Олий Мажлис ва БАА Федерал миллий кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

    Халқаро ҳамкорлик 3 феврал 2023 844

    Айни пайтда БАА билан парламентлараро алоқалар жадал ривожланяпти. Сенат Раиси бошчилигидаги делегациянинг БАА Федерал миллий кенгаши Раиси Сақр Ғобаш билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

    Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва БАА парламентлари ўртасидаги муносабатлар изчиллигини таъминлаш, хусусан, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.

    Сенат Раиси Т.Нарбаева парламентлараро ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги барча даражадаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим механизмларидан бири ҳисобланиши, олий даражада эришилган келишувлар асосида қабул қилинган «йўл хариталари»да белгиланган вазифалар ижроси устидан тизимли парламент назоратини ўрнатиш ҳамда бу соҳада Амирликлар парламенти билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва «халқ дипломатияси»нинг муҳим жиҳати ҳисобланган «дўстлик гуруҳлари» фаолиятини жонлантириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

    Икки давлат парламентлари аъзолари ҳамкорликнинг турли йўналишларида ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплигини, иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги тажрибадан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Бунда парламентларнинг биргаликда савдо-иқтисодий, инвестиция, хизматлар соҳасидаги эришилган келишувларнинг амалга оширилишига хизмат қиладиган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.

    Ўз навбатида, БАА Федерал миллий кенгаши Раиси Сақр Ғобаш Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган кенг кўламли, авваламбор, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишидаги ислоҳотларни юқори баҳолади. БАА Федерал миллий кенгаши Ўзбекистонда инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш соҳасида Олий Мажлис вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

    Суҳбат давомида кенг қамровли ҳамкорлик, шу жумладан, парламентлараро алоқаларни ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги билдирилди. Хусусан, Олий Мажлис Сенати Федерал миллий кенгаши билан олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, тегишли қўмиталар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, электрон парламент жорий этишда тажриба алмашиш каби масалалар бўйича келишиб олдилар.

    Учрашув якунида икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар, туристик ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган парламент фаолиятини, парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат функцияларини самарали амалга ошириш, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий, туристик ва бошқа соҳаларда қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини ривожлантириш борасида ахборот ва тажриба алмашишни кенгайтириш каби масалаларни қамраб олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Бирлашган Араб Амирликлари Федерал миллий кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates