Ольга Алгаерова: Марказий Осиёда интеграция жараёнлари авж олишида Ўзбекистоннинг ўрни беқиёс

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Женевага ташрифи доирасида БМТ Бош котиби ўринбосари, Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) ижро этувчи котиби О.Алгаерова, шунингдек, Женевадаги БМТ бўлинмаси ва Швейцариядаги бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Эфиопия доимий вакили, элчи З.Корчо билан учрашувлари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

    ЕИК ижро этувчи котиби Ольга Алгаерова билан учрашувда у Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани билан табриклар экан, бу воқеа Ўзбекистон муваффақиятли ташқи сиёсат олиб бораётганидан, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган тўрт йилда мамлакат катта ютуқларга эришганидан далолат беришини таъкидлади.

    Сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг аҳамияти тобора ортиб бораётгани, Марказий Осиёда интеграция жараёнлари авж олишида Ўзбекистон ўрни беқиёс экани таъкидланди.

    «Ўзбекистоннинг очиқ сиёсати туфайли минтақавий ҳамкорлик ривожланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ шафелигида Транспорт ва коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббуси ЕИК мамлакатлари учун муҳим аҳамиятга эга. Мазкур марказни ташкил этишда Комиссия ўз экспертлари билан ёрдам кўрсатишга тайёр, – деди О.Алгаерова.

    ЕИК Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни диққат билан кузатиб бориши ҳамда транспорт ва логистика, уй-жой қурилиши, трансчегаравий сув ресурслари масалалари, халқаро савдо, экология ва атроф муҳит, давлат-хусусий шериклик каби кенг қамровли соҳаларни қамраб оладиган бугунги икки томонлама ҳамкорликни ижобий баҳолаши таъкидланди.

    Ольга Алгаерова ўтказилган тадбирларни, жумладан, Экологик сиёсат қўмитасининг 25-сессияси доирасида (Женева, 2019 йил 13-15 ноябрь) Ўзбекистон экологик фаолияти самарадорлиги Учинчи шарҳи тасдиқланганини тилга олди.

    Уни амалга ошириш доирасида Ўзбекистонга ЕИКнинг «Шаҳарлардаги дарахтлар» ташаббусида ҳудудлардаги шаҳарларда дарахт экиш бўйича фаол иштирок этиш таклиф этилди.

    Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг «Барқарор ривожланиш учун инновациялар» Миллий шарҳини тайёрлаш бўйича бошланган ҳамкорликдаги ишлар тўғрисида ахборот берилди.

    Ўзбекистоннинг ЕИК фаолиятидаги фаол ролини ҳисобга олиб, О.Алгаерова БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти бўйича махсус дастури (СПЕКА) Бошқарув қўмитасининг навбатдаги мажлисини ва Иқтисодий форумни 2021 йилнинг кузида Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида Комиссия таклифини маълум қилди.

    Мулоқот давомида СПЕКА мақсадли жамғармасини таъсис этиш масаласи ҳам кўтарилди. Унинг ташкил этилиши, О.Алгаерованинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатлари ҳудудида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун зарурдир.

    ЕИК ижро этувчи котиби Комиссиянинг «ЕИК минтақасида кўп айланмали иқтисодиётни ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланишни тарғиб қилиш» мавзусида 2021 йил 20-21 апрель кунлари Женевада бўлиб ўтадиган йиллик 69-сессиясида Ўзбекистонни иштирок этишга таклиф қилди. Унинг дастурига ЕИК бўлажак минтақасининг концептуал манзарасини ишлаб чиқиш, иқтисодий интеграция ва ҳамкорлик орқали 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалга ошириш масалаларини кўриб чиқиш киритилади.

    Женевадаги БМТ бўлинмаси ва Швейцариядаги бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Эфиопия доимий вакили Зинебе Корчо Ўзбекистонни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани билан табриклади.

    Учрашувда томонлар икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

    Эфиопия вакили парламентлараро алоқаларнинг мустаҳкамланиши давлатлараро муносабатларни ривожлантириш ва икки мамлакат халқлари фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates