Норин барча соҳада илғор туманга айланмоқда

    Саноат 20 сентябр 2023 2749

    Солланиб оқувчи Норин дарёси ҳақида эшитгансиз, биласиз, албатта. Бу дарё номидаги туман аҳолисининг характери ҳам худди шу дарёдек бағрикенг, шижоатли.

    Бирда кўпириб тошади, баъзан эса сокин. Норин тумани мард ва танти деҳқонлар, ташаббускор тадбиркорлар, билимга чанқоқ ёшлар, ҳар недан ҳикмат излайдиган зиёлилар маскани. Ҳар қарич еридан унумли фойдаланган ва йилда уч марта ҳосил олиб, ўз тажрибаларини оммалаштирган ҳам айнан норинликлар. Халқ достонларида куйланган қадамидан ўт чақнаган, тоғни жойидан қўзғатган йигитлар, ақлу заковатда, ҳусну латофатда ягона деб таърифланган сулув қизлар шу заминда туғилиб, камолга етмоқда, десак, асло муболаға эмас.

    Истиқлол ислоҳотлари туфайли кун сайин яшнаётган, обод бўлиб бораётган туман тараққий этаётганининг асосий сабаби норинликларнинг меҳнаткашлиги, ҳамжиҳатлиги, ташаббусларга “лаббай” дея жавоб бериши, саховатлигию оқибатлигидадир, дейиш мумкин. Туманда 57 та маҳаллада 172,5 минг аҳоли истиқомат қилади. Тожик, қирғиз, рус, қорақалпоқ, татар ва бошқа миллат вакиллари ўзбеклар билан аҳил-иноқ, қуда-анда бўлиб яшамоқда. 45 та мактаб, 147 та мактабгача таълим ташкилоти, 31 та шифохона фаолият кўрсатмоқда.

    - Туманимиз азалдан илғорлар сафидан тушмаган. Ўтган йил якуни билан кўп соҳаларда яхши натижаларни қайд этдик, - дейди Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов. - Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 108 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 104,5 фоиз, пудрат ишлари 108,9 фоиз, чакана савдо айланмаси 111,2 фоиз ва жами хизмат ҳажми 110,3 фоизга бажарилди. Шунингдек, маҳаллий бюджетнинг харажатлар режаси 154.8 млрд. сўмни ташкил этиб, амалда 159,9 млрд. сўмга ёки 103 фоизга молиялаштирилди. Туман маҳаллий бюджетининг харажатлари муҳим масалаларни ҳал этишга йўналтирилмоқда.

    Туманда бешта кичик саноат зонаси мавжуд ва уларда ишлар шиддат билан кетаётганини эътироф этиш жоиз. Мисол учун, “Ўзбекистон” КСЗда 37 млрд. 400 млн. сўмлик 23 та лойиҳада 532 нафар янги иш ўрни яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш миқдори 3 млрд. 500 млн. сўмлик маҳсулотлар ҳисобига йиллик бюджетга 130 млн. сўм солиқ тушуми режалаштирилган. Ҳозирда 25 млрд. 600 млн. сўмлик 20 та лойиҳа ишга туширилиб, 517 нафар янги иш ўрни яратилган. “Ёшлар”, “Тараққиёт”, “Порлоқ”, “Оқ олтин” КСЗлари 2021 йилда ташкил топган.

    “Катта Яйдоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Ёшлар” кичик саноат зонасида трикотаж маҳсулотлари, қурилиш лакбўёғи, травертин қоришмалари тайёрланади. “Еттиқашқа” МФЙдаги “Тараққиёт” кичик саноат зонасида 0,60 гектар майдонда 20 млрд. 700 млн. сўмлик 10 та лойиҳа жойлаштирилган. Лойиҳалар ижроси натижасида 242 нафар янги иш ўрни юзага келди. 845 млн. сўмлик маҳсулотлар эвазига йиллик бюджетга 78 млн. сўм солиқ тушумлари амалга оширилади. Бугунги кунда тўртта кичик саноат зонасида қурилишлар авжида.

    Туманда “Norinteks” МЧЖ корхонаси очилгач, 300 нафар киши ишли бўлди. У ерда 7,5 минг тонна ип калава ишлаб чиқарилади. Маҳаллаларда эса тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудуд аҳолисининг ички имкониятларидан келиб чиқиб, йўлга қўйилмоқда. Хусусан, “Юқори Чўжа” маҳалласида 1 минг 265 та оилада салкам 5,5 минг нафар фуқаро яшайди.

    - Аҳолимиз даромади асосан томорқачилик ва иссиқхоначиликдан бўлиб, кўчатчилик анча ривожланган. Бу йўналишни янада кенгайтириш ҳаракатидамиз, - дейди “Юқори Чўжа” МФЙ раиси Абдулҳамид Валихонов. - Маҳаллада лидер тадбиркор Абдуносир Пўлатовнинг “Олтин замин” томорқа хизматига таяниб, кооперация ташкил этяпмиз. Бизда ишсиз одамнинг ўзи йўқ. 13 гектар ерни аукцион орқали 130 нафар аҳолига тақсимлаб бермоқдамиз. Уларнинг фаолияти айнан шу кооперация томонидан мувофиқлаштирилади.

    Фаол тадбиркор Абдуносир ака айтишича, томорқа хизмати тасарруфидаги 1,2 гектар ернинг 25 сотихига редиска, 10 сотихига картошка, 5 сотихига сабзи, 60 сотихига тарвуз экилган. 20 сотихли иссиқхонага 205 туп лимон экилган бўлиб, орасига сепилган редискадан илк даромад олинди. 40 миллион сўмлик маҳсулот бозорда сотилди. Режалар баланд, совутгич омбор, парранда комплекси, биогомус ишлаб чиқариш мажмуи, балиқчилик хўжалиги фаолиятини яқинда ишга туширишаркан. Бу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун 1 миллиард сўм сарфланяпти. “Юқори Чўжа” намунаси тумандаги бошқа маҳаллаларга ҳам жорий этилмоқда.

    Нориннинг Катта Оқтовли қишлоғи аҳоли ўзининг миришкорлиги билан довруғ қозонган.

    - Ҳар бир хонадон камида 8-10 сотихли томорқасига эга. Ўртача даромад 30-40 миллион сўмдан иборат, - дейди маҳалла раиси Ханифа Тешабоева. - Уста деҳқонларимиз эса томорқачилик ортидан 300-400 миллион сўм маблағ жамғаришади. Барчаси она ерни севиш туфайлидир. Гулчилик вилоятимиз бренди сифатида шуҳрат топди. Бу борада катта оқтовликларнинг мақтангулик ҳиссалари алоҳида. Водий шаҳар ва туманларига пальма гулларидан етиштириб беришмоқда. Бобуржон Ураимжоновнинг гулчилик билан шуғулланаётганига тўрт йил тўлди. Уч сотихли иссиқхонасидан 70-80 миллион сўм фойда кўрмоқда. Мижозлар гулларни уйидан олиб кетишади.

    Маҳалла хонадонларининг аксариятида иссиқхона қад ростлаган. Кўчатчилик орқали ҳам катта даромад топилади. 428 та хонадоннинг 175 тасида иссиқхона бор. Норинликлар лимон етиштириш бўйича зўр маҳорат тўплаган. Тумандаги 81 та фермер хўжалиги ҳамда томорқа ер эгалари кооперация усулида бирлашган. Тадбиркор Зуҳриддин Ҳошимов раҳбарлигидаги мазкур корхона 2017 йилдан буён мева-сабзавотларни қуритиб-қайта ишлаш ва экспорти билан машғул.

    “Бойовул” маҳалласининг ўсиш “драйвери” баракага бой лимончиликдир. Бойовулда бир йилда ўртача 2 млн. донага яқин лимон кўчатлари етиштирилади ва қўшни туманлар, вилоятларга ҳам етказиб бериляпти. Маҳаллада жойлашган касб-ҳунар коллежида “Валижон Маҳмудов” номидаги лимончилик мактаби очилди. Валижон ота бошлаган анъанани ҳозирда унинг ўғли Жасурбек давом эттирмоқда, айни пайтда хонадонида 500 туп лимон кўчати парваришланяпти.

    Жорий йилда тадбиркорлар учун 84 гектар танланган ер майдонида йирик иссиқхоналар қурилиши кўзда тутилган. “Ўзбекистон” кичик саноат зонасида тадбиркор Қундузхон Ибрагимова 800 млн. сўмлик банк кредити кўмагида енгил спорт кийимлари, яъни футболкалар тикиладиган “Норин Жасмина текстил” МЧЖ хусусий корхонасини ташкил этди ва 80 нафардан ортиқ инсонни ҳақ тўланадиган меҳнат билан банд қилди.

    Тадбиркор Сарваржон Солиев ташаббуси билан 1 млрд. сўм ўз маблағига бунёд этилган “SOB SAR BREND” тикувчилик корхонасида 25 нафар ходим хизмат қилмоқда. Эркаклар учун мўлжалланган трикотаж маҳсулотлари маҳаллий ва қўшни республикалар бозорларига жўнатилаётгани диққатга сазовор. 2019 йилда фойдаланишга топширилган “Ҳаққулобод профнастил инвест” МЧЖ барпосига кредитдан 50 млн. сўм, тадбиркор ёнидан 200 млн. пул ажратиб, Хитойдан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Корхона бугун маҳаллий бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдирмоқда.

    - Норинлик ёшларнинг илм олиш, касб-ҳунар эгаллашга иштиёқи кучли, - дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Носиржон Ҳасанов. - Умумтаълим мактаби битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари йилдан-йилга ўсмоқда. Ўтган ўқув йилида 14-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатидан жами 6 нафар ўқувчи муддатидан илгари олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, талабаликни қўлга киритганди. 1, 2, 3, 4, 14, 10, 27, 28, 40, 44-мактабнинг 36 нафар ўқувчиси Корея ва Россия давлатининг халқаро университетларида таҳсил олиш имтиёзига эга бўлишди.

    Туман ҳокими Жўрабек Нурматов иқтисодий муваффақиятнинг устувор омили сифатида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш эканига жиддий масъулият билан эътибор қаратмоқда. Сектор раҳбарлари хонадонма-хонадон юриб, муаммоларни атрофлича ўрганиб, бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Янги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ташкил қилиш ҳамда уларга ғояларни шакллантириш, бизнес-режаларни тузиш ва тижоратлаштириш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес ҳаракатини қўллаб-қувватлаш туман раҳбарининг қатъий назоратида.

    Жорий йилда 500 та тадбиркорлик субъекти очилиб, улар сони 2 минг 527 тага етказилади. Банклар томонидан ажратилаётган кредитлар икки баробарга оширилиб, яъни 175 млрд. сўмни қайд этиши таъминланади. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 266,7 млрд. сўмлик 48 та лойиҳани ишга тушириб, 336 та янги иш ўрни яратиш белгиланган. 4,1 млн. АҚШ долларлик товар ва хизматлар экспортга чиқарилиши ва бу кўрсаткич йил якуни билан 71,3 фоизга бажарилиши кутилмоқда. Жумладан, “Xinyuan” МЧЖ хорижий корхонаси мош ва дуккакли маҳсулотлари экспортини икки баробарга кўтариб, экспорт ҳажми 5 млн. АҚШ долларини, қолаверса, учта кичик экспортёр корхона улуши билан мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 6,6 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

    Айни дам далада ва ҳовлида кузги юмушлар қизғин паллада. Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш мақсадида мавжуд 36 минг 86 та хонадондаги 2 минг 212 гектар томорқа ерининг 863 гектарига тўқсонбости, 305 гектарига эртаки ва 1 минг 44 гектарига ўртаки экишга жадал киришилди.

    Хулосаки, норинликларнинг бугуни ва эртасидан кўнгли тўқ, чунки дадил интилишлари, орзу-ниятларига муносиб равишда, фаровон умр кечирмоқда. Ҳар жабҳада намунали туман аҳли мудом ёруғ юз билан тонгни қаршилаб, кундузи ҳалол тер тўкиб, кечқурун ўз оиласи даврасига рўзғори учун маблағу яқинларига муҳаббат билан қайтаверсин.

    Орифжон ЖЎРАЕВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Носиржон ҲАСАНОВ олган суратлар.

    Мазкур таҳлилий мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 18 сентябрь,

    190-сонида “Орзу-ниятларга муносиб...” сарлавҳаси остида чоп этилди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates