Олий таълим тизимида қоғозбозлик қанчалик камайди?

    Глобаллашув жараёни таълим тизимини ҳам мунтазам такомиллаштиришни тақозо этади. Давр талабига кўра, бугунги кун ўқитувчиси фақат яхши ўқитиши керак.

    Бу эса педагогларни диққатни чалғитадиган мажбуриятлардан халос этишни назарда тутади. Бу мажбуриятлар орасида энг каттаси, шубҳасиз, қоғозбозлик ҳамда ортиқча юкламадир. Cўнгги йилларда бу иккисини камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил тус олди. Ҳатто янги таҳрирдаги Конституциямизга ҳам киритилди.

    Президентимизнинг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида Бош қонунимизнинг 51-моддаси бўйича қилиниши керак бўлган вазифалар қаторида “Олий таълим тизимида ортиқча қоғозбозликка барҳам бериш, профессор-ўқитувчиларнинг вақтини ички ҳужжатларни тўлдиришга сарфлаш билан боғлиқ жараёнларга барҳам бериш чораларини кўриш” қайд этилган. Олий таълим тизимида қоғозбозлик ҳамда ортиқча юкламани камайтириш масаласининг айнан Асосий қонунда мустаҳкамлаб қўйилгани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятини янада оширади.

    — Олий таълим тизимидаги қоғозбозлик, ортиқча юкламаларни камайтиришнинг бугунги кундаги стандарт ечими рақамлаштиришда, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Иноятилло Неъматов. — Ўзбекистон олий таълим бошқаруви тизимини рақамлаштириш мақсадида Рақамли университет лойиҳаси доирасида “Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими” (HEMIS — Higher Education Management Information Systems) ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Мазкур ахборот тизими олий таълим муассасаларининг маъмурий, академик, илмий ва молиявий фаолиятини автоматлаштириш, ўқув жараёнини ташкил этиш, мониторингини юритиш ва бошқариш, масофадан онлайн таълим хизмати кўрсатиш ҳамда вазирлик ахборот тизими билан ахборот алмашиш вазифасини бажаради. Бугунги кунда олий таълим муассасаларидан олинадиган турли ҳисобот ва маълумотлар сонини кескин камайтириш, уларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш, бошқарув тизимини рақамлаштириш ишлари бажарилмоқда. Ушбу тизим маъмурий, ўқув, илмий ва молиявий жараёнларни бошқариш модулини ўз ичига олади. Уни босқичма-босқич олий таълим муассасаларида жорий этиш орқали ўқув жараёни модулида гуруҳ журнали, дарс жадвали, имтиҳонлар жадвали, талабанинг рейтинг дафтарчаси, ўзлаштириш қайдномалари, давомат ҳисоботи, диплом ва академик маълумотномалар рақамлаштирилди. Шунингдек, маъмурий жараён модулида олий таълим муассасаси структураси, талабалар контингенти ва уларнинг ҳаракати, профессор-ўқитувчилар таркиби тўғрисидаги маълумотларни юритиш ҳамда ҳисоботларни тайёрлаш рақамли тизимга ўтди.

    2021-2022 ўқув йилидан бошлаб барча давлат ОТМларида талабалар ўқув варақаси, гуруҳ журнали, рейтинг дафтарчаси, академик маълумотнома, дарс жадвали, давомат ва ўзлаштиришга оид маълумотлар, тўлов-контракт шартномалари ҳамда айланма варақалари рақамлаштирилди. Ўн минг талаба ўқийдиган ОТМда қоғоз кўринишида юритиладиган ҳужжатлар бекор қилиниши ҳисобига бир ўқув йилида ўртача 90 миллион сўмгача маблағ тежалади. Ахборот тизими ОТМнинг миллий рейтинги онлайн ҳисоботларини шакллантириш орқали фаолиятини онлайн режимда таҳлил қилиб бориш имкониятини беради. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб талабаларнинг QR кодли тўлов-шартномаларини шакллантириш имконияти яратилди. Бунинг натижасида талабалар ва ота-оналар жорий этилган имтиёзли таълим кредитини мамлакатимизнинг исталган ҳудудидаги белгиланган тижорат банкларидан олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, ОТМда шартнома тўлови мониторинги юритилади. Талабалар ўз профили орқали тўлов-шартномалар учун буюртма беради, онлайн кўринишда олади ва тўловлар мониторингини юритиб боради. Бундан ташқари, талабаларга тўлов шартномаларини қоғоз кўринишида ОТМдан бориб олиш билан боғлиқ маъмурий тўсиқлар (навбатда туриш, транспорт харажатлари) учун сарфланадиган вақт ва харажат иқтисод қилинади.

    Тизимнинг олий таълим муассасалари томонидан бакалавриат ва магистратура битирувчилари учун QR кодли диплом шакллантириш, тасдиқлаш ва тақдим қилиш модули ишлаб чиқилиб, фойдаланиш йўлга қўйилди. Малака оширишнинг анъанавий (малака ошириш марказларида тўғридан-тўғри ўқиш) шакли билан бирга мустақил, муқобил ҳамда масофавий малака ошириш шакллари амалиётга жорий этилди.

    Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари учун 25 таълим соҳаси бўйича малака талаблари ҳамда 223 йўналиш бўйича ўқув режа ва дастурлар, 857 ўқув-услубий мажмуа ҳамда ўқув ресурслари ишлаб чиқилиб, Бош илмий-методик марказнинг электрон кутубхонаси ва масофавий курслар электрон платформасига жойлаштирилди.

    Бош илмий-методик марказ ҳамда ҳудудий ва тармоқ марказлар ягона ахборот тизимига уланган бўлиб, ўқув жараёни тўлиқ рақамлаштирилди. Педагогик ҳамда инновацион компетентликни муттасил ошириб бориш мақсадида онлайн очиқ курслар портали фаолияти йўлга қўйилди.

    Таълим масаласи жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида муҳим вазифалар қаторидан ўрин олган. Кўпчилик давлатларда глобал рақобат шароитида янги талабларга жавоб берувчи, мослашувчан таълим тизимини яратишга қаратилган янгиланишлар бўлмоқда. Кўп хорижий давлатларнинг олий таълим тизимида синов бирликларини қайд қилиш ва тўплаш функцияларига эга бўлган ҳамда хорижда ўқишнинг академик тан олинишини кафолатловчи European Credit Transfer System (ECTS) синов бирликлари тизими қабул қилинган. Жаҳоннинг илғор ва ўзини оқлаган тажрибасидан келиб чиқиб, 2021/2022 ўқув йилидан мамлакатимиздаги барча давлат олий таълим муассасаларида ўқув жараёни Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом асоси[1]да ташкил этиляпти.

    Кредит-модуль таълим тизимига ўтиш Ўзбекистон Республикаси таълим тизимининг босқичлари ва академик даражасини аниқ баҳолаш имконини беради, уларни шаффоф, ташхисланадиган ва тан олинадиган ҳолатга келтиради. Бу эса жаҳон таълим муҳитига қўшилишнинг асосий шартларидан бири. Ушбу тизимнинг жорий қилиниши тайёрланаётган кадрларнинг юқори малакали ва жаҳон миқёсида рақобатбардош бўлишини таъминлайди. Бу ишлар орқали олий таълим тизими ходимлари билан бирга талабалар учун ҳам қулайлик яратиш мақсади кўзланган.

    — Мамлакатимиз олий таълим тизимида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш учун, асосан, Европанинг етакчи давлатлари, шунингдек, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатлар тажрибасини ўзлаштириб, амалиётга жорий этиш ишлари давом этмоқда. Ўқитиш сифатини таъминлаш мақсадида таълим сифатини баҳолаш мезонлари халқаро аккредитация талабларига мослаштирилмоқда, — дейди Иноятилло Неъматов. — Келгусида қилинадиган асосий вазифаларга тўхталсак, мамлакатимиздаги камида 10 та ОТМ халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1000 талигидаги олий таълим муассасалари рўйхатига киришига эришилади. Олийгоҳларнинг илмий салоҳияти 70 фоизга етказилади. Илмий тадқиқот ишларининг сифатини ошириш юзасидан илмий этикет нормаларини татбиқ қилиш мақсадида илмий ноширлик фаолиятида кўчирмачиликни аниқлаш тизими жорий этилади. Таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, раҳбар ва педагог кадрларга малака ошириш дастурларини мустақил танлаш ва ўзлаштириш имконияти яратилади.

    Келтирилган рақамлар ҳам, фактлар ҳам ижобий мазмун касб этади. Бироқ режалар, давом этаётган жараёнлар аниқми? Муаммолар-чи? Инобатга олиниши керак бўлган таклифлар борми? Шу саволлар билан Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультети декани ўринбосари Ботир Маллабоевга юзландик.

    — Эришилган натижалар самарадорлигини қайд этган ҳолда таълим сифати борасидаги саъй-ҳаракатларда айрим сусткашликлар кузатилаётганини ҳам тан олиш керак. Масалан, мурожаат ёки юклама кўпайганда серверларга ортиқча кучланиш таъсир қилмоқда. Шунингдек, вилоятларда интернет сифати яхши эмаслиги ҳам ҳал этилиши зарур бўлган камчиликлардан. Бундай вазиятда ходимлар яна эски усуллардан фойдаланишга мажбур бўлиши табиий, — дейди Б.Маллабоев. — Шу маънода, олий таълим тизимида қоғозбозликни кескин камайтириш орқали профессор-ўқитувчилар ва соҳа ходимларини ўз устида кўпроқ ишлаш, хорижий тажрибаларни ўрганишга жалб этиш, замонавий илмфан технологияларини кенг жорий қилиш туфайли ўқитиш сифатини янада ошириш, замонавий, мустақил фикрлайдиган малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини янги босқичга кўтариш мумкин. Мазкур масалалар ечимига доир кўплаб ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Уларда белгиланган вазифаларни тизимдаги барча ходимлар онгли равишда англаб, масъулият билан ёндашса, биргаликда юқори натижаларга эришамиз. Шу ўринда бу ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, унда белгиланган вазифаларни бандма-банд бажариш учун эътибор бериш зарур жиҳатларни видеоқўлланма орқали тизимдаги барча ходимларга тушунтириш самара беради, деб ўйлайман.

    Тизимдаги педагогларнинг аксарияти охирги йилларда ортиқча юклама камайгани, бироқ ҳал қилиниши керак бўлган масалалар борлигини айтди.

    — Ҳар қандай тизимнинг бошқарувчиси бўлган инсон омили мавжуд экан, кўзда тутилмаган салбий жиҳатлар юзага чиқиши, камчиликларга йўл қўйилиши давом этади. Мазкур жараёнда ҳар бир ходимга ўз вазифасини тўғри тақсимлаб бериш жуда муҳим. Чунки баъзи муаммоларнинг аввали нотўғри тақсимотдан келиб чиқади. Ҳужжатбозликнинг бугунги хусусий таълимдаги аҳволига келсак, унинг кундан-кунга камайиб бораётгани кузатилмоқда. Сабаби, мамлакатимизда янги ташкил этилаётган давлат ҳамда хусусий таълим даргоҳлари сифатли ўқитишни ўзига асосий вазифа қилиб олмоқда. Натижада профессор-ўқитувчилар учун ҳам папкани ҳужжатлар билан қаппайтириб юриш эмас, талабаларга сифатли ва самарали таълим бериш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш асосий мақсадга айланяпти, — дейди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчиси Бобур Нусратов. — Қоғозбозликни камайтиришда замонавий педтехнологиялардан фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун эса олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини тўлиқ мустаҳкамлаш лозим. Аудиториялар замонавий экран ва аудио-видео воситалар билан таъминланса, талабага ҳам қулай бўлади, ўқитувчи эса асосий эътиборини дарс ўтишга қаратади.

    Илм инсоният келажагини белгилаётган ушбу даврда педагогларга қулай меҳнат шароити яратиб бериш таълим тизими олдидаги муҳим масала. Зеро, устозлар вақт деб аталмиш нодир неъматни ҳамда ақл чўғини самарасиз ҳужжатбозликлару бефойда ҳисоботларга эмас, ёшларнинг билим олишига сарфлашини бугунги даврнинг ўзи талаб қилаётир.

    Жонибек АЛИЖОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates