Олийгоҳ ҳам, тадбиркор ҳам, талаба ҳам бирдек манфаатдор

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 8 июнь сонида олий ва ўрта махсус таълим вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Сарвархон Бузрукхоновнинг “Олийгоҳ ҳам, тадбиркор ҳам, талаба ҳам бирдек манфаатдор” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан охирги йилларда юртимизда ётоқхоналарга бўлган эҳтиёжни қондиришнинг босқичма-босқич, лекин жадал ечими бўйича ўзига хос тизим яратилди. Бу эса, ўз навбатида, талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласининг долзарблигини янада оширди.

    Қайд этиш лозимки, мазкур тизим асосида, биринчидан, мавжуд талабалар турар жойларидаги яшаш хоналарини оптималлаштириш ва икки қаватли каравотларни ўрнатиш орқали қўшимча 20 минг ўрин ташкил этилди. Шунинг дек, давлат бюджети маблағлари, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари пули ҳамда давлат-хусусий шериклик ва ижара асосида қўшимча 11,4 минг ўринли 29 та талабалар турар жойи қурилиб, фойдаланишга топширилди.

    Натижада ўтган йилнинг ўзида қўшимча 32,1 минг ўрин яратилди ва давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойлари сони 257 тага етказилди. Бу 91,4 минг талабани жойлаштириш имкониятини яратди ва ётоқхонага эҳтиёжнинг 41 фоизи қопланди. Шунга қарамасдан, ҳозир қўшимча 131,6 минг ўринли талабалар турар жойларига эҳтиёж сақланиб қолмоқда.

    Ёшларга қаратилаётган юксак эътибор туфайли ётоқхона билан таъминланмаган ҳамда ўзига, шу жумладан, ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилмоқда.

    Ҳудудларда талабалар турар жойларини тадбиркорлик субъектлари маблағлари ҳамда бюджет субсидияси иштирокида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қуриш тизими йўлга қўйилди.

    Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2022-2025 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 85 та олий таълим муассасасида 91,2 минг ўринли 228 та талабалар турар жойини қуриш белгиланган. Бундан ташқари, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ушбу давр мобайнида талабалар турар жойлари сонини 100 минг ўринга етказиш, жумладан, бу йил 18 800 ўринли 47 та талабалар турар жойини барпо этиш, 2026 йилга қадар эса талабаларни ётоқхона билан таъминлаш даражасини 60 фоиздан ошириш кўрсатиб ўтилган.

    Аввалига мазкур тизимни йўлга қўйишнинг дастлабки босқичида тадбиркорлар томонидан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ётоқхона барпо этиш бўйича лойиҳаларда иштирок этишга етарли даражада қизиқиш билдирилмади. Сабаби, ётоқхона учун қурилган бинонинг ДХШ шартлари муддати тугаганидан кейин олий таълим муассасаси балансига тўлиқ ўтиб кетиши ва тадбиркорга мулк шаклида қолмаслиги, ДХШ битимлари тузишда лойиҳа баҳолаш ҳужжатларига мувофиқ битимнинг амал қилиш муддати камлиги, айрим турдаги лойиҳаларда ҳар бир ётоқ ўрни учун тўланадиган субсидия миқдорининг камлиги бўлди.

    Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда 2021 йилда талабалар ётоқхонаси бўйича тизим яратилгани таъкидланди, лекин барча ҳудудларда ҳам қурилиш ишлари бир хил олиб борилмаётгани қайд этилди. Шунингдек, талабалар учун ётоқхоналар қуриш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Жумладан, қайси олийгоҳ ректори ётоқхона қурилишининг 50 фоизини ўзи раҳбарлик қилаётган ўқув муассасаси маблағи ҳисобидан амалга ошириш ташаббусини билдирса, қолган 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилиши белгиланди.

    Вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг бу йил 6 майдаги “Талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан Талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш учун давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

    Тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик асосида талабалар турар жойларини қуришда кенг имкониятлар яратилди. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган ётоқхоналардаги бир ётоқ ўрни учун давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия миқдори оширилди.

    Талабалар турар жойларини қурган тадбиркорларга икки томонлама кафолатланган маблағ тўланади. Дастурнинг жозибадорлигини ошириш учун субсидия икки баробар оширилди. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини эркин келишиладиган шартлар асосида молиялаштириш бўйича 1 нафар талаба учун бир йилга бериладиган субсидия базавий ҳисоблаш суммасининг 25 баробари (6 миллион 750 минг сўм) миқдорида қоплаб берилади. Бу жараёнда олий таълим муассасаси ҳисобидан кафолатли тарзда базавий ҳисоблаш миқдорининг 0 баробари ва бюджет ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробари қоплаб берилади. Бу тадбиркорга 1 йилда 3 миллиард сўмга яқин даромад олиб келади.

    Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 15 апрелдаги “Бюджетлараро муносабатларни ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида тадбиркорларга қулай шароит яратиш учун субсидиялар миқдорини ошириш, мулкка эгалик ҳуқуқини қайта кўриб чиқиш белгиланди. Талабалар турар жойларини ўз маблағи ҳисобидан қурган маҳаллий тадбиркорларга бино умумий майдонининг 20 фоиздан ошмаган қисмига бўлган мулк ҳуқуқини тадбиркорга ўтказиш белгиланди. Яъни давлат-хусусий шериклик асосида барпо қилинадиган ётоқхоналарнинг 20 фоизи тадбиркорга мулкий ҳуқуқ сифатида кадастр билан расмийлаштириб берилади. Дейлик, ажратилган ерда тадбиркор камида 400 ўринли бино қуради ва унинг камида 200 ўрнидан олий таълим муассасаси билан келишилган нархда фойдаланади. Қолган 200 ўрнига тижорий нарх белгилайди. Бу шаклда тадбиркор бир йилда қарийб уч миллиард сўм атрофида тушумга эга бўлади. Бу — битта тўрт юз ўринли ётоқхонадан келадиган даромад.

    Эътиборлиси, тадбиркор бу ўринда ўзи учун қўшимча даромад олиши мумкин. Яъни келишилган миқдордан ортиқ қурилган жойдан ўзи фойдаланиши учун имконият мавжуд.

    Яна бир янгилик шуки, тадбиркор кўп қаватли бинодан талабалар учун 400 ўрин ажратса бўлди. Қолган қисмига ўз маблағи ҳисобидан меҳмонхона ёки турли ўқув курслари, хизматлар кўрсатиш шохобчаси очиши мумкин.

    Агар тадбиркор янги бино қурмай туриб шахсий мулки, ўзида мавжуд бино иншоотни талабалар турар жойига ўзгартириб, фойдаланишга берса, давлат томонидан бериладиган базавий ҳисоблаш суммасининг 15 баробари миқдоридаги субсидияга эга бўлади. Қисқаси, янги тартиб жорий этилиши олий таълим муассасасининг ҳам, тадбиркорнинг ҳам, талабаларнинг ҳам манфаатига хизмат қилади.

    Айни пайтда бу янгиликлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ҳозирда тадбиркорларга берилаётган ушбу имтиёзлар туфайли 24 та олий таълим муассасасида жами 12 500 ўринли талабалар турар жойларини қуриш ишлари аллақачон бошлаб юборилди. Шундан 15 таси давлат-хусусий шериклик, 6 таси давлат дастури асосида ҳамда 3 таси 100 фоиз муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан барпо этилмоқда.

    Қайд этиш лозимки, биргина давлат-хусусий шериклик асосида қурилаётган 7500 ўринли ётоқхоналар лойиҳасининг умумий қиймати 260 миллиард сўмни ташкил қилади. Самарқанд давлат чет тиллари институти учун қурилаётган, йил якунига қадар тугалланиши кутилаётган талабалар турар жойи 500 ўринга мўлжалланган. Мазкур турар жойни қуриш учун 32,1 миллиард сўм маблағ сарфланади ва у тўлиқ тадбиркорнинг маблағи ҳисобидан барпо этилади.

    Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида Андижон давлат университети ҳудудидаги 4 гектар бўш майдоннинг 30 сотихида 400 ўринли замонавий талабалар турар жойи қурилмоқда. Унга 27,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Маблағнинг 10,8 миллиард сўми давлат бюджетидан ажратилган, қолган қисми тадбиркорнинг шахсий ҳисобидан. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида Фарғона политехника институти ҳудудидаги бўш майдоннинг 30 сотихида 400 ўринли замонавий талабалар турар жойи қурилмоқда. Унга 25 миллиард сўм йўналтирилган. Маблағнинг 10,8 миллиард сўми давлат бюджетидан, қолгани тадбиркорнинг шахсий маблағи.

    Берилган имтиёз ва имкониятлар халқаро ташкилотларни ҳам ўзига жалб этмоқда. Яқинда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олий таълим муассасалари учун ётоқхоналар қуриш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзолангани фикримиз далилидир.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates