Кўчат экиш, боғ яратиш эзгу амал. Оталарнинг фарзандига атаб дарахт экиши ҳам авлоддан-авлодга ўтиб, қадрият даражасига кўтарилган. Яъни, фарзанд туғилганида унга атаб бир жуфт терак экилган. Орадан йиллар ўтиб, ўша қаламчалар унинг учун қурилажак янги уйнинг синчи ёки устуни бўлиши ният қилинган.
Қадимда ва яқин-яқинларда ҳам Наврўз байрами кунлари болалар кун ва тун жамоасига бўлиниб, ой — кеча теракдек узун ёки кун узун бўлсинми, дея қўлларини бир-бирларига маҳкам бирлаштирган ҳолда, ясалган арғимчоқни узиб ўтиш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишган. Бу ўйин “Оқ теракми, кўк терак”, деб аталган. Унинг замирида ёруғликнинг қоронғуликдан ғолиб эканига ишора ва интилиш бор...
Ҳа, шундай, юртимизда терак ҳам бошқа ардоқли дарахтларимиз каби қадриятларимиз тимсолига айланган. Уни етиштириш бўйича эса, қадимдан катта тажриба тўпланган. Қишлоқдаги ҳар бир хонадонда осмонга бўй чўзган тераклар шовуллаб ўсиб, ҳавонинг софлигини, янги уйлар ёғочини таъминлаб келган.
— Ҳозирги пайтда юртимизнинг турли иқлим ва тупроқ шароитида теракнинг 40 га яқин тури, 90 дан ортиқ нави парваришлаб келинади, — дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги бўлим бошлиғи Актам Далиев, — Терак барча турдаги дарахтлар орасида энг яхши ҳаво тозаловчи ҳисобланади. Карбонат ангидридни ўзига сингдириб, игна баргли дарахтларга нисбатан 10 баравар кўп кислород ҳосил қилади. Айни пайтда ўзидан зарарли микробларни ўлдирувчи фитонцидлар ҳам ишлаб чиқаради.
Бу турдаги дарахтлар манзарали бўлиши ва жой танламаслиги сабабли иҳота ва ўрмон муҳофазаси, кўкаламзорлаштириш ишларида муҳим аҳамиятга эга.
Теракнинг тез ўсиши табиий ресурсларни қисқа вақт ичида тўлдириш имконини беради. Унинг юз йилгача яшайлиган турлари ҳам бор Масалан, мирзатерак ва оқтерак 30 йилгача ривожланиб, 60-70 йил давомида яшайди. Ёғочи 8-10 йилда етилади ва гектаридан 500–900 куб метргача ёғоч маҳсулоти олинади. Бу мебель ва целлюлоза-қогоз саноати учун муҳим хомашё саналади. Унинг целлюлозасидан газлама, пишитилган ип толаси тайёрланади.
Президентимиз раислигида 7 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Маълумки, лойиҳа доирасида баҳор мавсумида 125 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, апрель ойи якунига қадар туманлардаги йирик маҳаллаларга 20-30 минг, ўрталарига – 10-15 минг, кичикларига – 3-5 минг, шаҳарлардаги ҳар бир маҳаллада ҳам шунча туп терак қаламчалари экиш тавсия этилди. Автомобиль йўллари бўйида эса, камида 5 миллион туп терак кўчатлари ва қаламчалари экиш ишлари олиб борилади.
Бошқача айтганда, уйлар ва ариқлар ёнида, автомобиль йўллари ва пиёдалар йўлаклари бўйида, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳудудларидаги бўш жойларга минг тупгача терак кўчати экиш керак бўлади. Бу дарахтларнинг барчасини маҳаллалар ўз балансига олади ва актив сифатида жорий этилади.
— Вилоятимизнинг 19 та туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари, жамоатчилик ташкилотлари томонидан терак кўчатлари ва қаламчаларини экиш, парваришлаш борасида кенг кўламли ишлар давом этяпти, — дейди Фарғона вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Холиқов. — Шу кунга қадар маҳаллалар ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектлари, умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасаларининг бўш ер майдонлари, зовур ва канал ёқаларига 10 миллион 156 минг тупдан ортиқ терак кўчатлари ва қаламчалари экилди.
Яхши биласиз, терак кўчатини етиштиришнинг ўзи молиявий манфаат келтиради. Бизда, асосан, кўктерак, оқтерак, мирзатерак, калифорния каби турлари экилади. Ўртача ҳисоблаганда 10 сотих ерга 10 минг туп кўчат сиғади. Улар бир йилдан сўнг бозорга олиб чиқиб 3 минг сўмдан сотилса, 30 миллион сўмдан ортиқ даромад беради.
Пойтахтимизни кўкаламзорлаштиришда теракни кўпайтириш ҳам танлангани бежиз эмас. Гап шундаки, терак бошқа барча турдаги дарахтлар орасида мегаполисларда энг яхши ҳаво тозалагич вазифасини ўтайди. Юқорида қайд этилганидек, терак ҳаводан карбонат ангидридни ютади ва кислород ишлаб чиқаради, бу, айниқса, осмонни қум-чанг қоплаган пайтларда жуда асқотади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, барча турдаги тераклар жуда тез ўсади ва шаҳар учун фойдали ҳисобланган яшил массани ортиради. Бундан ташқари, улар энг қийин шароитларда тирбанд бўлган магистрал йўллар бўйлаб ёки саноат корхоналари ҳудудида яшаб қолишга қодир ва ўта чидамли. Уларнинг учиб юрадиган туклари билан боғлиқ муаммо аслида жуда осон ҳал қилинади. Бунинг учун тук ҳосил қилмайдиган терак турларини танлаш ёки питомникларда фақат ушбу ёқимсиз хусусиятдан маҳрум бўлган эркак ниҳолларни кўпайтиришнинг ўзи кифоя.
“Яшил макон” дастурининг бажарилиши муҳокама этилган видеоселектор мажлисида Инновацион ривожланиш вазирлиги зиммасига аллергия чақирмайдиган терак дарахтларини экиш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш юзасидан торшириқ берилди.
— Вазирлигимиз ҳузурида Халқаро молекуляр аллергология Маркази фаолият кўрсатади, — дейди Иброҳим Абдураҳмонов. — Марказ томонидан ҳаводаги гулчанги миқдорларининг мониторингини йўлга қўйиш мақсадида Тошкент шаҳрининг икки ҳудудида Марказий Осиё ва МДҲ давлатларида биринчи бўлиб замонавий қурилмалар – гулчанги қопқонлари ўрнатилди Бу қурилмалар 60 –70 километр радиусдаги гул чангини аниқлай олади. Улар ёрдамида узлуксиз ўтказилаётган аэробиологик мониторинг натижалари асосида автоматлаштирилган маълумотлар базаси юритилиб, Тошкент шаҳрида гул чанги тарқалиши харитаси тузилди. Бу харита аҳоли ўртасида аллергик муаммолар келиб чиқишининг олдини олишда жуда қўл келади. Шу билан бирга, 8 та ана шундай қопқонни республикамизнинг бошқа ҳудудларида ўрнатиш ишлари олиб бориляпти
ва улар ҳам жорий йилнинг 1 июлига қадар тўла ишга туширилади.
Марказда замонавий ALEX мультиплекс аллергочип ёрдамида 282 та аллергенларга сезгирлик текширувлари бепул ўтказилиб келиняпти. Ўтган бир йилда 1 021 нафар беморда ушбу усулда аллергияга таъсирчанликни ўрганиш натижасида, сарв (кипарис), қорақайин, финик пальмаси, зайтун, оқ қайин, қора терак, юнон ва ўрмон ёнғоғи дарахтлари гул чангларига нисбатан аҳолининг аллергияси юқорилиги аниқланди. Яъни, бу дарахтларнинг энг кўп аллергия чақириши маълум бўлди. Шу боис улардан шаҳарни ободонлаштиришда фойдаланиш тавсия этилмайди.
Баҳор мавсумида Тошкент шаҳрида 13 турдаги манзарали дарахтлардан гулчанглар кенг тарқалиши аниқланиб, энг кўп ҳолатлар қарағай ва сарвда, кам жиҳатлар эса тол, эман, қайрағоч ва шумтол дарахтларида кузатилди. Тадқиқотлар қайин гулчангларининг юқори аллергенлигини ҳамда сарвга нисбатан аллергиянинг кенг қўзғатишини кўрсатди. Чинор, жўка, эман, мажнунтол чанги концентрацияси жуда юқори бўлишига қарамай, уларга нисбатан тадқиқотда қатнашган аҳоли орасида аллергия аниқланмади. Шунга кўра, турар-жой объектлари атрофида бу дарахтларни экиш тавсия этилади.
Ҳудудларда терак дарахтини кўпайтиришда аллергик реакциялар юзага келишининг олдини олиш бўйича ҳам тавсиялар ишлаб чиқилди. Тадқиқотларга кўра, терак ва унинг пахмоқлари бевосита аллергик реакцияга сабаб бўлмайди. Уни терак пахмоқларига жойлашиб олган бошқа ўсимликларнинг гулчанглари ёки зарарли моддалар, чанг зарралари қўзғатади.
Терак (оналик тупидаги) пахмоғи ана шу чанг ва гулчангларни ўзига сингдириб олади (адсорбция) ва ташувчи сифатида кўз ва бурун шиллиқ пардалари орқали аллергияга мойил одамларда аллергик ҳолатни юзага келтиради. Шунга кўра, теракнинг аллергенлиги билвосита ҳисобланади.
Тадқиқот натижалари асосида, маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мослаштирилган аллергенсиз дарахт ва буталар рўйхати шакллантирилди. Унга мувофиқ, аҳоли яшаш жойлари ва йўл чеккаларида “Мирза терак”, “Қизил терак”, “Тоғ терак”, “Туранғил терак”, “Оқ терак”, “Болле терак”, “Калифорния тераги”, “Бақа (бахофена) терак” турлари асосида олинган навлар тавсия қилинади. Аксинча, аллергияни қўзғатишда адсорбентлик хусусияти юқори бўлган “Қора терак” ва “Кўк терак” навларини экиш тавсия этилмайди.
Тераклар экиладиган майдон ва унинг атрофида сарв, хурмо, зайтун, қайин, ёнғоқ каби дарахт ва буталарни етиштириш аллергия нуқтаи назаридан мақбул саналмайди. Шунингдек, гулчанги аллергия қўзғатувчи ҳисобланадиган шувоқ, қичитқи ўт каби ёввойи ўтлардан теракзорларни тозалаб туриш лозим.
Терак дарахтларининг аллергик таъсирини камайтириш мақсадида, уларни каштан, оддий эман, дала чинори, оқ акация каби кам аллергенли дарахтлар билан биргаликда экиш мақсадга мувофиқ бўлади.
— Вазирлигимиз томонидан “Терак етиштириш, экиш, кўпайтириш ва парвариш қилиш” бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилди, — дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги бўлим бошлиғи Актам Далиев. Мутахасисларимиз ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Халқаро алергология маркази масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилган. Гуруҳ аъзолари ҳудудларнинг ўзига хос тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда, терак навларини танлаш, уни бошқа дарахтлар билан биргаликда экишни ташкил этиш ва парваришлаш бўйича жойларда амалий семинар ва тақдимотлар ташкил этиляпти.
Мухтасар айтганда, терак нафақат халқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқаришида, балки ободонлаштириш, иҳота майдонларини ташкил этиш ва экологик тозаликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Лекин у оқ ёки кўк терак бўлишидан қатъи назар, мутахассисларнинг тавсияларига амал қилган, ер-тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда экилса, янада фойдали бўлади, юртимизни яшилликка буркашга кўпроқ хизмат қилади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









