Ўқишни кўчириш: нега кўпчилик давлат олийгоҳларида ўқишни истайди?

    Мамлакатимизда олий таълим муассасалари талабалари учун ўқишни кўчириш бўйича аризалар қабул қилинди. Амалдаги тартибга кўра, жараён 15 июлдан 5 августга қадар давом этиши белгиланди. Қоидалар аниқ, бу бўйича такрор эслаб ўтиришга ҳожат йўқ, назаримизда.

    Жараён давомида кимдир хориждан ўқишни кўчириш учун ҳужжат топширди, кимдир эса оилавий шароитидан келиб чиқиб, яъни юртимизнинг бир ҳудудидан бошқа ҳудудига кўчгани сабабли ўқишни ҳам кўчиришга мажбур. Бироқ яна бир тоифа борки, улар хусусий университетлардан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчирмоқчи бўлган талабалар.

    Аслида, давлат олийгоҳлари ва хусусий олийгоҳлар мавзуси анча катта ҳамда баҳс-мунозараларга бой. Дунёдаги энг машҳур университетларнинг асосий қисми хусусий. Улар фақатгина жойлашган мамлакатининг қонунларига риоя қилади, таълим жараёнини эса мутлақ мустақил тарзда белгилайди, давлат ҳам уларни молиявий томондан таъминлаш мажбуриятини олмайди. Бундай ҳолатда ОТМлар ўз келажаги учун ўзи ҳаракат қилишга мажбур. Акс ҳолда, йиллар давомида йиғилган обрўсидан ҳам, маънавий ресурсларидан ҳам ажралиб қолиши ҳеч гап эмас. Айнан шу ҳаракатчанлик туфайли бу олийгоҳлар дунёнинг турли бурчакларидан абитуриентларни ўзига оҳанрабодай тортади, уларда таълим олиш миллионларнинг орзусига айланади. Яъни уларга ишонч ниҳоятда баланд.

    Бироқ мамлакатимизда ташкил этила бошлаганига ҳали кўп бўлмаган хусусий олий таълим муассасаларининг ҳаммаси ҳам юртдошларимиз ишончини тўла қозона олди, дея олмаймиз. Сабаби, уларнинг аксарияти фаолиятида фақатгина моддий манфаатни биринчи ўринга қўйиб олганки, “абитуриентбай” тартибда мижоз жалб қилаётгани ҳақидаги гап-сўзлар тез-тез қулоғимизга чалинаётир. Бу эса уларга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқармоқда. Аслида, табиий ҳол. Чунки ҳеч ким ўзи ишонмаган муассаса билан ҳамкорлик қилишни истамайди.

    Хусусий олийгоҳларнинг кўпчиликка манзур бўладиган бир жиҳати бор — уларга кириш нисбатан осон. Айнан шу омил аксарият хусусий олийгоҳларнинг яшовчанлигини таъминлаб келяпти, десак муболаға бўлмайди. Хусусий олийгоҳлар кўпайиши билимига ишонмаган абитуриентлар учун ўзига хос “формула” яратди. Айрим ёшлар “Ҳеч бир имтиҳонсиз хусусий университетлардан бирига кириб оламан ҳамда бир йил ўқиб, давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчираман”, деган режа тузади. Қарабсизки, охирида давлат олийгоҳига юқори балл олиб кирган талаба билан бир хил дипломга эга бўлади. Олий таълим муассасалари орасидаги ўқишни кўчириш учун ҳам тест имтиҳонлари жорий этилиши бу оқимни сезиларли камайтирди, бироқ шу ҳолатда ҳам кириш балларидан ўқишни кўчириш имтиҳонлари баллари пастроқ бўлиши “формула”­ нинг долзарблигини сақлаб қолмоқда.

    Талабаларнинг хусусийдан кўра, давлат олийгоҳларида ўқишга кўпроқ қизиқиши тўлов миқдори билан ҳам боғлиқ. Хусусий олийгоҳлардаги тўлов-контракт суммалари бугунги кунда ўртача 12 миллион сўмдан бошланади. Давлат олий таълим муассасаларидаги энг талабгир йўналишларда эса контракт миқдори стипендиясиз 7 миллион сўмдан сал ошиқроқ. Орадаги тафовут сезиларли. Бу фарқни 4 йилга кўпайтирсангиз эса “тежалган” маблағ янада кўпдек туюлади. Яқинда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов “Лолазор” лойиҳасига берган интервьюсида давлат олий таълим муассасалари зарарига ишлаётгани, битта талабанинг тўлаётгани контракт суммаси уни, аслида, бир ўқув йили ўқитиш учун етмаслигини билдирди. Шу туфайли бундан буён контракт суммалари босқичма-босқич ошириб борилишини маълум қилди.

    Тўлов-контракт миқдори оширилиши талабалар ҳамда ота-оналар учун “ёмон” хабар, бироқ унинг бозор талаблари асосида бўлиши юқорида таъкидлаганимиз ўқишни кўчиришлар камайишига сабаб бўлади.

    Яна айрим талабалар эса хусусий ОТМларга қараганда, давлат ОТМларининг обрўсини юқори ҳисоблагани туфайли уларда ўқишни орзу қилади. Сўровномаларга кўра, бундай талабалар ҳам ўқишни кўчирувчилар орасида кўпчиликни ташкил этади. Хўш, бу нима дегани? Демак, хусусий олий таълим муассасалари ҳозирча обрў ва ҳурмат жиҳатдан давлат олийгоҳлари билан баҳслаша олмайди. Бунинг сабаби эса айримларини истисно қилганда, хусусий университет соҳаси бизда ҳозиргача тўлиқ такомиллашиб улгурмади. Одатда ривожланган мамлакатларда энг кучли лабораториялар ҳам, энг яхши тадқиқотчилар ҳам, асосан, хусусий ОТМларда. Биздаги хусусий олийгоҳларнинг аксарияти эса ҳали бу борада “йўл бошида”. Демак, айрим хусусий олийгоҳлар “пул ишлаш”дан ортиб, илмий салоҳиятини оширишга эътибор қаратиши лозим.

    Оллаёр Чориёров ҳозир Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 3-курсини тамомлади. У мазкур олийгоҳда 2-курсдан бошлаб ўқияпти.

    — Тўғриси, давлат университетларига кетма-кет икки йил кира олмаганим учун машҳур хусусий университетга ҳужжат топширдим, — дейди у. — Бу ерга ўқишга кириш унчалик қийин бўлмади, фақатгина суҳбат орқали қабул қилишди. Рости, хусусий университетдаги шароитлар ҳавас қилса арзигулик, ўқийман, деган талабага ҳамма шароитлар бор. Камига 2-курсдан кейин ўқишнинг қолган қисмини хорижда давом эттириш имкониятини ҳам тақдим этади. Лекин шунча устунликларига қарамай, барибир давлат олийгоҳида ўқиш орзумни унута олмадим. Бу ҳақда ота-онамга айтганимда бошида ҳайрон бўлишди, бироқ орзум армон бўлмаслиги учун розилик беришди. Мана, давлат олийгоҳидаги бир йилимиз ўтди. Насиб этса, магистратура босқичида ҳам айнан шу олийгоҳда ўқимоқчиман.

    Талабаларнинг хусусий олийгоҳлардан давлат ОТМларига ўқишни кўчиришига сабаблар етарлича, бироқ агар уларнинг натижаси дипломли бўлишни осонлаштиришга олиб келадиган бўлса, талаблар янада кучайтирилиши лозим.

    Жонибек АЛИЖОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates