ва сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилиб, тиббиёт институти клиникаси негизида кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил қилиш масаласини ўрганиш топширилди.

    Шифокорлар вақтини тўғри ташкил қилиш орқали аҳолини ортиқча кутиш ва оворагарчиликка қолдирмаслик юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига Асака туманида шифокор ва ҳамширалар ишини тўғри ташкил этиш намунасини яратиш ва барча туманларда жорий қилиш топширилди. Беморларга кўрсатилган хизматларни муассасанинг ўзида, телефон ёки онлайн сўровнома ўтказиш орқали баҳолаш тизимини шакллантириш вазифаси қўйилди. Шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларини янгича ўқитиш, даволаш сифатини ошириш, дори ёзишни камайтириш орқали ривожланган клиникалар муҳитини олиб кириш қайд этилди.

    Сирасини айтганда, Давлатимиз раҳбари, аҳоли саломатлиги ва тиббий хизмат самарадорлигини ошириш билан боғлиқ ҳар бир масалага алоҳида эътибор ва жонкуярлик билан ёндашиб, аниқ мақсадларни белгилаб берди. Бу вазифалар ижросини таъминлашда ёшларга сифатли таълим бериш, иқтидорларни эрта аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш орқали тиббий хизмат сифатини ошириш бугунги куннинг муҳим амалларидан.

    Мадаминжон Мадазимов,

    Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates