ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларида фаоллик ва ташаббускорлик бўлиши зарур

    Мамлакатимизда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ва мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатиш масаласи янада долзарблик касб этаётганини назарда тутган ҳолда, олдимизда турган мақсадларга эришишимиз туб негизида жамоатчилик назорати туришини, бундан кейин ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш давом этиши, соҳага янгича ёндашув ва муносабат зарурати борлигини ҳар доим ёдда тутмоғимиз керак.

    Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар самарасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали соҳани жадал ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

    Таъкидлаш жоизки, мамлакатни модернизациялашнинг ҳозирги босқичида фуқаролик жамияти институтлари муҳим ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизда уларни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

    Зеро, сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ОАВ ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар фуқаролик жамиятининг негизини ташкил қилади. Улар халқимизнинг ҳуқуқий онги, маданияти, сиёсий ва фуқаролик фаоллиги ошишига, миллий ўзликни танитишга, маънавий тафаккур бойишига, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш ҳамда бошқа номоддий эҳтиёжлар қондирилишига бевосита таъсир этади. Бир сўз билан айтганда, юртимизда адолатли ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш масаласи олдимизга қўйилган устувор мақсадлардан биридир.

    Дарҳақиқат, кейинги йилларда қабул қилинган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин, барқарор ва тизимли ривожланиши учун мустаҳкам замин яратди.

    Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг изчил ва босқичма-босқич қабул қилиниши натижасида, тегишли инфратузилма – шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда воситачи сифатида иштирок этувчи, фуқароларнинг ижтимоий манфаатларини рўёбга чиқаришга кўмаклашувчи кўплаб нодавлат нотижорат, жамоат ташкилотлари, бирлашмалар, фондлар, касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолияти ривожланди ва йилдан йилга такомиллашмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган
    2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланди.

    Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва шу йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг замонавий босқичида янги саҳифа очди.

    Бундан кўзланган асосий мақсад, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотлари ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда қулай шарт-шароитлар яратишдир.

    Мазкур ҳужжатлар билан 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилотлар учун бир қатор имтиёз ва қулайликлар жорий этилди.

    Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 100 бараваригача оширилди. Мазкур норманинг белгиланиши натижасида нодавлат нотижорат ташкилотининг рўйхатдан ўтказувчи орган билан мол-мулк олишни келишиш жараёни янада соддалаштирилди.

    Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилди. Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмаслиги белгиланди.

    Эндиликда нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинди. 2021 йилнинг 1 мартидан эса нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмасини фақат юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланаётгани рўйхатдан ўтказишнинг ягона тартибини белгилаб, алоҳида бўлинманинг молиявий мустақиллиги ва барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

    Шу билан бирга, ўз фаолиятини вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

    Фармонга кўра, бир қатор ННТлар учун муҳим мақсадли кўрсаткичлар белгиланганини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 баробарга, 2025 йилда эса 1,8 баробарга ошириш кўзда тутилмоқда.

    Айни пайтда юртимизда 10 мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат органлари билан бир қаторда ижтимоий шериклик тамойиллари асосида стратегик жиҳатдан муҳим ахамият касб этувчи мақсадларни амалга ошириш йўлида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

    Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзолари сонини жами фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонига нисбатан 2021 йилда 10 фоизга, 2025 йилда 30 фоизга етказиш белгиланиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан киритилган таклифларнинг умумий сонини 2021 йилда 1000 тага, 2025 йилда 5000 тага етказилишини таъминлаш вазифаси қўйилмоқда.

    Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига 2021 йилда 16 миллиард сўм, 2025 йилда 70 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш, жорий йилда 50 та, 2025 йилда эса 250 та нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш режалаштирилмоқда.

    Шу билан бирга, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинди. Унга кўра ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ҳамда бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги эълон қилиб борилади.

    Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантирилади ҳамда индекс натижалари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

    Бундан ташқари, Очиқлик индекси натижаси бўйича “Энг шаффоф нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20” ва “Энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20” рўйхатлари шакллантирилади.

    Шаффофлик стандартини жорий этган нодавлат нотижорат ташкилотларини белгиланган тартибда рағбатлантириш чоралари кўрилади, улар томонидан амалга оширилган ижобий ишлар жамоатчилик ўртасида кенг оммалаштирилади.

    Шу билан ННТлар моддий-техник базасини мустаҳкамлашга белгиланган тартибда кўмак берилади ҳамда давлат органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш чоралари кўрилади.

    Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши юртимизда “Кучли давлатдан – кучли фукаролик жамияти сари” тамойили асосида концептуал жараёнларнинг янада фаоллашуви, фуқаролик жамияти институтларининг барча тизимларини ривожлантириш, ННТларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, аҳолининг турли қатламлари вакиллари ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, энг асосийси, фуқароларнинг жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнларига шахсий дахлдорлик туйғусини янада кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

    Хулоса ўрнида айтиш жоизки, янги Ўзбекистон янги ўн йилликка қадам қўйган бир даврда эришган натижаларимизни мустаҳкамлаш, амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарадорлигига эришиш нафақат давлат органлари, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан ҳам фаоллик, ташаббускорликни талаб қилади.

    Мамлакатимизда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ва мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатиш масаласи янада долзарблик касб этаётганини назарда тутган ҳолда, олдимизда турган мақсадларга эришишимиз туб негизида жамоатчилик назорати туришини, бундан кейин ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш давом этиши, соҳага янгича ёндашув ва муносабат зарурати борлигини ҳар доим ёдда тутмоғимиз керак.

    Бахтиёр МАШАРИПОВ,

    Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари

    миллий ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates