Миллий тараққиёт йўли – адолатли ижтимоий сиёсат юритишнинг бош мезони

    Турли вазиятлар туфайли камбағаллик даражасига тушиб қолиши мумкин бўлган гуруҳлар – ногиронлар, ёлғиз оналар, етим болалар, кексаларга алоҳида эътибор берилмоқда ва бу чора-тадбирлар аниқ мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

    Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар кечмоқда. Бу каби демократик ислоҳотларни изчиллаштириш, иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш ҳамда эркин бозор муносабатларини янада ривожлантириш даврида ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли фаровонлиги барқарорлигини таъминлаш чораларини тизимли равишда амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.

    Ривожланган давлатлар тарихи иқтисодиётни юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни ижтимоий масалаларни ҳал қилиш билан баробар олиб бориш жоизлигини кўрсатади. Бу амалиёт жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаб, барқарор ривожланишга ижобий таъсир кўрсатади. Шу тариқа ривожланган давлатларда ижтимоий муаммолар ва зиддиятлар барҳам топади, юзага келаётган ҳар қандай масала давлат ва жамият институтларининг ўзаро ижтимоий келишуви, консенсуси орқали ҳал қилиб борилади. Акс ҳолда, ижтимоий норозилик ва келишмовчиликлар кескинлашиб, жамоат хавфсизлиги, одамлар тинчлиги ва осойишталигига рахна солувчи омиллар кўпаяверади.

    Шу маънода, мамлакатимизнинг янгиланиш ва тараққиёт йўлига асос қилиб олинган адолатли ижтимой сиёсат юритиш тамойиллари, аввало, ижтимой келишувни, ҳамжиҳатликни, миллатлараро тотувлик ва бирдамликни таъминлашга қаратилган. Бу демократик ва иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг, улар орқага қайтмаслигининг муҳим шарти саналади.

    Шунга кўра, ижтимоий барқарорлик, ижтимоий адолатни таъминлаш каби халқпарвар сиёсатнинг муҳим элементларига алоҳида эътибор бериш, одамларнинг ижтимоий кайфиятига таъсир этувчи муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, ижтимой кафолатларни, аҳолини ҳар томонлама ҳимоялаш чораларини кўриш давлатимизнинг муҳим вазифаларидан бўлиб келмоқда.

    Жамиятимизда ҳар бир инсон демократик ўзгаришлар мазмун-моҳиятини теран ҳис қилаётгани, ислоҳотлар туфайли ўз имкониятларини тўла рўёбга чиқара олишини англай олгани ва, энг муҳими, ўз тасаввурларини жамият ва давлат интилишлари билан уйғунлаштиргани олдимизга қўйган улуғвор мақсадларга эришишимизда ғоят муҳим омил ҳисобланади.

    Янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш бўйича ўтказилган референдум кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва бирдамлигини кўрсатиб берди ҳамда Бош қонунимиз нормалари асосида давлатимиз билан бир тан, бир жон бўлиб жамиятимизни янгилаш, эртанги кунимиз бугундан кўра яхшироқ бўлишини таъминлашга бел боғлаганининг ёрқин намунаси бўлди.

    Конституциявий ўзгаришлар охирги йилларда шиддат билан кечаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ шаклланган давлатимиз ва жамиятимиз ютуқларининг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий қиёфасида ўз аксини топди.

    Конституция нормалари давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуришни ҳамда ижтимоий адолат ва ижтимоий бирдамлик тамойиллари асосида халқ фаровонлигини ошириш, аҳолининг заиф қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳар бир инсонга тинч ва муносиб ҳаёт кечиришига имкон берадиган шарт-шароитлар яратилишини белгилаб берди.

    Энг асосийси, бу нормалар демократик, адолатли фукаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлади. Бундай жамиятда давлат идоралари, давлат ҳокимиятининг ҳар қандай бўғинида хизмат қилаётган ходимлар халқ манфаатларини кўзлаб, Конституциямиз ҳамда у асосида қабул қилинган қонунларда белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда рўёбга чиқаришга хизмат қилади ва бу фаолиятда ижтимоий адолат, қонунийлик тамойилларига таянади.

    Ижтимоий адолатнинг асосий жиҳатига тўхталар эканмиз, давлат идораларининг барча даражадаги хизматчилари мақсади миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг талаб-истакларини қондиришга қаратилганида намоён бўлиб, конституциявий-ҳуқуқий нормаларда халқимизнинг азалдан инсонпарвар, одамохун фазилатлари ҳамма нарсадан устун қўйилгани, инсон том маънода эъзозланганидан даракдир.

    Яна бир муҳим масала. Давлатимиз, конституциявий нормаларда мустаҳкамлаб қўйилганидек, халқ манфаати йўлида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида, жумладан, ижтимоий соҳада ислоҳотларни амалга оширар экан, биринчи навбатда, улар адолатни таъминлашга, яъни ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли, ҳеч қандай камситишларсиз рўёбга чиқаришга, аҳоли фаровонлигини, жамиятимиз бирламчи бўғини бўлган оилаларда муносиб ва барқарор турмуш тарзини кафолатлашга йўналтирилгандир.

    Ислоҳотлар мазмун-мақсади ҳам ҳар бир фуқаро миллати, дини ва маслагидан қатьи назар, шахс сифатида намоён бўлиши, ўз қобилиятини рўёбга чиқариши, фаровон яшаши, маънавий баркамоликка эришиши учун зарур шароитларни яратишдан иборат.

    Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг муносиб, эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаш, ҳар бир инсон ҳуқуқ ва имкониятларидан тўлиқ фойдаланиши учун барча зарур шароитларни яратиш янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги устувор вазифалардан ҳисобланади.

    Шу ўринда айтиш лозимки, жамиятни демократлаштириш ва бозор иқтисодиётини эркин ривожлантириш даврининг айрим босқичларида табиий кузатиладиган аҳоли турмуш даражаси пасайишига йўл қўймаслик, ишсизлар сони ўсишининг олдини олиш, кам таъминланган оилаларни, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш чоралари тизимли амалга ошириб келинмоқда.

    Турли вазиятлар туфайли камбағаллик даражасига тушиб қолиши мумкин бўлган гуруҳлар – ногиронлар, ёлғиз оналар, етим болалар, кексаларга алоҳида эътибор берилмоқда ва бу чора-тадбирлар аниқ мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Шу боис, давлат ўз олдига қўйган ижтимоий мажбуриятларини бажаришда аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш ҳам долзарб масала бўлади.

    Бугун фуқароларга зарур ҳуқуқ ва эркинликлар берилган. Бу жараёнда юртдошларимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиши, янги Ўзбекистон фуқароси эканини ҳис қилиши, конституциявий даражада берилган ҳуқуқ ва эркинликларни қадрлаши, машаққатли меҳнат билан қўлга киритилган демократик қадриятларни асраб-авайлаши ва ҳимоя қилиши жуда муҳимдир.

    Аҳолининг турмуш даражаси ўсиши учун шарт-шароит ва ишончли кафолатлар яратиб берувчи омиллар тобора ортиб бормоқда. Энг асосийси, ҳамюртларимиз фикрлаши, дунёқараши ўзгармоқда, сиёсий ва ижтимоий онги, савияси ўсиб бормоқда. Бугунги халқимиз бундан 6-7 йил олдинги одамлар эмас, эндиликда бизни танлаб олган йўлимиздан ортга қайтариб бўлмайди.

    Ижтимоий сиёсат, уни рўёбга чиқариш механизмлари фуқароларнинг меҳнат фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратишдан ҳам иборат. Бу, ўз навбатида, аҳоли турмуш даражаси кескин пасайиб кетишининг, даромадлари ва турмуш даражасида асоссиз катта фарқларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди, жамият осойишталиги ва барқарорлигини таъминлаш, ислоҳотларга ишонч мустаҳкамланиши омили бўлади.

    Ҳар қандай давлатда турли кўринишдаги тенгсизлик кўпайса ва бунга имконият берадиган омиллар мавжуд бўлса, ижтимоий барқарорликка путур етади. Ижтимоий табақалар ўртасида кескин фарқ пайдо бўлиши жамиятда қарама-қаршиликлар, ички можаролар келиб чиқишига замин яратади. Шунинг учун демократик давлатнинг энг муҳим вазифаси ижтимоий зиддиятларни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш, юзага келган қийинчиликларни ҳал қилиш, одамлар турмуш шароитини яхшилаб боришдан иборат бўлмоқда.

    Бундай шароитда давлат хизматчилари ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жуда яхши англаб етиши талаб этилади. Акс ҳолда, ижтимой адолат бузилиши, коррупция ҳолатлари урчиши, муайян ижтимоий масала юзасидан қийналиб турган инсоннинг шундай ҳам оғир аҳволини янада оғирлаштириши, жиддий ижтимоий беқарорлик вужудга келишига сабабчи бўлиб қолиши, фуқаролар тинчлиги, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.

    Юқоридагилардан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, муносиб турмуш шароитини яратиш мақсадида таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Жумладан, тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорини минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқдик. 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилага кўмак берилмоқда. Ажратилаётган маблағ эса 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 триллион сўмга етди.

    Кам таъминланган оилалар фарзандларини парвариш қилиш бўйича нафақалар қамрови кенгайтирилди, нафақа тайинлашда ҳисобга олинган болаларнинг ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди, мазкур тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробар кўпайди, 2022 йилдан бошлаб оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда оилани кам таъминланган, деб эътироф этилиши белгилаб қўйилди.

    Кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий қилинди, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар сони охирги уч йилда тўрт баробар ошиб, 1,9 миллионга етди.

    2023 йил учун давлат бюджетининг ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағи миқдорига жиддий эътибор қаратилди. 2023 йилда таълим соҳаси харажатларига 58,4 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 28,4 триллион сўм, маданият соҳасига 2,5 триллион сўм, спорт соҳасига 2,3 триллион сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,8 триллион сўм йўналтириш белгиланди.

    Жорий йилги давлат бюджетида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишларини молиялаштириш учун 18,1 триллион сўм ажратилиши, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож жами 52 мингдан ортиқ фуқарога ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджет маблағлари ҳисобидан 1,1 триллион сўм субсидия тўлаб берилиши кўзда тутилди.

    Сўнгги олти йилда ижтимоий ёрдам кўлами 5 баробар оширилиб, 2 миллиондан ортиқ оила қамраб олинди. Ҳозирги кунда ҳар бир эҳтиёжманд оила бюджет ва 3 та “дафтар” тизими орқали моддий ёрдам олмоқда. Бу мақсадларга бюджетдан ҳар йили ажратиладиган маблағ 18 триллион сўмга етди. Ҳолбуки, 2016 йилда бу кўрсаткич 2,2 триллион сўм эди.

    Ижтимоий таъминотга йўналтирилган маблағнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2,5 баробар ёки 2016 йилдаги 0,9 фоиздан 2022 йилда 2,2 фоизга кўпайди.

    Аввалги таҳрирдаги Конституциямизда ногиронлар ҳақида сўз юритилмаган. Бироқ ҳозирги кунда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган 1 миллионга яқин шахс, жумладан, 16 ёшгача ногиронлиги бўлган 100 мингдан ортиқ бола истиқомат қилишини ҳисобга олсак, Конституциянинг алоҳида моддаси ижтимоий ҳимоя ва аҳолининг ушбу тоифасига нисбатан камситишни тақиқлаш масалаларига бағишлангани жуда муҳимдир.

    Ўзбекистон БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди, ногиронларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси, деб тан олувчи ва ҳаётнинг барча соҳаларида (таълим, бандлик, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш ва бошқалар) тенг имкониятларни таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирларни белгилаб берувчи қонун қабул қилинди.

    Сўнгги пайтларда ногиронлар учун пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори (747 минг сўм) оширилди. 2021 йилда истеъмол ҳаражатларининг минимал миқдори белгиланди.

    Охирги йилларда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди. Бу даврда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етди. Ҳозирги вақтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда.

    Аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажми 1,5 баробар оширилиб, 90 мингга етказилиши белгиланган. Бу борада имтиёзли шартлар асосида ипотека кредитлари бериш давом эттирилмоқда.

    Жорий йилда Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури амалга оширилади. Дастур доирасида, биринчи навбатда, турар жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилиши белгиланган.

    Агар эътибор берсак, 2016 йилгача камбағаллик сўзи ишлатилмаган. Бугунги кунда камбағаллик даражасини камайтириш вазифаси кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланди. Узоқ муддатга мўлжалланган мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш барқарорлигини таъминлаш миллий стратегиямизнинг бош мақсади қилиб қўйилди. Бу борада, биринчи навбатда, аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бош вазифалардан бирига айланди.

    Камбағалликни қисқартириш жараёнларини тартибга солиш учун махсус вазирлик ташкил этилди, 2030 йилгача Камбағалликни камайтириш стратегияси ишлаб чиқилди, уни камайтиришга қаратилган кўплаб давлат ва ижтимоий дастурлар ижро қилинмоқда.

    Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш, касбга ўқитиш кўламини 2 баробар ошириб, жами 1 миллион ишсиз фуқарони касб-ҳунарларга ўқитиш ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасалари иштирокини 30 фоизга етказиш белгиланди.

    Давлат дастурига мувофиқ, алоҳида концепция асосида ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтилиши, ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг 160 минг нафарини талабгир касбларга ўқитиш ҳамда улардан камида 5 минг нафарининг касбий малака даражасини тасдиқлаш ва уларга малака паспортларини тақдим этиш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 75 минг ишсиз хотин-қизни давлат ҳисобидан меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш каби муҳим вазифалар бажарилиши кўзда тутилди.

    Юқоридагиларга кўра, давлатимизнинг демократик ва ижтимоий адолатли жамият қуриш мақсадидаги тараққиёт йўлининг барча жабҳаларида, миллати, ирқи ва эътиқодидан қатъи назар, адолат ҳамма учун тенг ва баробар экани ҳамда ушбу тамойилга оғишмай амал қилиниши яққол кўриниб турибди.

    Абдулазиз РАСУЛЕВ,

    юридик фанлар доктори, профессор

    Дилшод ЧИНИЕВ,

    юридик фанлар доктори, доцент

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates