Ниятларим рўёбга чиққан кун

    Бухоро вилоятининг энг чекка ҳудуди ҳисобланган Қоракўл туманида дунёга келганман. Дарғали қишлоғининг ёзда чанг, қишда лой кўчаларида ўтган болалигимни эсласам, кўз ўнгимга бобом келади. У киши бир умр қишлоғимизга ичимлик сув келишини, кўчаларимиз обод бўлишини орзу қиларди. Мен эса ҳали катта бўлсам, ўқимишли одам бўламан, дердим.

    Ўшанда мен қишлоғимизга газ, сув келтираман, чироқсиз йўлларга симёғочлар ўрнатиб, ҳамма ёқни ёруғ қилсам, бобом ва қишлоқ одамлари хурсанд бўлади, мени мақтайди, деб хаёл сурардим. Онам болалик хаёлларимни бузиб, “Агар ҳозирданоқ ўқимасанг, ҳеч ким бўлмайсан. Ўқи, тезроқ одам бўл”, дерди.

    Президентимизнинг саъй-ҳаракати билан менинг болалик орзуларимга қўшилиб, бутун қоракўлликларнинг ҳам асрий нияти амалга ошди. Туманимизга ичимлик сув келди. Кўчаларимиз ёруғ ва обод бўлди. Нега мен куни кеча олган мукофотим ҳақида эмас, қишлоғим ва унинг одамлари ҳақида айтяпман? Чунки болаликдаги орзуларим, юрагимдаги ниятларим ҳам Президентимиз туфайли рўёбга чиқди.

    Ҳозир ҳаяжондан сўзларим ­чалка­ш­­­я­пти. Ахир мен “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирландим. Бунинг қанчалар завқли, шавқли эканини таърифлашга ожизман. Ютуқлар шунчаки қўлга киритилмайди. Бунинг учун кўп ўрганиш, ўқиш керак. Болалигимдан математика фанига қизиқишим кучли эди. 2016 йили Қоракўл туманидаги халқаро математика мактабига қабул қилиндим. У ерда устозларим мендан билимини аямади. Улар берган таълим-тарбия сабаб онгу шуурим янада ёришиб, билимим ортди.

    Ўқиш давомида математика фанидан республика ва халқаро миқёсдаги олимпиадаларда иштирок этдим. Ўтган йили жуда кўплаб ютуқларга эришдим. Жумладан, 8-12 январь кунлари Қозоғистонда ўтказилган Жаутиков халқаро онлайн олимпиадасида қатнашиб, бронза медални, Индонезияда бўлиб ўтган халқаро oлимпиадада якка тартибда ва жамоавий кумуш медалларни қўлга киритдим. Шунингдек, Эронда ташкил этилган геометрия онлайн олимпиадасида кумуш медаль соҳиби бўлдим. Бу йил февралда Жаутиков халқаро онлайн олимпиадасида кумуш медалга сазовор бўлгандим. Эндиги мақсадим — шу йилнинг 8-16 июль кунлари Норвегияда математика фанидан ўтказиладиган халқаро олимпиадада байроғимизни баланд кўтариб, юртимиз ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини бутун дунёга яна бир бор намоён этиш!

    Арзимас ютуқларим юксак баҳоланиб, “Мард ўғлон” давлат мукофотига муносиб кўрилганим ҳаётимдаги хурсандликларнинг ажойиб дебочаси бўлди. Бу мукофот менга ишонч бағишлади. Зиммамга масъулият юклади. Ёшлар кунида мен каби мукофотланган, қалби шодликка, қучоғи гулга тўлган бахтиёр тенгқурларим номидан давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлик билдираман. Мукофотнинг залворини юракдан ҳис қилган ҳолда, юртимиз шарафини ўз билимим, куч-ғайратим билан янада оширишга ҳаракат қиламан.

    Лазизбек РАЖАББОЕВ,

    Қоракўл туманидаги халқаро математика мактаби ўқувчиси,

    “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates