Олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги – таълим сифатини ошириш гаровидир!

    Таълим 29 декабр 2021 3072

    Сўнги уч йилдан бери мамлакатимизда олий таълим муассасаларининг рейтинги эълон қилиниб келиняпти. Рейтинг тузиш ва уни эълон қилиш, олий таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳитини яратади. Олий таълим муассасаларининг рейтинг даражасини аниқлашда у ерда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг илмий педагогик салоҳияти юқорилиги, муассасанинг барқарор молиявий фаолияти, моддий-техник базаси етарли даражадалиги муҳим мезон саналади.

    Таълим соҳаси тараққиёти кўпинча молиялаштириш кўлами ва олинган молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш даражасига боғлиқ. Шунинг учун турли мамлакатларда таълим соҳасидаги ислоҳотларни молиялаштириш кўлами бир-биридан тубдан фарқ қилади. Баъзи мамлакатлар кам маблағ талаб қиладиган ислоҳотларни танласалар, бошқа мамлакатлар катта молиявий ресурсларни талаб қиладиган йирик ислоҳотларни амалга оширадилар.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сон қарорига мувофиқ бир неча олий ўқув юртларига синов-тажриба тариқасида молиявий мустақиллик берилди ва тажриба ўзининг ижобий самарасини берди.

    Айнан шу ҳолатларни эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни-кеча қабул қилинган «Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида»ги 60-сонли ва «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 61-сонли қарорлар асосида олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш орқали уларни ривожлантириш ва самарали бошқариш учун долзарб вазифалар қўйилди ва янгидан-янги имкониятлар очди.

    Таълим хизматлари бозорида янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига талаб юқорилигини инобатга олиб, янги йўналишлар очилиши ҳамда аҳолига таълим хизматларини таклиф қилиш борасидаги мустақиллик олий таълим муассасасининг нуфузини кўтарилиб боришига ҳисса қўшади. Олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллигини кенгайтириш, молиялаштиришнинг кўп тармоқлиги, қайта сармояланиш тамойилига асосланиш эса таълим жараёнини жаҳоннинг илғор олий таълим стандартларига мувофиқлаштириш борасида қўйилган катта қадамдир. Олий таълим тизимини кенг даражада молиялаштиришни тартибга солиш билан унинг янги талаблар ва муаммоларга мос тарзда жавоб бера олишига йўл очилади.

    Қабул қилинган қарорларда кадрлар масаласига ҳам кенг ўрин берилган. Олий таълим муассасаларини молиялаштириш манбаларини янада кенгайтириш ва мавжуд маблағлардан самарали фойдаланишга эришиш билан олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчи ва ходимларига мотивация бериш тизими фаоллашади. Қарорнинг меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва самарадорлик мезонларига асосланган рағбатлантириш тартибини мустақил белгилаш каби бандлари кадрларнинг илмий потенциал даражасини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Хорижлик профессор-ўқитувчилар ва талабаларни жалб қилиниши олий таълим муассасасини келгусида жаҳоннинг рейтинг агентликлари томонидан эълон қилинадиган ТОП-1000талик рўйхатига киритиш учун амалга оширилаётган чора-тадбирларини мустаҳкамлайди.

    Олий таълим муассасасини битириб чиқаётган истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага юбориш каби мақсадли ҳаракатлар келажакда олий таълим муассасаси учун салоҳиятли кадрни тайёрлаш имконини беради.

    Молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларига солиқ имтиёзларини татбиқ этилиши, ижтимоий солиқнинг 12 фоиз миқдордаги ставкаси қўлланилиши ва божхона божидан озод қилиш бўйича берилаётган имтиёзлар уларнинг моддий техник базасини янада бойитиш ва олий таълим муассасаларига яна бир карра ўзининг рейтинг даражасини кўтариш йўлида маркетинг соҳасини ривожлантиришга туртки беради.

    Шунингдек, қарорларда олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими икки қисмдан иборат босқичда ислоҳ қилиниши кўзда тутилган. Биринчи босқичда – 2022 йил 1 мартгача «Ўқув жараёнини бошқариш» қисми жорий қилиниб, давомат, ўзлаштириш қайдномаси ва рейтинг дафтарчаси, гуруҳ журнали, дарс ва имтиҳон жадваллари рақамлаштирилади. Иккинчи босқичда эса 2022 йил 1 майга қадар «Таълим сифатини назорат қилиш» қисми жорий этилиши маълум қилинган. 2022 йил якунигача барча давлат ОТМларнинг ўқув адабиётлари тўлиқ электронлаштирилиб, ягона «Электрон кутубхона» платформаси ишга туширилади. Бу талабалар учун мустақил таълим олиш, ўз устида мунтазам ишлаш, маълумотлардан қулай усулда фойдаланиш имкониятини беради.

    Юқоридаги Президент қарорларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида самарали ижро этилиши Янги Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг халқаро рейтинги ва рақобатбардошлик даражасини оширади.

    Ш.Й.Пулатов,

    ТДТУ Қўқон филиали директори.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates