NEST ONE – Янги Ўзбекистон имижи ва салоҳиятини дунёга намоён этишни мақсад қилган лойиҳа

    Урбанизация 20 ноябр 2023 1896

    Муассислар кўчмас мулк соҳиблари интиқлик билан кутган янгилик – хонадонлар, офислар ва ритейл-ҳудудлар эгаларига кадастр ҳужжатларини босқичма-босқич тақдим этиш бошланганини эълон қилди.

    Қурилиш соҳаси иқтисодиётимизнинг чин маънода “драйвер”ига айланди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўп қаватли уйлар, сервис-хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа объектлари қад ростлади. Буларнинг бари бир мақсадга – халқ фаровонлигига эришиш мақсадида бунёд этилаётир.

    Тошкент шаҳрида мамлакатимиздаги илк осмонўпар бино – Nest One қурилиши ҳам ана шундай мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

    Куни кеча Nest One қурилиши якунланишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Nest One жамоаси, журналист, блогер ва инфлюэнсерлар иштирок этди.

    Мажмуа алоҳида экотизим сифатида ўйланган бўлиб, шаҳарнинг ажойиб манзараси намоён бўлувчи премиал хонадонлар, офислар ва 33 та жамоат ҳудудлари – дўкон, ресторан, болалар майдончалари, шунингдек, қишки боғ, дам олиш ва спорт майдонларини ўз ичига олган. Турар жой биносининг баладлиги 267 метрни ташкил этиб, эллик икки қаватдан иборат.

    Тадбирда берилган маълумотга кўра, бинони қуриш учун 27 минг тонна темир, 150 минг тонна бетон ишлатилган. Бу бинонинг мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади. Таъкидлаш жоизки, мажмуа қад ростлашида мингдан ортиқ мутахассис жонбозлик кўрсатди.

    Матбуот анжумани аввалида давлатимиз мадҳияси янгради. Nest One таъсисчиларидан бири, Murad Buildings асосчиси Мурад Назаров мадҳиямиз янграшида рамзий маъно борлигини, боиси Nest One мамлакатимиз ва халқимизнинг ишончи туфайли қад ростлаганини таъкидлади. У мазкур йирик лойиҳанинг яратилиш режаси қандай бўлгани, жамоа қандай шакллантирилгани, бинонинг пойдевори қурилишидан то бўй кўрсатиб бугунги кўринишига келгунча бўлган давр ҳақида гапирди. Бунда давлатимиз эътибори, халқимиз ишончи лойиҳа иштирокчиларига катта кўмак кўрсатганини қайд этди.

    Таъкидлаш керакки, Nest One қурилиши кўплаб новаторлик концепцияларини уйғунлаштиради. Ишлатилган барча материаллар ва ечимлар жиддий асос ва мураккаб муҳандислик ҳисоб-китобларига эга. Иморатда энг сўнгги жаҳон технологиялари қўлланилган ва бугунги кунда дунёдаги энг хавфсиз осмонўпар бинолардан бири, десак муболаға бўлмайди. Ёнғин хавфсизлиги барча халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда лойиҳаланган. Бинонинг ташқи фасадини безашда ўтга чидамли материаллардан фойдаланилган. Бинонинг ички тарафига замонавий тутун сезиш тизими ўрнатилган, сезгир датчиклар туфайли у саноқли сонияларда муаммо ҳақида сигнал йўллайди ва ёнғинга қарши ҳимоя тизимини ишга туширишга буйруқ беради. Эвакуация йўллари вентиляция тизимининг оқилона режалаштирилгани ва маконнинг герметиклиги туфайли тутун тўлиб қолишидан пухта ҳимояланган. Бинода ёнғинга қарши лифтлар, авариявий ёритиш тизими кўзда тутилган, авариявий электр энергияси генераторлари ўрнатилган.

    Муассислардан бири, “Özgüven” асосчиси Ўзгур Ўнур Ўзгувен бинонинг мана шу жиҳатлари, яъни замонавий технологиялар асосида, аввало, одамлар ҳаёти хавфсизлиги ҳисобга олинган ҳолда қад ростлаганини таъкидлади.

    Матбуот анжумани сўнггида тадбир иштирокчиларининг саволларига муассислар томонидан жавоб берилди. Қаватлар бўйлаб саёҳат ташкил этилди.

    Башорат ЮНУСОВА,

    yuz.uz мухбири