Нукус шаҳри бош режасининг лойиҳасида 2040 йилгача бўлган даврда Нукус шаҳрининг Нукус тумани ҳудудига (876 гектар) кенгайиши ҳисобга олинган.
Қарорга кўра, Нукус шаҳрининг бош режаси лойиҳасининг асосий ечимлари ҳамда техник-иқтисодий кўрсаткичлари тасдиқланди.
Нукус шаҳрида 2040 йил охирига қадар:
– Аҳоли сонининг ўсиши – 312,4 минг кишидан 400,0 минг кишига кўпайиши прогноз қилинган;
– Шаҳарнинг ҳудуди – 12 507,0 гектардан 13 383,0 гектарга;
– Аҳоли пунктининг турар жой ҳудуди – 5 030,2 гектардан 5 486,5 гектарга ўзгариши режалаштирилган.
Янги бош режага мувофиқ шаҳарда иккита маъмурий марказ ташкил қилинади.
Биринчи маъмурий марказ – шаҳарнинг бугунги кундаги маъмурий маркази ҳисобланиб, Ислом Каримов, Амир Темур ва М.Жуманазаров кўчалари кесишмалари ҳисобланади. Ушбу марказ сақлаб қолинади. Унда жойлашган Савицкий музейи, Хотира майдони, меҳмонхоналар, «IT-парк», истироҳат боғи ва бошқа маъмурий ва хўжалик биноларини қуриш ва қайта таъмирлаш, эски бино ва иншоотлар ўрнига янги ва замонавий кўп қаватли бинолар жойлаштириш белгиланган.
Иккинчи маъмурий марказ – шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги Нукус туманига чиқадиган кўчалар ва лойиҳавий кўчалари кесишмасида жойлаштирилади.
«Нукус Сити»нинг ушбу марказлари кичик ва ўрта бизнесни, банк филиаллари, турар жой ва жамоат биноларининг бизнесни бошқариш билан боғлиқ объектларни бирлаштиради ва 7 қаватдан 16 қаватгача бўлган объектлар барпо этилади.
Нукус шаҳрининг лойиҳавий чегараси:
Шимолда – Нукус тумани ҳамда «Дўстлик» канали ўзани бўйлаб;
Шарқда – кичик ҳалқа йўлигача;
Ғарбда – Амударёгача;
Жануб томонда – саноат ҳудудларигача белгиланади.
Шарқий ва жанубий йўналишлар қумлар билан ўралганлиги сабабли янги турар жой массивлари асосан шимоли-ғарбий томонда жойлашади., деб хабар беради «Norma» портали.