Янги Конституция Учинчи ренессанс пойдевори

    Референдум жараёнларида ҳам сенатор, ҳам академик сифатида ёшлар билан учрашувларда иштирок этиб, янги таҳрирдаги Конституциямиз мазмун-моҳияти, ёшлар ҳаётида қандай ўрин тутиши ҳақида суҳбатлар қилдик. Сабаби Конституцияга ёшлар ҳуқуқига доир анча-мунча янгиликлар киритилаётган эди.

    2040 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 50 миллионга етиши тахмин қилинмоқда. Бу аҳоли сони бўйича дунёнинг катта, ривожланган давлатларига етиб оламиз, деганидир. 2040 йилда аҳоли сонининг камида 50 фоизини ёшлар ташкил этади. Шундай экан, ёшлар келажаги, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кун тартибидаги масала бўлиши табиий.

    Конституциянинг мен учун энг муҳим ва қизиқ бўлган жиҳатлари ҳам ёшларга қаратилган нормалари бўлди. Ўғил-қизлар тарбиясидан тортиб, уларнинг маълумот олиши, иш билан таъминланишигача Конституцияда белгилаб берилди. Давлат ёшлар ҳуқуқини таъминлаш ва ҳаётга татбиқ этиш учун шарт-шароит яратиш, қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олди.

    Ота-оналар мажбурияти ҳам аниқ-тиниқ белгилаб қўйилганки, улар фарзандини тарбиялаш ва вояга етказишга масъулдир. Шунингдек, ўғил-қизларнинг таълим олиши ҳам ота-онага муайян мажбурият юклайди. Бу жуда ўринли. Чунки фарзанд таълим-тарбияси фақатгина мактабга боғланиб қолиши керак эмас. Оилада таълим олишига шароит яратилиши зарур. Боланинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан, албатта, ота-она хабардор бўлиб туриши шарт. Бу, биринчи навбатда, оналарга катта масъулият юклайди. Аёл билимли бўлса, миллат билимли бўлади, деган ҳикмат бор. Кейинги йилларда хотин-қизлар таълимига қаратилаётган эътибор моҳиятида ҳам ана шу ҳикмат мужассам. Шу боис, янгиланган Конституциямизда хотин-қизларга қатор имтиёзлар берилди.

    Бу ислоҳотлар олий таълим тизимида яққол кўзга ташланади. Аввалги йилларда битирувчиларнинг 8-9 фоизида олий маълумот олишга имкон бўлса, ҳозир 50 фоизга яқинлашди. Бунинг учун етарли шароит ва ҳуқуқий асос яратилди. Бундан ташқари, ўғил-қизлар мактабни муайян касб эгаси бўлган ҳолда битириши ҳам ёшларимиз келажаги учун қилинган ишлар, деб биламан.

    Бугун юртимизда катта ислоҳотлар кечмоқда. Жамиятдаги жараёнлар, таълим билан боғлиқ масалалар юзасидан кенг кўламли ўзгаришларни кузатяпмиз. Давлатимиз раҳбари 2016 йилнинг сўнгги кунлари Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолари билан учрашиб, фан-таълим олдида турган вазифаларни ўртага ташлаган ва илм-фан соҳасига эътиборни кучайтириш тўғрисида топшириқлар берган, Фанлар академияси ҳақида фармонни имзолаган эди. Шундан сўнг бу борада бир қанча меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу эса бизга илм-фанимиз келажаги борасида катта умид берди. Бугун бу саъй-ҳаракатларнинг илк натижаларини кузатишга муваффақ бўляпмиз. Ана шу жараёнлар Конституцияга киритилган ўзгаришлар билан уйғунлашгани эътиборга молик.

    Илм-фанга эътиборни математика фанини ривожлантириш бўйича қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ва уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мисолида айтишни истардим. Наманган, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қорақалпоғистонда институтимизнинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиши илгари хаёлимизга ҳам келмаган. Бугун жойларда бешта бўлинмамиз фаолият юритяпти. Фан билан олий таълим узвий боғланишини таъминлаш мақсадида ушбу бўлинмалар ўша вилоятлардаги етакчи университетлар ичида жойлаштирилди. Бу, албатта, ёшларни фанга, таълимга жалб қилишни кўзда тутади. Сўнгги йилларда институтимизда илмий изланиш олиб бораётган, фаолият юритаётганларнинг ярмидан кўпроғини ёшлар ташкил этаётгани ҳам фанга қаратилган эътибор маҳсулидир. Докторантурада ўринлар сони кўпайди.

    Ёшларга шарт-шароит яратиб берилмаса, илм олиши учун майдон яратилмаса ва рағбат бўлмаса, натижа ҳам бўлмайди. Айни пайтда илм аҳлига берилаётган эътибор ёшлар учун ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга. Уларнинг касб танлаши, илм билан шуғулланиши, фан ривожига ҳисса қўшиши учун муҳит яратилган. Олимлар илм-фан билан машғул бўлиши, маоши уч баробар ошгани ёшларнинг қизиқишига сабаб бўлаётган жиҳатлардан биридир. Бу келажакда ўз мевасини беради. Сифатли таълимни таъминлаш олдимизда турган муҳим вазифадир.

    Конституцияда ўқитувчининг мақоми масаласига алоҳида норма киритилиб, кафолатланди.

    Албатта, таълим сифати ўқитувчига боғлиқ. Биринчи навбатда, мактаб ўқитувчисига. Чунки мактабни битириб келган боланинг билими унчалик кучли бўлмаса, олий таълимда у бирор нарсани ўрганиши қийин. Бунда эса ўқитувчининг салоҳияти муҳим ўрин тутади. Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши ортидан салоҳияти, жамиятдаги обрў-эътибори жуда тушиб кетди. Конституцияда уларнинг мавқеини юксалтириш бўйича ҳуқуқий асос яратилди. Ўқитувчиларни асосий вазифасидан бошқа ишга жалб қилиш мумкин эмас. Ана шунда ўқитувчи ўз устида ишлашига имкон бўлади ва маоши ҳам ошади. Буларнинг барчаси Конституцияда муҳрланди.

    Бундан ташқари, Бош қонунимизда аждодларимиз қолдирган меросни ўрганиш ва келажак авлодни ҳам шунга муносиб тарбиялаш масаласига алоҳида урғу берилган.

    Бундан уч-тўрт йил олдин Самарқандда Марказий Осиё олимларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига бағишланган конференция ўтказилган эди. Дунё илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган алломалар бизнинг заминда камол топгани кишига ҳамма вақт фахр бағишлайди. Биз ёшлигимизда шундай буюк аждодларимиз борлигини билмас эдик. Ёшларимиз ҳозир уларни билиши, меросини ўрганишига ҳамма имконият бор. Уларга муносиб авлодни шакллантириш галдаги вазифамиз. Ҳатто Бош қонунимизда уларнинг номи тилга олингани вояга етиб келаётган авлодга шундай масъулият юклайди.

    Келажакда ҳозирги ёшлар орасидан Хоразмийлар, Берунийлар чиқишини хоҳлаймиз. Бунинг учун, албатта, пойдевор керак.

    Юртимизда илм-фан, мактаблар, олим ва тадқиқотчилар, кашфиётлар ва яратувчилик фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Янги илмий тадқиқот йўналишлари, институтлар ва марказлар, илмий лаборатория ва кафедралар фаолияти йўлга қўйилиб, кўп тармоқли илмий-ташкилий инфратузилма яратилди.

    Фан-таълим — нозик масала. Уни издан чиқариш осон. Лекин сифатли таълимни, илм-фанни юксалтиришга ўнлаб йиллар керак бўлади. Натижани бир йил, икки йилда эмас, ўн йилда кўриш мумкин. Лекин унга ҳозирдан ҳаракат қилмасак, кейин кеч бўлади. Шу боис, ишончим комилки, бу борадаги саъй-ҳаракатлар, албатта, Учинчи Ренессанс, буюк уйғониш даври учун пойдевор бўлади.

    Муддатидан илгари Президент сайловини ўтказиш, ушбу масалани халқ ҳукмига ҳавола этиш тўғрисидаги қарор мамлакатдаги барча сиёсий партияларга янги таҳрирдаги Конституциядан келиб чиқиб, янги дастурлари билан халққа мурожаат этиш имконини, халқимизга эса келажаги, тақдири, эртанги куни учун эркин танлов қилиш имкониятини беради. Президент учун ҳамиша халқ манфаати бирламчи ва устувор эканига шахсан мен яна бир карра амин бўлдим.

    Шавкат АЮПОВ,

    Ўз ФА Математика институти директори,

    Олий Мажлис Сенати аъзоси,

    Ўзбекистон Қаҳрамони,

    (“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 11 май, 91 сони)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates