Немис тилини ўргатувчи платформа ишга тушди

    Немис тили дунёдаги энг кўп ишлатиладиган тиллардан бири бўлиб, барча тиллар орасида ўнинчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, у энг кенг тарқалган ва жаҳонда 130 миллионга яқин одам немис тилини она тили сифатида билади.

    Немис тили биринчи навбатда Европа Иттифоқида кенг тарқалган ва Германия, Австрия, Белгия, Лихтенштейн ва Люксембургда расмий тил ҳисобланади. Шунингдек, Швейцарияда ҳам немис тили расмий тил мақомига эга. Бундан ташқари, 42 мамлакатда 7,5 миллион киши немис тилида сўзлашувчи озчиликка тегишли.

    Немис тили Ўзбекистонда ҳам ўзига хос ўрин ва нуфузга эга. Бугунги кунда икки томонлама муносабатларда маданият, санъат, фан, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликлар ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд университетининг Гумболдт номидаги ҳамда Бамберг ва Гёттинген шаҳарларидаги университетлар билан ҳамкорлиги самарали ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикасида немис миллатига мансуб 25 мингга яқин киши яшайди.

    Немис тилининг нуфузини ҳисобга олган ҳолда ҳамда аҳоли орасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш ва уларни мукаммал ўзлаштириш учун зарур шароитлар яратиш, хорижий тилларни ўқитишнинг халқаро тан олинган дастур ва дарсликлари таълимнинг барча босқичларида жорий этилишини мувофиқлаштириш ҳамда ўқитувчиларда замонавий ўқитиш кўникмаларини ривожлантириш вазифаларининг ижросини таъминлаш мақсадида, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан немис тилини ўргатувчи медиа-контент, масофавий таълим платформаси - http://de.lpa.gov.uz/ ишга туширилди.

    Мазкур порталнинг мақсади Республика бўйича немис тили таълимининг ягона ахборот-методик таъминотини яратиш ҳамда уни ташкил этишнинг масофавий шаклларини ишлаб чиқишдан иборатдир. Немис тили бўйича ахборот-таълим порталларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш ягона методик таъминотни амалга ошириш билан бир қаторда, турли ресурслар интеграцияси асосида билимларни узлуксиз ошириш имкониятини яратади.

    Платформадан фойдаланиш жуда осон. Немис тилини осон, мустақил ва бепул ўрганишни истовчилар http://de.lpa.gov.uz/ га кириб, янги сўзлар қисмида курс бўйича янги сўзлар билан танишишлари мумкин. Бундан ташқари, баъзи бир мавзуларда кроссвордлар ҳам берилган бўлиб, улар ечилгандан кейин ҳам ўрганувчига маълум миқдордаги тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида маълумот беради. Мавзуларни ўзлаштиришда ҳар бир мавзу бўйича машқ ва тест саволлари ишлаб чиқилган.

    Менюдаги натижалар бўлимидан эса ўрганувчи тўплаган натижаларини кўриш мумкин. Мазкур тизим ўрганувчининг компьютер имкониятларини ўзлаштириши, ундан самарали фойдаланиши орқали унинг педагог билан индивидуал ишлаш жараёнини мувофиқлаштирувчи восита сифатида ҳам қўлланилади. Хусусан, ўқитувчилар билим ва малакасини компьютерлаштирилган ҳолда назорат қилиш, талаб қилинадиган билимлар мажмуасининг сифатини аниқлаш муаммосини ҳал қилиш имкониятини беради.

    Эслатиб ўтамиз, бир неча ой олдин давлат тили орқали инглиз тилини бепул ўргатувчи - http://test.lpa.gov.uz/ платформаси ҳам муваффақиятли ишга туширилган эди.

    Хуршид МАМАТҚУЛОВ,

    Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги бўлим бошлиғи,

    педагогика фанлари доктори.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates