Оҳангароннинг ўсиш нуқталари белгиланди

    Мамлакатимизда 13 июл 2020 2555

    Туманда жами 2 235 та тадбиркор рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 547 таси (305 та кичик бизнес субъекти, 242 та якка тартибдаги тадбиркор) хизматлар соҳасида фаолият юритади.

    Ҳар бир ҳудуд ўзига хос хусусиятга эга, шу жумладан, Оҳангарон тумани ҳам. Муайян ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий имкониятлари, унинг ривожланиш даражаси ҳам ана шу хусусиятларга бевосита боғлиқ бўлади. Қулай табиий-географик жойлашув, иқлим шароити, унумдор ерлар, сув ресурслари, қазилма бойликларга бой бўлган воҳамиз ҳамма вақт вилоятимизда кўзга кўринган туманлардан саналиб келинган. Демоқчи бўлганимиз, ҳар бир неъмат инсонга хизмат қилиши керак. Бугунги ислоҳотларимизнинг замирида ҳам айнан инсон ва унинг фаровонлиги омили устуворлик касб этишини ҳаммамиз яхши англаймиз. Бунга эришиш учун эса ҳудуддаги ислоҳотлар тизимли равишда олиб борилиши лозим, акс ҳолда, натижа биз кутгандек бўлмайди. Шиддат билан ривожланиб бораётган жамият ҳар куни олдимизга янги вазифаларни қўймоқда. Ушбу вазифаларни бажаришга янгича ёндашув ҳамда қарашлар зарурлигини, тараққиётга етакловчи илғор ўсиш драйверларини илгари суришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

    Хизмат кўрсатиш объектлари хатланди

    Яқинда, аниқроғи 2020 йил 8 июнда давлатимиз раҳбари«Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини-ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ва 2020 йил 16 июнда «Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини имзолади.

    Мазкур икки қарор мазмун-моҳияти аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ишсизликка барҳам бериш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамият касб этади. Ушбу қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида, дастлаб намуна сифатида республикамиздаги айрим ҳудудлар танлаб олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Республика Савдо-саноат палатаси томонидан амалга оширилган мазкур ўрганишларнинг Оҳангарон туманидан бошланганлигини юқорида таъкидлаб ўтилган имкониятлар, омиллар билан изоҳлаш мумкин.

    Хусусан, секторлар кесимида олиб борилган ўрганишлар жараёнида хизматлар соҳасидаги мавжуд корхоналар фаолияти, соҳани ривожлантириш борасидаги резерв имкониятлар ҳамда хизмат турларига бўлган эҳтиёжлар ўрганилди. Бунинг учун тумандаги мавжуд 29 та МФЙда асосий эътибор учта йўналиш: а) хизмат кўрсатиш соҳасидаги мавжуд корхоналарнинг ҳақиқий ҳолати, уларнинг муаммо ва таклифларини ҳар бир корхона кесимида ўрганиш; б) хизматлар соҳасида банд бўлган аҳолини расмий фаолиятга жалб этиш (ўзини ўзи банд қилиш ёки давлат рўйхатидан ўтказиш) имкониятларини ўрганиш; в) туманнинг ҳар бир сектори кесимида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича мавжуд имкониятлар ва ўсиш нуқталарини аниқлашга қаратилди.

    Туманда жами 2 235 та тадбиркор рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 547 таси (305 та кичик бизнес субъекти, 242 та якка тартибдаги тадбиркор) хизматлар соҳасида фаолият юритади. Ҳар бир хизмат кўрсатиш корхонасининг манзили ва фаолият тури аниқланиб, ҳақиқатда ишлаётган ишчилар сони, фаолиятни кенгайтириш имконияти, муаммо ва таклифлари ўрганилди. Ўрганилган корхоналардан 162 таси (шундан 62 таси кичик бизнес субъектлари, 100 таси якка тартибдаги тадбиркор) кредит, бўш ер ёки бино ажратиладиган бўлса, фаолиятини кенгайтириш имконияти ва истаги борлигини билдирган. Бунинг натижасида эса қўшимча 783 та янги иш ўрни яратилиши мумкин.

    Корхоналардаги иш ўринларининг ҳолати жойига чиқиб ўрганилганда 85 та ҳолатда ҳақиқатда ишлаётганлар сони солиқ ва статистик ҳисоботларида кўрсатилган иш ўринлари ўртасида тафовут борлиги аниқланди. Мисол учун, улгуржи ва чакана савдо фаолияти билан шуғулланаётган "Ohangaron Hamro Agroservis" МЧЖнинг иш ўринлари сони статистик ҳисоботда 1 та, солиқ ҳисоботида 2 та кўрсатилган, ҳақиқатда эса корхонада 6 нафар ходим ишламоқда.

    Тарғибот ишлари олиб борилди

    Ўтказилган хатловларда хизмат кўрсатишнинг 50 дан ортиқ турларида фаолият кўрсатаётган 1 396 нафар жисмоний шахслар аниқланган. Жумладан, уларнинг аксарияти йирик ва майда шохли чорвани ўтлатиш, қурилиш-таъмирлаш, деҳқончилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда қурт тайёрлаш ва сотишга ихтисослашган бўлса, асосий фаолият турлари бўйича эса, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизмати, қандолатчилик, сартарошхона ва гўзаллик салони, новвойхона, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси, техник таъмирлаш ва бошқа йўналишларга тўғри келиши аниқланган. Мазкур фаолият йўналишларида банд бўлганларнинг 39 фоизи мавсумий, 61 фоизи эса доимий фаолият турларига тўғри келади. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида улардан 123 тасига кредит, бўш ер, бино ёки жой ажратиладиган бўлса, расмий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш истагини билдирди.

    Мисол учун, 2-сектор ҳудудида яшовчи фуқаро Дилшод Пўлатов ўз хонадонида автомобилларга техник хизмат кўрсатади. У билан ўтказилган мулоқотда автосервис ташкил этиш учун ер ва имтиёзли кредит ажратиб берилса, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишини билдирган. Бундан ташқари, 1 249 та субъект ҳеч бир талабларсиз ўзини ўзи банд қилиш орқали расмий секторга ўтиш истагини билдирган. Жумладан, 4-секторда яшовчи фуқаро Равшан Узоқов ўз уйида сартарошлик қилиб келмоқда. Унга ўзини ўзи банд қилиш тизими бўйича тушунтиришлар берилиши натижасида фуқаро белгиланган тўловларни амалга оширишини маълум қилиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга розилик билдирди.

    Секторлар ихтисослаштирилади

    Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, қолаверса, секторлар жойлашувининг ўзига хослиги ва аҳолининг шароитини инобатга олган ҳолда ҳар бир секторда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишга ихтисослашган ўсиш нуқталари белгилаб олинди. Хусусан, 1-сектор ҳудудида чорвачилик ва пиллачиликни ривожлантириш эвазига гўшт, сут ва жунни қайта ишлаш ҳамда етказиб бериш бўйича кластерларни яратиш мақсадга мувофиқ саналган бўлса, 2-секторда тоғ, сув ва экотуризмни ривожлантириш ҳамда туризм учун зарур бўлган хизмат турларини ташкил этиш устуворлик касб этади. 3-сектор ҳудудида «Оҳангарон сув омбори»нинг жойлашганлигини инобатга олган ҳолда бу ерда балиқ етиштириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш ва балиқчилик саноати ҳамда логистикасини яратиш мумкин. 4-секторда эса Янги Ангрен ИEС имкониятларидан фойдаланиб, гидропоника усулида замонавий иссиқхоналар ташкил этиш энг мақбул йўл саналади.

    Шу ўринда бир мулоҳаза туғилади. Ўзини ўзи банд қилиш тизимига киритилган 67 та фаолият турининг аксарияти оилавий тадбиркор ва якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти турларига мос келади. Шундан келиб чиқиб, амалдаги кичик тадбиркорлик субъектлари ўзини ўзи банд қилиш тизимига сунъий равишда ўтиб кетиш хавфи юзага келмайдими? Бизнингча, бундай хавф бўлади, сабаби, ўзини ўзи банд қилиш тизимидаги имтиёзлардан фойдаланиб қолишга интилувчилар ҳам пайдо бўлиши табиий. Шу сабабдан, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, солиқ ва статистик кузатувнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадга мувофиқ саналади.

    Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, белгилаб олинган ўсиш нуқталари асосида ташкил этиладиган фаолият турлари нафақат туманимиз ривожига ҳисса қўшади, балки Оҳангаронни республикамизнинг ўзига хос тараққиёт марказларидан бирига айланишига ҳам хизмат қилади. Бунинг учун эса барча масъул шахслар, хусусан, сектор раҳбарларидан алоҳида ташаббускорлик ҳамда масъулият талаб этилади.

    Элёр ЎТБОСОВ,

    Оҳангарон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates