Оилавий ва маиший зўравонликка барҳам беришга қаратилган янги қонун самараси: бир йилда нималар ўзгарди?

    Долзарб 30 май 2024 311

    Ушбу қонун асосида амалдаги қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик” тушунчаси киритилиб, бундай қилмишлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликлар белгиланди.

    Президент Ш.М.Мирзиёев томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадамдир. Яқинда мазкур қонун қабул қилинганига бир йил тўлди.

    Ушбу қонун асосида амалдаги қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик” тушунчаси киритилиб, бундай қилмишлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликлар белгиланди. Шунингдек, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик янада кучайтирилди. Мазкур Қонун билан 5 та кодекс ва 10 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

    Янги қонун аёллар ва болалар ҳимоясида қандай енгилликларни тақдим этди?

    – Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан номақбул ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилди.

    – Оилавий зўравонлик, шилқимлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.

    – Вояга етмаганларга жинсий зўравонлик қилган шахсларнинг болаларга таълим-тарбия бериши, болалар билан бевосита ишлаши, шу каби фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланди. Бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилди.

    – Оилавий ва маиший зўравонлик учун, таъқиб қилиш, шаҳвоний шилқимлик, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарлик кўзда тутилди. Яъни 60 млн сўмгача жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

    Мисол учун, Қонун кучга киришдан олдин: 15 млн сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланган.

    – Аёлларни жинсий алоқа қилишга, турмуш қуришга мажбурлаш ёки тўсқинлик қилиш ҳолатлари юз берганда ярашиш институтини қўлламаслик ҳам белгиланди.

    “Таъқиб этиш” тушунчасига таъриф берилиб, таъқиб этганлик учун ҳам ҳимоя ордери берилиши (1 йилга) мумкинлиги белгиланди. Қонун кучга киришдан олдин ордер ички ишлар идоралари томонидан 30 кунга берилган.

    – Ота-онанинг вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш бўйича мажбуриятларини бажармасдан хорижга чиқиб кетиши ёки яшаш жойини тарк этиши маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

    Янги қонун амалда қай даражада самара берди?

    Ўтган бир йиллик қисқа даврнинг ўзидаёқ янги қонун амалий натижаларини берди. Хусусан, 2024 йилнинг биринчи чорагида шаҳвоний шилқимлик қилишда айбланган 318 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

    Оилавий ва маиший зўравонликда айбланган 4 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларнинг 2 344 нафарига жарима жазоси, 1 999 нафарига маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

    Олий суд матбуот хизмати маълумотларига кўра, Жиноят кодексининг 126-1 ва 141-3-моддалари асосида ҳам бир қатор айбдор шахслар судланди. 2023 йилда Ўзбекистонда 203 нафар шахс оиладаги зўравонлик бўйича Жиноят кодексига мувофиқ судланиб, уларнинг 59 нафари қамалган, 144 киши эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони олган. Шунингдек, 8 минг 928 киши маъмурий жавобгарликка тортилган.

    Таҳлилларга кўра, ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларида зарур ваколатлар мавжуд эмаслиги вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан ўз вақтида чора кўришга тўсқинлик қилмоқда.

    Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг давлат ҳимоясига олиниши учун ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар масъулиятини кучайтириш талаб этилади.

    Шундан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасига қўшимчалар киритилди. Унга кўра, болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганликда, жамоат жойларида тамаки ёки алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганликда, шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганликда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига зарур ваколатлар берилади.

    Бундан ташқари, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик қилган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш ваколатлари берилди.

    Мустаҳкам ахлоқий иммунитет ва халқаро эътироф

    Хулоса қилиб айтганда, кейинги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг янги босқичига асос солинди. Бу борада ўтган бир йил ичида қатор муҳим натижаларга эришилди.

    Авваламбор, Янги Ўзбекистонда қилмиш ва жиноят учун жазо муқаррарлиги қатъий таъминланмоқда. Жамиятимизда, оилаларда маиший муҳит изчил яхшиланиб, аёлларимизнинг қадр-қиммати ва қизларимизнинг иззат-ҳурмати тикланмоқда.

    Бироқ, бу йўналишда қилинадиган ишлар ҳали кўп. Қонунларнинг қатъий ишлашини таъминлаш, аҳоли орасида бундай қилмишларнинг нафақат номақбул, балки ноқонуний иш эканлигини тушунтириш, жамиятда мустаҳкам ахлоқий иммунитетни шакллантириш керак бўлади.

    Энг муҳими, оилавий ва маиший зўравонликка барҳам беришга қаратилган янги қонун халқимиз томонидан маъқулланмоқда. Бу қонун ҳужжати халқаро жамоатчилик эътирофига ҳам сазовор бўлди.

    Бунга битта амалий мисол: Ўзбекистонда ушбу қонун кучга кирганининг бир йиллиги кенг таҳлил ва талқин этилаётган шу кунларда Қозоғистонда ҳам оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортувчи қонун қабул қилинди.

    No date selected
    июн, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates