Республикада капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 22 сентябр 2022 5876

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги капитал қурилишда буюртмачи хизматлари (кейинги ўринларда – буюртмачи хизматлари) фаолиятини ташкилий жиҳатдан такомиллаштириш, қурилишда босқичма-босқич лойиҳа бошқаруви ёндашувига ўтиш, давлат объектлари қурилишини бошқаришга хусусий секторни кенг жалб қилишга имконият яратиш орқали қурилиш сифатини ошириш ҳамда қурилиш жараёни иштирокчиларининг жавобгарлиги ва масъулиятини кучайтириш мақсадида:

    1. Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

    2023 йил 1 январдан бошлаб 1-иловага мувофиқ Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги буюртмачи хизматлари
    ва уларнинг ҳудудий филиалларини, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги буюртмачи хизматининг ҳудудий филиалларини (кейинги ўринларда – тугатилаётган буюртмачи хизматлари) тугатиш;

    тугатилаётган буюртмачи хизматлари томонидан марказлашган манбалар ҳисобидан лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилаётган объектларнинг буюртмачиси сифатида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияларини (кейинги ўринларда – инжиниринг компаниялари) белгилаш;

    2023 йил 1 январга қадар инжиниринг компанияларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини давлат унитар корхонаси шаклига ўзгартириш.

    2. Белгилансинки:

    инжиниринг компаниялари тугатилаётган буюртмачи хизматларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

    Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги “Кўп хонадонли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси республика ҳудудларида иссиқлик тизими объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича буюртмачи вазифасини бажаради.

    3. Тугатилаётган буюртмачи хизматлари:

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда объектларнинг пудрат шартномасига мувофиқ фойдаланишга топшириш муддати 2022 йил этиб белгиланган объектлардаги қурилиш ишларини жорий йилнинг 1 декабрига қадар тўлиқ якунлаб, фойдаланишга топширилишини таъминласин;

    жорий йил 1 декабрга қадар объектларнинг пудрат шартномасига мувофиқ фойдаланишга топшириш муддати 2022 йил 1 декабрдан ўтадиган, жорий йилда фойдаланишга топшириш имкони бўлмайдиган ва келгуси йилларга ўтувчи объектларнинг ҳудудий жойлашуви бўйича инжиниринг компанияларига топширилишини таъминласин;

    объектларни инжиниринг компанияларига топширгунга қадар улар бўйича буюртмачи вазифасини бажариб борсин, молиялаштиришни амалга оширсин, тегишли ҳисоботларни қабул қилсин ва топширсин.

    4. Буюртмачи хизматлари фаолиятини тугатиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

    тугатилаётган буюртмачи хизматлари томонидан ўзларига юклатилган мажбуриятлар ва объектларни топшириш, инжиниринг компаниялари томонидан эса қабул қилиб олиш ишларига кўмаклашиш;

    фойдаланишга топшириш ёки инжиниринг компаниясига ўтказишда муаммолари мавжуд ҳар бир объектни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш;

    манфаатдор вазирлик ва идораларга таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, коммунал, спорт ва бошқа соҳалар учун идоравий қурилиш нормаларини жорий этишда кўмаклашиш;

    буюртмачи хизматлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ҳамда улар асосида тегишли қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилишини таъминлаш;

    тугатилаётган буюртмачи хизматларига тегишли бўлган бино-иншоотлар ва товар-моддий бойликлар уларнинг муассислари ёки инжиниринг компаниялари ихтиёрига ўтказилишини таъминлаш.

    5. Белгилаб қўйилсинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари ва бошқа марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар бўйича:

    буюртмачи хизматларининг бизнес-режаси уларнинг муассиси (вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари) томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

    буюртмачи хизматлари раҳбарларига иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ҳамда фаолиятини яхшилаш мақсадида ички тузилмани ўзгартиришга ҳамда штатлар жадвалини кўриб чиқишга рухсат берилади;

    заруратга кўра, буюртмачи хизматлари ўз вазифаларини сифатли бажариши учун, шу жумладан, объектларни лойиҳалаш учун техник шартларни мукаммал тайёрлаш мақсадида уларнинг сақлаш харажатлари доирасида илмий-таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, бошқа ташкилотлар, хусусан хорижий компанияларни ҳамда юқори малакали ва малакали мутахассисларни жалб қилади;

    буюртмачи хизматларининг директори ва директор ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда муассиснинг қарори билан амалга оширилади;

    буюртмачи хизматларининг директори корхона фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда муассис ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ҳисобот беради;

    буюртмачи хизматларининг фаолияти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

    6. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳудудий бош бошқармаларининг штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига 14 та штат бирлигидан иборат Буюртмачи хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини юритиш департаменти ташкил этилсин.

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги икки ой муддатда буюртмачи хизматларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш, шу жумладан, уларнинг фаолиятига замонавий ахборот тизимларини жорий этиш, зарур давлат ахборот тизимлари ва ресурсларига улаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда:

    а) икки ой муддатда:

    инжиниринг компанияларига малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш чораларини кўрсин;

    лойиҳа ҳужжатлари ва қурилиш ишлари сифатини ошириш ҳамда замонавий лойиҳа бошқаруви тизимини яратиш мақсадида инжиниринг компанияларининг штат жадвалига “лойиҳа бошқаруви бўйича мутахассис”, “лойиҳа архитектори”, “лойиҳа муҳандиси” лавозимларини киритсин;

    инжиниринг компанияларини қурилиш жараёнини бошқариш, иш ҳажми ҳисобини юритиш, харажатларни назорат қилиш, лойиҳалаш ва қурилиш ишларини мувофиқлаштириш, қурилиш ҳужжатлари билан ишлашга мўлжалланган махсус дастурий таъминот ва сервер ускуналари билан таъминласин;

    б) доимий равишда инжиниринг компаниялари ходимларининг малакасини ошириб борсин ва уларнинг амалий стажировкаларини тизимли йўлга қўйсин.

    7. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Молия вазирлиги 2022 йил 1 декабрга қадар Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати тўғрисидаги низомнинг янги таҳририни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда, қуйидагилар назарда тутилсин:

    қурилишда буюртмачи хизмати учун тўланадиган ҳақ миқдорларини лойиҳани бошқариш ва техник назоратни амалга ошириш харажатлари бўйича нормативларни алоҳида-алоҳида ҳисоблаган ҳолда тасдиқлаш;

    буюртмачи хизмати тузилмасини объектлар сони, ҳажми ва қийматига қараб унинг директори томонидан белгилаш.

    Белгилансинки, лойиҳа (объект)нинг қиймати ёки капитал қўйилмалар лимитларини мақбуллаштиришда буюртмачи хизматига тўланадиган хизмат ҳақини камайтириш тақиқланади.

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда буюртмачи хизматлари ходимлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш бўйича низомни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    8. Ҳар бир ҳудудда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари, консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган, қиймати 10 миллиард сўмдан юқори бўлган, қурилиш ва (ёки) реконструкция қилиш ишлари 2023 йил 1 январдан бошланадиган камида 10 та объектда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда консалтинг хизматлари, лойиҳа бошқаруви хизматлари ҳамда техник назорат хизматларини кўрсатиш давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ танлаб олинадиган тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий ташкилотлар томонидан амалга оширилиши тартиби жорий қилинсин.

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қиймати 10 миллиард сўмдан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилишда аутсорсинг асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш бўйича вақтинчалик низомни тасдиқласин.

    Қурилиш вазирлиги:

    2023 йил 1 апрелга қадар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида техник назорат ишларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларини баҳолаш платформасини жорий қилсин. Бунда, рейтинг платформаси учун лойиҳалардаги мақбуллаштириш, қурилиш муддатини қисқартириш, сифатини ошириш, хавфсизлигини таъминлаш мезонлари асос қилиб олинсин;

    тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилаётган техник назорат ишларининг самарадорлигини назорат қилсин ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифларни доимий равишда Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.

    9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

    а) 2023 йил 1 январдан бошлаб:

    буюртмачи хизматлари техник топшириқлар ҳамда унга қўйиладиган функционал ва эксплуатация талабларини идоравий қурилиш нормаларига асосан ишлаб чиқади ва эксплуатация қилувчи ташкилотлар билан келишади;

    буюртмачи хизматларига техник топшириқ, эскиз лойиҳаси, унга қўйиладиган функционал ва эксплуатация талабларини ишлаб чиқишни аутсорсинг шартномалари асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда амалга ошириш ваколати берилади;

    буюртмачи хизматлари томонидан лойиҳа ташкилотини танлаш учун харид қилиш ҳужжатларига қурилиш объектининг эскиз лойиҳаси ҳамда унга қўйиладиган минимал функционал ва эксплуатация талаблари киритилиши шарт;

    б) 2023 йил 1 январдан бошлаб оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектларнинг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш учун буюртмачи хизмати томонидан архитектура танловини ўтказиш бўйича мажбурий тартиб белгиланади.

    Қурилиш вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектлар учун буюртмачи хизмати томонидан архитектура танловини ўтказиш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда, архитектура танловининг ҳакамлар ҳайъатини шакллантириш тартиби, иштирокчиларни баҳолаш мезонлари, мукофот жамғармаси, танловни ўтказиш муддатлари ва танловни ёритиш тартиби назарда тутилсин;

    в) 2023 йил 1 мартдан бошлаб марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг смета қийматини аниқлаш Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаларини интеграция қилган ҳолда, Қурилиш вазирлиги томонидан жорий этиладиган “Қурилиш ресурслари миллий классификатори электрон платформаси асосида амалга оширилади.

    10. Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги:

    бино ва иншоотларга қўйиладиган минимал функционал ва эксплуатация талабларини, шу жумладан, замонавий ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш ва ушбу объектлардан фойдаланиш харажатларини оптималлаштиришга доир талабларни, идоравий қурилиш нормаларини Қурилиш вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқлаб борсин;

    объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнида уларнинг идоравий қурилиш нормаларига мувофиқлигини назорат қилсин.

    Мазкур бандда кўрсатилган вазирликларга инжиниринг компаниялари, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, тасарруфидаги объектларда олиб борилаётган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари бўйича ўрганиш ўтказиб, инжиниринг компанияларига идоравий қурилиш нормаларига асосланган таклиф ва мулоҳазаларни билдириш ҳуқуқи берилсин.

    11. Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилишда техник меъёрлаш маркази ва Қурилишда стандартлаштириш республика маркази негизида давлат муассасаси шаклида Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этилсин.

    Қурилиш вазирлиги икки ой муддатда:

    Институт фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;

    Институтга малакали раҳбар ҳамда маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилсин;

    тугатилаётган Қурилишда техник меъёрлаш марказининг Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган штат бирликларини Қурилиш вазирлигининг марказий аппаратига ўтказсин ҳамда вазирликнинг таркибий тузилмасини такомиллаштирсин.

    12. 2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги амалиётлар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали амалга оширилади:

    инвестиция ҳамда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиладиган объектларнинг манзилли рўйхатини ҳар бир лойиҳага идентификация рақами бериш орқали электрон тарзда шакллантириш ва тасдиқлаш (давлат сирини ташкил этувчи махфийлик даражасига эга объектлар бундан мустасно);

    қурилиш жараёнида йўл қўйилган қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан муаллифлик ва техник назорат бўйича мутахассислар томонидан пудрат ташкилотига кўрсатма бериш ҳамда унинг ижроси юзасидан назорат ўрнатиш.

    13. Молия вазирлиги:

    тугатилаётган буюртмачи хизматларининг 2022 йил учун харажатлар сметасини белгиланган тартибда қайта рўйхатга олсин. Бунда ишдан бўшаётган ходимлар учун компенсация тўловлари назарда тутилсин;

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда инжиниринг компаниялари буюртмачилигида амалга оширилаётган қурилиш жараёнини молиялаштиришни режалаштириш ва пудратчи ташкилотлар олдидаги мавжуд кредитор қарздорликни сўндириш тизимини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирлик
    ва идоралар билан биргаликда мақбуллаштириш натижасида ишдан бўшайдиган ходимларни белгиланган тартибда ишга жойлаштириш чораларини кўрсин.

    14. Буюртмачи хизматлари фаолиятини тугатиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи:

    уч ой муддатда вазирлик ва идоралар ҳузурида ташкил этилган буюртмачи хизматларини босқичма-босқич тугатиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

    2022 йил 1 декабрга қадар Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда тугатилаётган буюртмачи хизматларига тегишли бино ва иншоотлар, товар-моддий бойликларни белгиланган тартибда хатловдан ўтказсин ҳамда мазкур мулклардан самарали фойдаланиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    15. Қурилиш вазирлиги:

    а) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда:

    жорий йил якунига қадар Тошкент архитектура-қурилиш институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ва бошқа олий таълим муассасаларини жалб қилган ҳолда қурилиш соҳасида лойиҳаларни бошқариш ва техник назоратни амалга ошириш бўйича ривожланган давлатлардаги таълим стандартлари ва дастурларига асосан лойиҳаларни бошқарувчи ва техник назорат бўйича мутахассисларнинг малакасини оширишга оид ўқув дастурларининг қайта кўриб чиқилишини таъминласин;

    техник назорат бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув-амалиёт жараёнини самарали ташкил этиб, буюртмачи хизмати мутахассисларининг малакасини доимий тарзда ошириб бориш тизимини жорий этсин;

    б) 2023 йил 1 июлга қадар фуқаролар учун геолокацияси кўрсатилган ҳолда, қурилиш ишларини олиб бориш учун берилган барча рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, шу жумладан, қурилиш назоратини олиб боришда чиқарилган хулосалар билан танишиш имконини берувчи очиқ электрон тизим яратсин;

    в) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    16. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қурилиш вазири Б.И.Закиров ҳамда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари А.М.Бобоев белгилансин.

    Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж.Раматов ва Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 22 сентябрь

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates