Норма ижодкорлиги соҳасидаги қонунчиликни танқидий кўриб чиқиш ва тизимлаштириш вақти келди

    Шубҳасиз, муайян соҳадаги муносабатларни тартибга солишда конституциявий нормалар асосида қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатлари муҳим аҳамият касб этади. Норма ижодкорлиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар маҳсули сифатида соҳага оид кўпгина янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунчилик тизимимизга кириб келди.

    Натижада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар доирасида ўндан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари шаклланди. Мазкур қонунчилик ҳужжатларининг ҳуқуқий тизимга кўрсатаётган самарали таъсирини эътироф этиш билан бирга, айрим муаммоларга ҳам диққат қаратиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

    Соҳага оид қонунчилик базасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”, “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари шулар жумласидан.

    Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тўғрисида, ҳуқуқий нормаларни шарҳлаш тўғрисида, ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тўғрисидаги бир қатор қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниши кутилаётганлиги ҳисобга олинса, масаланинг долзарблиги янада ошади.

    Маълумки, 2021 йилда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти тасдиқланди. Ягона услубиётнинг номи ҳамда унинг мазмунидан англашиладики, мазкур ҳужжат барча турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қамраб олади. Муаммо шундаки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг алоҳида турлари лойиҳалари бўйича мазкур муносабатларни тартибга солувчи турли услубий кўрсатма ва қоидалар ҳали ҳам амалда.

    Норма ижодкорлиги соҳасидаги бу каби бир-бирини такрорловчи қонунчилик ҳужжатларининг мавжудлиги фуқароларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнидаги иштирокига салбий таъсир кўрсатади.

    Биринчидан, айрим қонунчилик ҳужжатларида эски таҳрирдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга берилган ҳаволаларнинг сақланиб қолиши юз бераётган тезкор ўзгаришларга мослашишда муаммолар келтириб чиқаришини кўрсатади. Хусусан, Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий кўрсатмалар ҳамда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларида ўз кучини йўқотган бир неча қонун ва қонуности ҳужжатларига ҳаволалар берилган.

    Иккинчидан, юридик техниканинг умумий қоидаларига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонунчилик ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилиши керак. Бироқ манашу норматив-ҳуқуқий ҳужжат тушунчасининг ўзи ягона шаклда келмаслиги кўзга ташланмоқда. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида идора тушунчасига таъриф берилмаган. Ваҳоланки, ушбу тушунча истеъмолда турли корхона, ташкилот ва муассасаларга нисбатан қўлланилади.

    Бундан ташқари, Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчаси қонунчилик ҳужжатлари билан тенглаштирилган бўлса, қонуности ҳужжатларида масала янада чигаллашади. Бу борада қатор мисолларни келтириш мумкин.

    Учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилиш билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатларининг бу каби кўп бўлиши улардан фойдаланувчиларга ҳам кўплаб қийинчиликлар туғдиради. Айниқса, махсус билим ва кўникмаларга эга бўлмаган фуқароларга.

    Юқоридаги таҳлиллар кўрсатмоқдаки, норма ижодкорлиги соҳасидаги қонунчиликни танқидий кўриб чиқиш ва тизимлаштириш вақти келди. Мазкур эҳтиёж, аввало, норма ижодкорлиги соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан самарали тартибга солиш билан боғлиқ.

    Албатта, назария ва юридик амалиётда Норма ижодкорлиги кодексини қабул қилиш бўйича таклифлар илгари сурилмоқда. Бироқ, кодекслаштириш узоқ вақт давом этадиган, мураккаб жараён бўлганлиги сабабли ҳозирги пайтда тизимлаштиришнинг инкорпорация туридан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

    Б.Боймуродов

    Тошкент давлат юридик университети

    катта ўқитувчиси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates