Фарғона тонг отгунча: Ўрта Осиё дурдонаси бугун дунё билан бўйлашмоқда

    Жонажон Фарғона хусусида сўз кетганда барчамизнинг кўз ўнгимизда тоғлар ичра ёқутдай жилоланаётган хушманзара макон, тоза хаво ва биллурдек зилол сувлар, қўли ҳамиша кўксида қуёшдек кулиб тургувчи танти, меҳнаткаш одамлар, нозу-неъматга тўла боғу-роғлар, обод манзиллар акс этади.

    Эътироф этиш керакки, бундан 7 йил аввал мамлакатда рўй бера бошлаган ислоҳотлар тўлқинида Фарғонага ҳам янги нафас, янги ҳаёт кириб келди. Бу йиллар фарғоналиклар учун жадал ривожланиш йиллари - “Янги Фарғона” даври бўлди. Барчамизни кўзимизни қувонтириб, кундан-кунга чирой очиб бораётган она Фарғона бугун бутун дунё билан бўйлашаётгани айни ҳақиқат.

    Шу элнинг фаровон турмуши, бахтли ҳаёти, ёруғ эртаси учун ташаббусдан толмай олға интилаётган вилоят раҳбари - ўзи меҳнатдан тинмайдиган, ўзгаларни ҳам шижоатга чорлайдиган фидоийлардан экани фарғоналикларнинг иқболи бўлди.

    Дарҳақиқат, ўзгаришларни сарҳисоб этар экансиз, вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар шу маконнинг ҳар бир гўшасига, ҳар бир хонадонга, керак бўлса, ҳар бир фарғонликнинг қалбига кириб борганига гувоҳ бўласиз.

    Муҳтарам Президентимиз аҳоли ҳаёти, ҳудудлар ривожи билан яқиндан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига қилган ташрифлари чоғида - “Фарғона катта вилоят. Ҳозирги кунда аҳоли 4 миллиондан ошди. Бундай ўсиш билан 2030 йилга бориб 5 миллионга етади. Бу айтишга осон. Лекин бу рақам ортида қанча масъулият ва жавобгарлик бор. Ҳар йили янги боғча ва мактаблар, уйлар қуриш, юз минглаб иш ўринлари яратиш зарур. Шунинг учун ҳозирги таҳликали замонда қандай қилиб иқтисодиётимизни барқарор қиламиз, деган савол ҳаммамизни қийнаши керак,дея жонкуярлик билан таъкидлаган эдилар. Шу савол билан ҳамиша жонини қийнаб ишлаётган вилоят раҳбари шу ҳудуд тараққиёти учун маррани катта олган. Шукрки, шу фидокорона меҳнатнинг меваси бугун бутун фарғоналикларга татимоқда.

    Сўнгги етти йилда вилоятда катта ўзгаришлар бўлди. Йўл, сув, ер, уй-жой, таълим ва тиббиёт инфратузилмаси яхшиланди. Киритилган инвестициялар ҳажми 3 карра ўсиб борди. 2018-йилда вилоятда бор-йўғи 90 миллион доллар сармоя ўзлаштирилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 1 миллиард 300 миллион доллар бўлган. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони 470 тага етган. Натижада 116 мингта иш ўрни яратилди.

    Товар айланмаси 10 миллион доллардан ошган 122 та корхона пайдо бўлди. Экспорт ҳажми ҳам қарийб 2 баробарга ошиб, ўтган йили 722 миллион долларни ташкил этди. Фарғоналик корхоналар 60 та янги бозорга кириб борди.

    Қувонарлиси, яқин йиллар ичида саноат ҳажми 1,3 баробарга ортди. Вилоятда 6 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобидан 110 та ва яна 1,1 миллиард долларлик 22 та маҳаллий лойиҳа бўйича ишлар жадал кетмоқда.

    Биргина “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида 370 миллион долларлик юзга яқин лойиҳа бажарилиб, 9 мингта янги иш ўрни яратилди. Улар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 1 триллион 500 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 60 миллион долларлик экспорт қилинди.

    Жорий йил март ойида Қўқон аэропорти модернизация натижасида яна фуқаро авиацияси парвозлари йўлга қўйилди. Мазкур аэропортда 100 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилиб, замонавий аэронавигация ускуналари ўрнатилган.

    Собиқ Қўқон суперфосфат заводи негизида “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” корхонаси ташкил этилди. 70 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиб, ишлаб чиқариш технологиялари модернизация қилинди. Испания, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва Россия давлатларининг етакчи компанияларидан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Қўшимча 150 та иш ўрни яратилди. Завод қуввати йилига 75 минг тоннадан 450 минг тоннага етказилди. Корхона йилига 30 миллион доллар маҳсулотни экспорт қилиш қувватига эга. Бугунги кунда МДҲ, Европа, Африка ва Осиёнинг 16 давлатига минерал ўғитлар экспорт қилинмоқда.

    Ўзгаришлар бинобарида айтиш керакки, шаҳримиз қиёфаси ҳам кундан-кунга замонавий қиёфага кириб, дунёнинг энг кўркам “Sity”лари форматига ўтиб бормоқда. Аҳолига муносиб яшаш шароитлари яратиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш мақсадида яқин йилларда йирик бунёдкорлик иши - “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилди. Ушбу массивда 300 гектарли ҳудудда 65 минг аҳолига мўлжалланган 365 та кўп қаватли уй босқичма босқич бунёд этилмоқда. Бу уйлар 7, 9, 12, 16 ва 25 қаватли бўлиб, бу вилоят шаҳарсозлигида ўзига хос янгилик саналади. Ҳозирги кунда илк уйлар ва боғлар обод аҳоли манзилига айланиб улгурди. 2 минг 887 хонадонли 75 та уй фойдаланишга топширилди. Уларнинг негизида Нурафшон маҳалласи ташкил этилди. Уйларга 500 дан ортиқ оила кўчиб келди. Иккита мактаб, учта боғча ва поликлиника очилди. Муҳими, уй-жойларнинг сифат ва таннархи оилалар шароитига мос, хонадонларга жойлашув ўрни ҳамда қулайликлари манзур бўлмоқда. Айни пайтда бу ерда замонавий таълим даргоҳлари, тиббиёт муассасалари, спорт мажмуаси, савдо ва маиший хизмат шохобчалари қад кўтармоқда, шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш учун массив ҳудудининг 50 гектарида кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда.

    Бу масканни фарғоналиклар экоэкошаҳар дейишлари эса бежизга эмас. Ҳудуднинг 70 гектар майдонида “Янги Ўзбекистон боғи”, сўлим хиёбонлар, сунъий кўл, тўрт минг ўринли амфитеатр барпо қилинди. Боғ ҳудудига бута ва манзарали дарахтлар экилган. Болажонлар учун турли аттракционлар ўрнатилган.

    Ободликка, яратувчанликка, боғдорчиликка алоҳида эътибор қаратган вилоят раҳбари жонбозлигида Фарғонада 48 минг 300 гектар боғ ва токзорлар гуллаб яшнамоқда. Шунингдек, 1 минг 400 гектарда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган.

    Сўнгги йилларда хорижлик сайёҳларни вилоятимиздаги тарихий обидалар, зиёратгоҳларга жалб этишнинг бир неча баробарга ортгани, муқаддас қадамжолар, миллий анъана ва қадриятларимизга бўлган эътибор кучайиб бораётгани - хизмат кўрсатиш тизими ривожи ва аҳолининг иш билан таъминланиши кўрсаткичларида ҳам яққол акс этмоқда. Бунда меҳмонларга жаҳон андозаларига мос даражада хизмат кўрсатишнинг йўлга қўйилаётганлиги алоҳида аҳамият касб этмоқда.

    Дарҳақиқат, бугун Фарғонага узоғу-яқиндан, дунёнинг барча мамлакатларидан меҳмонлар оқими, туристлар ташрифи ошиб бормоқда. Вилоятда Давлатимиз раҳбари ислоҳотларининг ижроси изчил олиб борилмоқдаки, туризм инфратузилмасини яхшилаш борасида ривожлантирилаётган инвестиция ва экспортни кўпайтирадиган соҳалар гуллаб яшнамоқда.

    Ўтган йилнинг ўзида вилоятимизга 430 нафар минг хорижий турист ташриф буюрган. Водийнинг жозибадор табиати, сўлим манзаралари, туризм ривожи учун асос бўлаётган тарихий манзиллари имониятидан янада тўлақонли фойдаланиш, хорижий ва маҳаллий туристларнинг вилоятда қолиш муддатини 3 кундан 7 кунгача узайтириш, ташриф объектлари сонини 2 баробар ошириш мақсадида Фарғона туризм ҳалқаси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

    Халқаро муносабатлар эса янгидан қад ростлаётган вилоятда юқори даражада давом этмоқда. Жумладан, яқинда Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров "Польша-Осиё" савдо палатаси президенти Януш Пехочинский бошчилигидаги делегация вакилларини қабул қилиб, Польша ва Фарғона вилояти ўртасида қишлоқ хўжалиги, темир йўл, бандлик, олий таълим, туризм, IT, транспорт- логистика соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борган бўлса, куни кеча Хитойнинг “Xiamen Maoxing Group Co., Ltd” компанияси бошқарув раиси Чен Маикюн бошчилигидаги компания вакиллари вилоятимизда қурилиш, тиббиёт, таълим, энергетика йўналишларида инвестиция киритиш таклифини билдирдилар. Бу ўзгаришлар вилоятнинг ҳар бир манзилини қамраб олаётган эса барчамиз учун жуда қувонарли. Ишонасизми, айни кунларда Марғилон шаҳрида тут баргидан чой ишлаб чиқарилмоқда. “Нурли тонг силк“ МЧЖ пиллачилик кластери томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа асосида умумий қиймати 200 минг доллар бўлган инвестиция жалб этилиб, 10 та янги иш ўринлари яратилди.

    Эътироф этиш зарурки, вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида аҳолини уй-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Тошлоқ туманида бугунги кунга қадар 6 та 5 қаватли 170 та хонадондан иборат уй-жойлар барпо этиляпти. Бундан ташқари, Тошлоқ шаҳарчасида жойлашган 2 қаватли маънан эскирган турар жойлар ўрнида 5 та 7 қаватли 300 га яқин замонавий хонадонлар қуриш режалаштирилган. Бугунги кунда “Бек зиё инвес қурилиш” МЧЖ томонидан 7 қаватли уй-жойнинг қурилиши бошланди.

    Шунингдек, Тошлоқ туманидаги Қамчипуруш маҳалласида жойлашган “Абу Райҳон Беруний авлодлари” хусусий мактабига асос солинди.

    Яна бир ҳудуд - Ёзёвон туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 2024 йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича жами 348 та хонадондан иборат 15 та кўп қаватли уй-жойлар қуриш белгиланган. Ҳозирги кунда 9 та 188 хонадонли уй-жойларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, хитойлик инвесторлар томонидан 1 та 2 подезли 7 қаватдан иборат бўлган уй-жойлар қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

    Ўзгача куч-ғайрат ва матонат билан Фарғона аҳлини эзгу мақсадлар йўлида бирлаштирган вилоят раҳбарининг сай-ҳаракатлари натижасида Мустақиллигимизнинг 33 йиллик айёми арафасида кўплаб янги ишлаб чиқариш объектлари, таълим, тиббиёт, уй-жойлар ва бошқа иншоотларни фойдаланишга топширилмоқда. Бунда янгитдан бунёд этилган Ёзёвон тумани қўриқлаш бўлими маъмурий биноси, Шарқий ҳарбий округнинг Қува туманида жойлашган ҳарбий қисмида капитал таъмирдан чиқарилган бино-иншоотлари, “Бешариқ тонги” газетасининг янги биноси – истиқлол айёмига муносиб туҳфа бўлди.

    Бу янгиланишлар, ўзгаришлар вилоятимизда юқори суръатларда давом этмоқда. Ёзсак, саҳифалар, санасак саноқ тўхтамайди. Биз эса янги даврга қадам қўйган Фарғона элини шу яхши ишларда, эзгу ислоҳотларда вилоят раҳбарига елкадош бўлишга чорлаб қоламиз.

    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

    Фарғона давлауниверситети ректори,

    профессор