Нукус шаҳрида Озарбайжон маданияти ва адабиёти маркази очилди

    Шу йилнинг 20-21 октябрь кунлари Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданияти маркази ташаббуси билан Нукус шаҳрида Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари ўтказилди.

    Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси ҳузуридаги маданият қўмитаси раиси, депутат Ганира Пашаева, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданияти маркази директори Самир Аббасов раҳбарлигидаги делегация вакиллари иштирокида Ҳусайн Жовид номидаги Озарбайжон маданияти ва адабиёти марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

    Марказда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик алоқалари, адабиёт, маданият, санъат, тарих йўналишларида икки давлат муштараклигини акс эттирган, шу билан бирга, қардош озарбайжон халқининг миллий кийимлари, санъат намуналари, бадиий китобларидан иборат кўргазмалар, фойдали манбалар жой олган.

    — Тадбир доирасида делегация аъзолари институт ректори Байрам Отемуратовнинг қабулида бўлиб, Озарбайжон Республикасидаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик қилиш, айниқса, академик мобиллик, илмий-педагогик йўналишларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди, — дейди Нукус давлат педагогика институти матбуот котиби Ислам Матеков. — Шунингдек, Озарбайжон делегацияси қорақалпоқ адабиёти, санъати, маданияти ҳамда тарихига оид кўпгина асарлар, айниқса, Ажиниёз, Бердақ, Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергеновнинг асарлари, қорақалпоқ халқ достонлари, фольклор асарларини яхши билиши, шу йўналиш бўйича икки томонлама илмий фаолиятни олиб бориш учун ўз таклифларини билдирди.

    Тадбир сўнггида институтнинг қобилиятли талаба ёшлари ҳамда Озарбайжон Республикасидан келган санъат намояндалари иштирокидаги концерт дастури ташкил этилиб, унда қорақалпоқ, ўзбек ва озарбайжон халқларининг дўстлиги ҳақидаги миллий куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди.

    Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

    Янги Ўзбекистон мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates