Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Қўмита томонидан қисқа муддат ичида бажарилиши лозим бўлган қуйидаги вазифалар юклатилди:
икки ой муддатда:
марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмаларнинг Қўмитага юкланган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир бўлган, зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар билан танлов асосида тўлдириш;
таркибий бўлинмалар, шу жумладан маҳалладаги хотин-қизлар фаоли тўғрисидаги низомлар, шунингдек, ходимларнинг лавозим йўриқномалари тасдиқланишини таъминлаш.
Ҳудудий бўлинмалар ўзларига юклатилган функцияларга мувофиқ белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Қўмитага тегишли вазифаларни амалга ошириш учун, зарур ҳолларда, давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб қилиш, ишчи гуруҳлар тузиш;
Қўмита ваколатига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб судларга ариза (шикоят) ва даъволарни киритиш;
хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлашга доир ташаббуслар билан чиқиш ҳамда таклифлар киритиш.
Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси марказий аппарати ва тизим ташкилотларини малакали ходимлар билан тўлдириш ҳамда ушбу жараённи шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўртасида Қўмитанинг марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалар, тизимдаги ташкилотлардаги вакант лавозимларга ишга қабул қилиш, ходимларни бошқа лавозимга ўтказишда танлов асосида саралаб олиш тўғрисидаги Тартиб имзоланди.
Қўмитанинг марказий аппаратидаги мавжуд 32 та вакант лавозимларга “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали” (https://vacancy.argos.uz/) орқали танлов эълон қилинди. Шундан, 30 таси бўйича ҳужжатлар қабул қилиш муддати тугади, 2 таси бўйича ҳужжатлар жорий йилнинг 11 март кунига қадар қабул қилинади. Бугунги кунга қадар, мазкур лавозимларга жами 1 187 нафар номзодлардан (ўртача 1 та лавозимга 35 нафар номзод) ҳужжатлар келиб тушган. Ҳозирда ушбу номзодлардан сараланганлари тест ва суҳбат босқичига ўтказилмоқда.
Шунингдек, Қўмитанинг маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари бўйича жорий йилнинг 9 март кунидан бошлаб 9 338 та лавозимлар юзасидан танловлар эълон қилинди. Айни пайтгача 3 мингда ортиқ номзодлардан ҳужжатлар келиб тушган.
Эслатиб ўтамиз, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тажрибасига эга, шахсий фазилатлари билан намуна кўрсатган, фидойи ва садоқатли номзодлар орасидан тайинланади. Танловга ҳужжатлар жорий йилнинг 15 март кунига қадар қабул қилинади.









