Тажриба алмашиш Сафар иқлим шароити Ўзбекистон иқлимига ўхшаш бўлган Айдаҳо ва Юта штатларида бўлиб ўтди.
Ушбу сафарнинг асосий мақсади кичик аҳоли пунктларида марказлашган ва марказлашмаган оқова сув тизимлари, оқова сувларни тозалаш технологиялари ҳамда ижтимоий объектлар инфратузилмаси билан танишишдан иборат бўлди. Сафар давомида эътибор асосан таълим ва тиббиёт муассасаларида санитария ва оқова сувларни тозалаш масалаларига қаратилди.
Мазкур хизмат сафари АҚШ тажрибаси асосида Ўзбекистоннинг учта вилоятидаги учта қишлоқ мактабида “Soakaway” (септик инфильтрация тизими) автоном оқава сув тизимлари ва ҳожатхоналар қуриш бўйича амалга оширилаётган пилот-лойиҳа доирасида ташкил этилди. Делегация таркибига Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси” ДУК, Туризмни ривожлантириш қўмитаси, “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда “Қишлоқ Қурилиш Лойиҳа” ДУК вакиллари кирди.
Сафар давомида делегация аъзолари оқова сувларни тозалашнинг турли тизимлари, жумладан, канализация лагуналари (биопрудлар), шаҳар оқава сувларини тозалаш иншоотлари, мактаблардаги “Soakaway” септик инфильтрация тизимлари билан танишдилар ва септик ҳамда инфильтрация камераларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга ташриф буюрдилар. Шунингдек, делегация Айдаҳо ва Юта штатларидаги мактаблар, шифохоналар ва университет кампусларида бўлиб, ижтимоий объектлар учун инфратузилмавий ечимлар билан танишдилар, деб хабар беради Стратегик ислоҳотлар агентлиги матбуот хизмати.
Олинган тажриба, аввало, Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларидаги мактаб ва шифохоналардаги санитария шароитларини яхшилашга, шунингдек, шаҳарлардаги оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилишга қаратилган.