Ёғоч ўймакорлиги аёллар орасида ҳам оммалашмоқда

    Бўш вақтда 24 июл 2023 1893

    Ўтган йили кулол аёллар ҳақида ёзган мақолада улар республика бўйича бармоқ билан санарли экани, шундай бўлиши табиийлигини мулоҳаза қилгандик. Аслида бу – аёллар кириб бормаган соҳа йўқлигининг амалдаги исботи.

    Яқин йилларгача ўймакорлар авлодидан аёл уста чиқмаган. Аммо тошкентлик Муҳаррам Иброҳимова шу ҳунар ортидан “Шуҳрат” медали ва Ўзбекистон халқ устаси унвонини олганини кимдир билган, кимдир билмаган чиқар. Демак, ўзбек аёлларидан ёғочни ҳам тилга кирита оладиган истеъдодларни топиш мумкин.

    — Менимча, ўз касбини севган инсон аёлми, эркакми, ҳеч қачон қийналмайди. Мен ёғоч билан ишлашга болалаликдан қизиққанман, ўймакорлик ота мерос касб, — дейди сирдарёлик Моҳидил Раҳимова. — Дадам меҳнат ўқитувчиси бўлгани учун ёғочдан жуда чиройли уй буюмлари ясар, стол-стул, хонтахталарга оёқ, кетмон, болғаларга соп тайёрлаётган пайти мен ясалган буюмларга нақш чизардим. Дадам улгурмай қолган кезлари ёғочга ишлов бериш, рандалашга ҳам кўмаклашардим. Силлиқланган тайёр ёғочларни бир-бирига елимлаб, улашга қарашиб юбориш менга завқ берарди. Бир томондан эса дадамга ёрдамим тегаётгани, қолаверса, ҳунар ўрганаётганимдан севинардим. Мактабни аълога битириб, Самарқанд давлат университетининг касбий таълим факультетига ўқишга кирдим. Олийгоҳда дадамдан олган билимларимни янада ривожлантирдим.

    Ҳакамларни шубҳалантирган намуналар

    Ўтган йил 16 ноябрь куни Гулистон шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” миллий танловларининг Сирдарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.

    Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат бўлиш билан бирга, ўзи ишлаётган ташкилот нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ҳамда бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ташкил этилган танловда Моҳидил Раҳимова “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” номинацияси ғолибаси бўлди.

    — Бундан икки йил аввал ҳам бир катта танловда қатнашганман. Бироқ танловда ижодий ишларим баҳоланмади. “Нега баҳоланмади”, деб сўраганимда, масъуллар “бу ишлар аёл кишининг қўлидан келмайди, бизни алдашган”, деб сизнинг ижодий ишларингизга шубҳа қилишди”, деган жавобни айтишди. Ўшанда танловга олиб келинган буюмларни бир ўзим бемалол ясай олишимни исботлашим қийин бўлган. Шундай бўлса-да, ҳакамларни шубҳалантирган ҳунаримдан ҳеч ҳам афсусланмаганман. Аксинча, касбимга иштиёқим янада кучайган.

    Насиб қилса, нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёга миллий ёғоч ўймакорлиги асарларимизни танитаман, янада бойитаман, — деб аҳд қилган Моҳидил опа 2014 йилдан буён Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ёғоч ўймакорлиги фани устоз-мураббийси сифатида ишлаб келмоқда.

    Олий тоифали ўқитувчи, Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси бўлган устознинг бугун кўплаб шогирдлари бор. Уларнинг аксарияти олийгоҳларда ўқияпти.

    — “Халқ ҳунармандчилиги тўғрисида”ги қонун ҳужжатларида халқ амалий санъати ўқувчиларни ғоявий-бадиий, ахлоқий жиҳатдан тарбиялашда муҳим ўрин тутиши қайд қилинган. Шу маънода, санъатнинг бу турини ривожлантиришга ҳисса қўшаётганимдан ҳурсандман, — дейди уста. — Ўқувчиларда ҳунарга муҳаббат уйғотиш, касбга йўналтириш, ижтимоий фойдали меҳнатга ўргатиш асосий мақсадим. Келажакда моҳир усталар етиштиришни ният қилганман. Турмуш ўртоғим ҳам ҳунаримни ҳурмат қилади. Касбим юзасидан бирор муаммо бўлса ҳам биргаликда ечим топамиз. Энг муҳими, фарзандларимиз ҳам ҳунаримга жуда қизиқишади.

    “Ўймакорлик ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман”

    Моҳидил опа-ку болаликдан ёғоч ўймакорлигига меҳр қўйган, шу ҳунар билан улғайган, халқ тили билан айтганда, ўймакорликда “суяги қотган, кўзи пишган” экан. Наманганлик Соҳиба Тўраева эса турмушга чиққунича бу ҳунардан бутунлай йироқ бўлган. Бугунги кунда Наманганнинг машҳур Чорсу бозорида опа ясаган эшик ромлар-у, рўзғорга керакли 70дан зиёд турдаги ёғоч буюмларнинг бозори чаққон. Ёғочни тахта бозорига тушиб ўзи харид қилади. Бозорда опани ҳамма ҳурмат қилади. Ўзи ясайдиган буюмларбоп энг яхши ёғочларни саралаб олиши учун тахталар тахламини бузиб ташласа ҳам тўғри тушунишади.

    Соҳиба опанинг она томондан боболари элнинг олди тадбиркори бўлган.

    — Шу боис, биз ҳам ип йигириш, тикиш-бичиш каби ҳунарлардан хабардор эдик, — дейди опа.

    Келин бўлиб тушганида турмуш ўртоғи устачилик қилар, эшик-ром ясарди. Устахона ихчамгина ҳовлида бўлгани учун уйлангач, шогирдларини мустақил ишлашга йўллайди. Ёлғиз ўғил. Ота-она ҳам барвақт ўтиб кетган, бувисининг қўлида тарбия топган дурадгор йигитга рафиқаси тоғдайин таянч бўлди. Суҳбатимиз баҳона Соҳиба опа ўша кунларни ҳам ёдга олди.

    “Кичкинагина ҳовлида уй юмушлари кам бўлгани боис, келинчаклигимдаёқ турмуш ўртоғимнинг ёнига кириб, эшик-ромларни у ёқ-бу ёққа олишга ёрдам бериб юрдим. Ортиб қолган ёғочлардан тахтакач, ўриндиқ, умуман, рўзғорга керакли буюм ясашни секин-секин ўрганиб олдим. Хўжайиним кечаси билан ишларди. У пайтларда бир ҳафтада бир мартагина бозор бўларди. Буюмларини сота олмаганлар кейинги ҳафтада сотарди. Бозорга олиб чиқишга улгуриш учун қаттиқ ишлашимизга тўғри келарди. Минг шукрки, буюмларимиз ҳамиша тезда сотилиб кетар, кейинги ҳафтага қолмасди”.

    Шу тариқа дурустгина дурадгорга айланиб қолган Соҳиба опа мижозлар талаби билан эшикларга гул ишлашни ҳам ўзлаштириб олди. Нақшларни ўзи чизиб, ғоят эҳтиёкорлик билан ўйиб чиқишнинг ҳам устаси бўлиб кетди. Станок эса асл эгаси қолиб Соҳиба опанинг севимли иш қуролига айланди. Турмуш ўртоғи одамларга уй қуриб, дуосини олади, ўша уйга керакли эшик-ромларни аёлига буюртма қилади.

    Оддий қопқондан нақшиндор сўригача

    Айни пайтда уч фарзанднинг онаси, 7 набиранинг бувиси бўлган қаҳрамонимиз маҳалладаги кам таъминланган аёлларни иш билан банд қилган, ўнга яқин шогирди бор. Кенжа ўғли аёллардан-да моҳир тикувчи сифатида костюм-шимлар тикади.

    2011 йилда “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган Соҳиба опанинг 2007 йилда “Ташаббус” кўрик-танловига қатнашиши жуда қизиқ бўлган.

    – Телевизорда “Ташаббус” кўрик-танлови бўлиши ҳақида реклама берилгани сари негадир шу танловда қатнашгим келаверди, дейди опа ўша дамларни эслаб. — Хўжайинимга ҳазиллашиб, Ҳусан Шарипов “Суюнчи” фильмида айтганидек, мен ҳам номим чиқмай ўтиб кетавераманми, “Ташаббус”да қатнашаман, деб туриб олганман. У киши қўлимдан анча-мунча иш келиб қолганини кўргач, “майли, қатнаш, ёрдам бераман”, деган. Ташкилотчилардан йўл-йўриқ олиб, орзуимга етдим — мен ҳам иштирокчига айландим. Ўрин ололмадим, лекин жуда чиройли, муносиб тақдирлашган. Ахир 70 хил ёғоч буюмларим билан иштирок этганман. Ўзингиз ўйланг, сичқон тутадиган қопқондан тортиб энг зарур уй буюмларигача бор эди. Шундан сўнг танловларда қатнашиб юрдим. 2010 йилда республикада “Йил аёли” танлови ғолибаси бўлдим.

    Ҳунарининг ортидан фаровон яшаётган қаҳрамонимиз бошчилигидаги қўл меҳнати намуналари, айниқса, сўрилар қўшни вилоятлардан ташқари Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам сотиляпти. Опа ҳунармандлар учун кейинги йилларда яратилаётган қатор имтиёзлардан миннатдор. Якка тартибдаги аёл тадбиркорларнинг солиқдан озод этилганини имтиёзларнинг энг манфаатлиси санайди.

    — Давлатимиз раҳбарининг ўзи “битта тадбиркор тўртта ишчи ўрин яратса, мен бошимга кўтараман”, деб турган бир пайтда мен нега бор имкониятлардан фойдаланмай, — дея юракдан гапиради бу аёл.

    Ҳа, бугун имкониятлардан фойдаланиб яшаган инсон асло кам бўлмаяпти. Қўполроқ бўлса-да, аёллик вазифасини-да тўлиқ уддалай олмай, аксинча, бекорчиликдан ўтганнинг ўроғи, кетганнинг кетмонини оладиган, ҳамиша етишмовчиликдан нолийдиган баъзи аёллар Моҳидил Раҳимова, Соҳиба Тўраевадан ибрат олса не ажаб? Зеро, улар том маънода бугуннинг қаҳрамон аёллари образини яратаётган меҳрибон она, садоқатли ёр, мушфиқ опа ёки сингиллардир.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates