Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати маълум қилди.
Жорий йилнинг 2 ноябрь куни бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Олий Мажлис Сенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг тегишли қўшма мажлисларини чақириш, Олий Мажлис Сенати аъзолари сайловига доир айрим ҳужжатларни тасдиқлаш масалалари муҳокама қилинди.
Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига биноан Олий Мажлис Сенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг қўшма мажлислари 2024 йилнинг 7-12 ноябрь кунлари ўтказилиши белгиланди.
Мажлис давомида Олий Мажлис Сенати аъзолари сайловини ўтказиш билан боғлиқ айрим ҳужжатлар намуналарини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқди. Унга кўра, Қўшма мажлис Маслаҳат Кенгаши баёни, Саноқ комиссияси баёни, овоз беришда иштирок этувчи депутатлар рўйхати, Сенати аъзоси сайлови бўйича сайлов бюллетени ҳамда Қўшма мажлис баённомаси намуналари тасдиқланди.
Шунингдек, мажлисда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар таҳлилий кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 76-моддасига кўра, Сенат аъзоларининг сайлови Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайланганидан кейин бир ойдан кечиктирмай ўтказилади. Олий Мажлис Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг тегишли қўшма мажлисида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади.