Тил — миллат кўзгуси. Дарҳақиқат, тил ҳар бир миллатнинг маданияти, урф-одатлари, унинг тараққиётини кўрсатувчи ойна, десак муболаға қилмаган бўламиз. Тили ривожланмаган элнинг руҳида юксалиш бўлмайди, у ўзлигидан, миллийлигидан тобора узоқлашаверади. Миллий тил худди байроқ, мадҳия, герб каби қадрли ва азиз. Унда ҳар бир миллатнинг руҳи, дунёқараши акс этади.
Маълумки, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун. Тил ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши она тилимиз бўлмиш ўзбек тилининг муҳофазасини таъминлади. Ҳаётимизнинг барча соҳаларида тилимиз кенг қўлланила бошланди. Ўзбекистоннинг мустақил суверен давлат сифатида дунё харитасидан жой олиши эса мазкур қонуннинг кучини янада оширди. Кейинроқ 1995 йилнинг августида “Давлат тили ҳақида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди.
Шунингдек, 2019 йили Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди ва Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш Департаменти ташкил этилди. Бу эса ўз навбатида жамиятимизнинг барча жабҳаларида давлат тили - ўзбек тилининг соф ҳолда тўлақонли амал қилиниши йўлидаги ислоҳотларнинг дебочаси бўлди.
Олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ўзбек тилини дунё тиллари қаторидан жой олишини таъминлашдир. Ўзбек тилини халқаро тиллар қаторидан жой олишига эришиш лозим. Ўзбек курашининг халқаро спорт тури сифатида эътироф этилиши билан “кураш”, “ҳалол”, “дакки”, “ёнбош”, “чала” каби ўзбекона атамаларнинг халқаро тилларда айтилиши бизни ғурурлантиради. Бунда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган тамға остидаги миллий маҳсулотларимизнинг ўзбекча ном билан дунё бозорига кўпроқ ва жадалроқ чиқиб бориши, айниқса, муҳим. Жумладан, она ватанимизда ишлаб чиқарилаётган Сhevrolet автомобиллари эндиликда “Равон” номи остида дунё бозорларига чиқиши кишида фахр туйғусини янада оширади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани инсонга ўзгача ғурур ва ифтихор туйғусини бағишлайди. Миллий тилимизнинг жаҳон минбарларида янграши эса ўзга халқларнинг тилимизга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромини уйғотган бўлса ажаб эмас.
Зеро, Абдулла Авлоний айтганидек, “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Ривожланишдан, тараққиётдан ортда қолмаслик яхши, аммо миллий тилимиз, миллийлигимизни унутмаслигимиз керак. Ҳар қадамда, ҳамма вақт миллатимизнинг юраги, руҳи, том маънода жони ҳисобланган жонажон она тилимизни асрашимиз, авайлашимиз лозим.
Шу ўринда оддий ва лекин оғриқли айрим ҳолатларга тўхталишни лозим деб топдик. Зотан, тил борасида амалга ошириладиган ишлар ҳар доим зарур ва долзарб. Ана шундай долзарб масалалардан бири пешлавҳа ва рекламалар билан боғлиқ. Шаҳримиз кўчаларида жойлашган савдо дўконларининг пешлавҳаларидаги оврўпоча Империя, Манго, Венеция, Версаль каби номлар, ҳанузгача кузатилаётган “Мы открылись” (“Биз очилдик”) тарзидаги жумлалар ҳали бу борада қилинадиган ишларимиз талайгина эканлигини кўрсатади. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ва бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин” дейилган. Афсуски ҳануз кўп ҳолларда чет тилидаги таржимаси берилади, аммо ўзбекча шакли келтирилмайди.
Пойтахтимиз кўчаларидан биридаги гўзаллик салони пештоқида ёзилган “Gavxar” сўзини ўқиб тўғриси ажабландим. Бир қарашда бу сўзда хатолик бўғиз ундоши “ҳ” билан “х” ҳарфларини фарқлай олмаслик натижасида йўл қўйилгандек туюлади. Аммо тожик тилида гав – сигир, хар – эшак деган маънони билдиришини ҳисобга олганда, юқоридаги сўзда қўпол хатоликка йўл қўйилгани билинади.
Юқоридаги каби ажнабий сўз ва атамалар кишида “Наҳотки ўзбек тилида уларнинг ўрнини босадиган жозибали сўзлар бўлмаса?” деган ўринли савол уйғотади. Юртимиз кундан кунга гўзаллашиб, ободонлашиб, кўркамлашиб боряпти. Табиийки, шундай кўркам юртга ташриф буюрувчи чет эллик меҳмонларнинг сони ҳам ортиб бормоқда. Бошқа давлатлардан келаётган сайёҳлар, меҳмонлар инглиз, француз, рус, корейс, итальян ва бошқа турли тиллардаги атамалар билан номланган дўкон, гўзаллик салони, тўйхона, кафе-ресторанларни кўриб, наҳотки ўзбек тилида жойларга ном беришга арзийдиган сўзлар бўлмаса, деб ўйлаши мумкин? Шу ерда ўринли савол туғилади ажнабий сўзлар билан биз ўз она тилимизни камситмаяпмизми? Миллий ғурур, ифтихор, ўз она тили, ватани билан фахрланиш туйғуларини унутиб қўймаяпмизми?!
Тил миллатнинг бебаҳо, улкан бойлиги ҳисобланади. У ҳар бир инсоннинг маданиятини кўрсатувчи ойна. Миллатнинг ўзлиги унинг тилида намоён бўлади. Тилдаги ҳар бир сўз инсон тафаккурининг маҳсули. Шундай экан, миллатнинг руҳи ҳисобланган тилимизни авайлаб-асрайлик. Нутқимизга турли кераксиз ажнабий сўзларни қўшиб, тилимизнинг софлигига путур етказмайлик. Тилимиздаги бебаҳо хазиналарини қунт билан ўрганиб, унинг қадрига етайлик.
Дарҳақиқат, шоир айтганидек,
Боболардан бизга меърос эзгу тил,
Авлодларга хазинаю бебаҳо.
Қалбимизга, руҳимизга кўзгу тил,
Бу дунёга бағишлаймиз не даҳо.
Ўзгаришлар тўла давримиз ўзгаришларига кўр-кўрона ёндашмасдан, зеҳнимизни ишга солиб ўз она тилимиз софлигини сақлайлик! Буни ҳар биримиз энг аввало, оиламиздан, маҳалламиздан, шаҳримиздан бошлашимиз лозим.









