Бу иш устоз-шогирд анъанаси даражасида давом эттирилаётганлиги боис, ўз самарасини беряпти. Айниқса, “Четсув” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Тангатопди қишлоғида у тобора оммалашган.
Бу ерда 50 нафардан зиёд қишлоқ қизлари милий ҳунармандчиликнинг турли йўналишларини ўрганишяпти. Бундай саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш мақсадида тумандаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан оилаларга имтиёзли кредитлар ажратишда ва маҳсулотларни сотишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, тумандаги 29 та маҳалла фуқаролар йиғини кенг ҳудудда жойлашганлигига қарамасдан, ҳар битта фуқаролар йиғинида камида 20-30 нафаргача қуроқ билан шуғулланадиган аёл бор. Уларнинг умумий сони эса 200 нафардан ошади. Агар қуроқчи хотин-қизларнинг ҳар бири бир йилда 5 нафардан шогирд тайёрлайдиган бўлса, мингга яқин қизлар бу ҳунарни ўрганишади.
Таъкидлаш жоизки, қуроқчилик қадимий касб, миллий ҳунармандчилигимизнинг бетакрор турларидан ҳисобланади. Майда бўлакларни улаб, безак яратиш, шу усулда тайёрланган безак буюмлар намунаси қуроқчилик дейилади. Турли ранг ва шаклдаги майда мато парчаларидан буюм, безак ҳосил қилинади. Кўрпа, кўрпача, чойшаб, сўзана, дастурхон, гилам ва бошқа жиҳозлар қадимда шу усулда тайёрланиб, ажойиб санъат намуналари яратилган.